№2, 08.01.2015 Кўнгил битиги
ОНА МАКТУБИ
Салом, Ватан ҳимоясига бел боғлаган алп ўғлоним! Омонмисан? Саломатлигинг, аҳволларинг яхшими? Болалигинг ўтган остонани - уйингнинг соғинчларини аскарлик завқ-шавқи билан енгаётганингни қалбимдан ҳис этиб турибман.
Ўғлоним, кечагина ёнгинамда чопқиллаб юрган бола эдинг. Йиллар ўтганини, анчагина улғайиб йигитлик оламига кириб келганингни сезмай қолибман. Буни фақат ҳарбий хизматга чақирув қоғози келгандагина билдим. Ўшанда юрагимдан қандай туйғулар кечганини сенга таърифлаб беролмайман.
Болажоним, мана бугун юртимиз сарҳадларининг ҳимояси учун ҳарбий хизматни ўтаяпсан. Аскарлик заҳматларига елка тутиб, болалик бағридан бутунлай йироқлаганингни ўзинг ҳам сезаётгандирсан. Олис манзилда, ота-онанг, яқинларинг қадри билинаётганини ҳис қилаётгандирсан.
Ўғлоним, аслида ҳарбий хизмат нима учун кераклигини биласанми? Ҳарбий хизмат сенга юрт тинчлиги, осуда ҳаёт қадрини яна бир бор чуқур тушунишингга ёрдам беради. Аскарлик сенга онангни, опа-синглингни ардоқлашни, уларнинг меҳнатлари қадрига етишни ўргатади. Сабаби, ҳарбий хизмат давомида сен ўз уйингда қилмаган рўзғор юмушларининг машаққатини ҳам ҳис қиласан. Демакки, аскарлик ҳар бир йигитни нафақат ватан ҳимояси учун, балки ҳаёт синовларига-да бардошли қилиб тарбиялайди.
Бугун телевизорда аскарларни кўрсатишди. Уларнинг машғулот жараёнларидан тайёрланган лавҳаларни кўриб, сенинг ҳам худди шундай хизмат қилаётганингни кўз олдимга келтирдим. Ва бундан ғурурланиб кетдим. Кўзларимга ёш келди.
Қара, умр ҳам бир зумда ўтиб кетибди. Сени аскарликка чақиришганда, безовта қалбим "қачон ҳарбий хизмат тугайдию, болам қачон бағримга қайтади?" дея типирчилаганди. Бироқ сенинг қасамёдинг куни бу ҳис мени тарк этиб, ўрнини чексиз фахр туйғуси эгаллади. Бу туйғу ҳамон юрагим тўрида, мени фақат дуоларга ундаб турибди.
Болажоним, хонадонимиз фаришталари буванг ва бувингдан ҳам катта салом! Уларнинг дуолари ҳамиша сени қўллаб туришига ишонаман. Даданг сен ҳақингда ғурурланиб гапиришларини кўрсанг эди... Ҳатто куни кеча жиянинг ҳам "мен ҳам тоғам каби аскар бўламан", дея аскарларга хос юриш билан бизни хушнуд этди.
Ўғлоним, ана шу ишончларни оқлашингга ишонаман. Ҳамиша омон бўл, бошинг тошдан бўлсин...
Сени соғиниб онанг.
Мактубни оққа кўчирувчи ЗИЛОЛА.
|