№1, 01.01.2015 ФАОЛ МАСЛАҲАТЧИЛАРИМИЗ
ЮКСАК МАЪНАВИЯТ КОМИЛЛИККА ЕТАКЛАЙДИ
Андижон тумани, Хортум қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Ю. Мамажонов номли маҳалла нафақат тумандаги балки, вилоятдаги энг намунали маҳаллалардан бири.
Ушбу маҳаллада барча йўналишлар бўйича ишлар намунали ташкил этилган. Бунда албатта, маҳалланинг диний маърифат, маънавий ахлоқий-тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшаной Раҳимованинг хизматлари беқиёс. Опа мазкур вазифада ўн йилдан буён фаолият кўрсатади. Ўз ишига жиддий эътибор ва масъулият билан ёндашади. Мухтасар қилиб айтганда, маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини, тинчлик ва осойишталикни, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси борасида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилмоқда.
- Маҳалламизда 2574 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Равшаной опа Раҳимова. - Ҳар бир оилани яхши биламан, ким нимага муҳтож, қайси оила қандай имкониятга эга. Ана шундан келиб чиқиб, иш юритишга ҳаракат қиламан. Маҳалла фаоллари билан биргаликда бирор бир масала ёки муаммонинг ечимини ўз вақтида топиш учун зарур чоралар кўрилади.
Киши ким бўлишидан қатъий назар маънавиятли бўлиши керак. Маънавиятли одамда одоб-ахлоқ, инсонийлик, масъулият, эл-юрт ишига фидойилик бўлиши шубҳасиз. Бу энг аввало, ана шу аҳоли билан ишлаётган маслаҳатчининг ўзини юксак маънавиятли бўлишини тақазо этади. Шу боис ҳам доимо ўқиб, ўрганишга, изланиб ишлашга ҳаракат қиламан.
Дарҳақиқат, опанинг ана шу мезонни ўз фаолияти учун бош шиор қилиб олганлиги бежиз эмас. Чунки маънавият ва илм инсонни комилликка етаклайди. "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллаганлиги ҳам Равшаной опанинг ўз ишига фидойиси ва юксак маънавият соҳибаси эканлигини кўрсатади.
Ишда талабчан, тиниб-тинчимас опанинг самарали фаолияти, хизматлари эътироф этилиб, республикамиз мустақиллигининг 20 йиллиги кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Инсон юксак марраларга эришиши учун кўп меҳнат қилиши, ўз ишининг билимдони ва жонкуяри бўлиши керак. Равшаной опа ушбу хислатларни ўзида мужассам этганлиги учун ҳам қатор ютуқларга эришмоқда. Энг муҳими, юртимиз тинчлиги, ободлиги ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
- Обод ва озод юртимизга кўз тегмасин, - дейди опа. - Йилдан йилга юксалиб бораётган юртимиз равнақи учун хизмат қилишдан ҳеч ким четда турмасин. Орамиздан ҳамжиҳатлик кўтарилмасин. Тинчлик ва ҳамжиҳатлик бор жойда албатта, юксалиш бўлади. Мамлакатимизда "Кексаларни эъзозлаш йили" деб аталган ушбу йил барчамизга бахт ва омад келтирсин. Маҳаллаларимиз гуллаб-яшнайверсин.
Ҳа, ана шундай эзгу ниятлар билан яшаётган, юрт ишига камарбаста бўлаётган вилоятимиздаги барча маҳалла маслаҳатчиларнинг олиб бораётган ишларида муваффақият ёр бўлсин.
Хосият СИДДИҚОВА.
|