№1, 01.01.2015 ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР
ТАБАРРУК МОМОЛАР
Балиқчи туманида узоқ йиллар эл-юрт хизматида бўлиш билан бирга, оиласини рисоладагидек бошқариб, оқил фарзандларни камолга етказган кўплаб табаррук момоларимиз яшайди.
Айниқса, фарзандлари, эл-юрт эъзозида яшаётган бириси 102 ёшини, бириси эса ўзининг 100 ёшини қарши олаётган опа-сингиллар Тошхон момо Бозорова ва Меҳмоной момо Ҳайдароваларни каттаю кичик чексиз ҳурмат билан тилга олади.
Бу икки опа-сингил момолар ҳаётда кўп яхши-ёмон кунларни, қувончу ташвишларни бошидан ўтказганликлари, ёшлик йиллари ғоят машаққатли кечганлигини набираларига, ёшларга кўп бор гапириб беришган.
- Хали 12-13 ёшлик пайтимиздаёқ, елкамизга кетмон илиб далага чиққанмиз, - дейди Меҳмоной момо ёшлик йилларини эслаб. - Болалик гашти нималигини билмай, катталар билан бир қаторда ғўза чопганмиз, ариқ тозалаганмиз. Фақат қорин тўйғазиш учун ишлардик. Колхозда ипак қурти боқиш, қўйингки, нимаики иш бўлса, бажаришга мажбур эдик.
Айниқса, уруш йилларини эсласам, кўзимга беихтиёр ёш келади. Одамлар қанчалар хор-сарсон бўлган, кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлашарди. Қанча йигитлар урушга кетиб қайтмади, қанча ёш аёллар бева қолди.
Тошхон момо турмуш ўртоғи раҳматли Деҳқонбой ота билан бирга 8 нафар ўғил-қизни солиҳ, камтарин ва меҳнатсевар инсонлар қилиб вояга етказишди, эл-юрт қаторига қўшишди. Бугун момо 44 набира, 52 чевара, 2 эваранинг севимли бувижонисидир. Гулистон қишлоғи аҳли учун табаррук бўлган момо бугун ўғли Ҳасанбой ака, келини Раҳимахон опалар ардоғида бугунги кунидан мамнун бўлиб, кексалик гаштини сурмоқда. Онахонни йўқлаб келгувчи, унинг дуосини олиш ниятида нафақат қариндош-уруғларнинг, балки маҳалла аҳли, момони биладиган жуда кўп одамларнинг қадами ушбу хонадондан узулмайди.
Синглиси Меҳмоной момо эса Бўстон қишлоғида яшайди. Ўғли Бозорбой ака ва келини Маҳфузахон опалар, унинг невара келинлари табаррук онахоннинг парваришига алоҳида эътибор қаратишади. Шундан бўлса керак, 22 набира, 34 чеварали бўлган онахоннинг сўзлари дадил. Невараю чевараларининг ҳар бирини исми билан чақиради, уларга панд-насиҳат қилиб чарчамайди. Очиғи, онахоннинг ширинсуханлиги, ҳикматга тўла ўгитлари, ҳаётий ҳикояларини эшитиб, у билан қайта-қайта суҳбатлашгингиз келаверади.
- Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, шундай тинч, дориломон кунларда яшаб турибман, - дейди Меҳмоной момо. - Бу кунларни қадрига етиш керак, эсимни таниганимдан буён бугунгидай тўкинчиликни кўрмаганман.
Қувонч-ташвишларга тўла ҳаёт йўллари билан ҳамқишлоқлари, бутун юртдошларимизга ибрат бўлиб, эркин ва фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, эл-юртга тинчлик, тўкинлик тилаб, ҳамиша дуода яшаётган бундай табаррук момоларимизни ҳар қанча эъзозласак камлик қилади. Чунки уларнинг дуолари билан ҳаётимиз файзлидир. Қолаверса, муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий йил "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилинганлиги ҳам бежиз эмас. Бу табаррук нуронийларимиз ҳамиша халқимиз эъзозида эканлигининг бир мисолидир.
Барнохон ҲАЙДАРОВА,
Балиқчи тумани.
|