№2, 08.01.2015 Турмуш чорраҳаларида
Қиз боланинг қалби ўйинчоқми?
Исмим Мафтуна. Олий маълумотлиман. Ота-онам, ака-укаларим нуфузли ташкилотларда фаолият юритишади. Ўзим ҳам обрўли ўқув даргоҳларидан бирида дарс бераман, ўзимга яраша ҳурмат-эътиборим бор. Айни кунларда мени тобора ўз домига тортиб олаётган сароб ва бу сароб ичидаги охирию жавоби йўқ саволлар қуршовида чорасиз қолганман. Мен учун гўёки на ортга йўл бор ва на олдинга...
Хуллас, ўтган йили бир йигит билан танишиб қолдим. Унинг касби иқтисодчи экан. Узоқ бир қишлоқдан шаҳарга келиб, банкда ишларкан. Бошида шунчаки эрмакка йўғрилган танишлигимиз, бора-бора дўстона тус ола бошлади. Биз телефонда соатлаб суҳбатлашадиган, дардлашадиган бўлдик. Кўришганимиздаги дийдор дамларида суҳбатлашиб тўймасдик. Назаримда гўё икковимиз ҳам бир-биримизнинг орзуимиздаги инсон эдик.
Шундай кунларнинг бирида йигит менга кўнглини очди. Очиғи Санжар акани орзуимдаги шаҳзода, кўнглимдаги инсон тимсолида кўрганим учун изҳоридан бошим айланиб, ўзимни дунёдаги энг бахтиёр қиз деб билдим. Бу ҳақида ҳамма сиримдан бохабар онажонимга гапириб бердим. Меҳрибоним сочларимни силаб, мени узоқ дуо қилдилар ва Аллоҳдан бахтимни сўрадилар.
Биз Санжар ака билан учраша бошладик. Йиллар давомида кутганим, орзуимдаги йигит ёнимдалигини кўриб, қувончим дунёларга сиғмасди. У ҳам мен билан биргалигидан саодатли эканини айтишдан чарчамасди-ю, аммо негадир кўзларининг туб-тубида изтироб ва хавотир акси сезиларди. Учрашувларимиз мобайнида бирор марта бўлсин, "совчи жўнатаман", "турмуш қурамиз", демасди. Ваҳоланки, биримиз 27, биримиз 25 ёшни қоралаётгандик. Бундан қанчалик хавотирланмай, зум ўтмай кўнглимдаги зимистонликни суюкли инсонимнинг меҳр тўла нигоҳлари, самимий изҳорлари батамом тарқатиб юборарди.
Шу зайлда орадан олти ойча вақт ўтди. Санжар аканинг нигоҳларидаги дард тобора аёнлашиб, менинг кўнглимдаги бехаловатлик эса авж ола бошлади. Назаримда, у менга ниманидир айтмоқчи эди-ю, айтолмасди, уни қандайдир дард азобга солардию, ошкор этолмасди. Мен эса унинг ёнида ўзимни бепарво тутишга уринардим. Негаки, бирор бир нохуш гап эшитишдан чўчирдим. У ёқда онам, "Болам, совчилари қачон келаркин, қиз болани вақтида узатган маъқул", деб ҳар куни кўзларимга тикилганлари тикилган. Мен нима деб жавоб беришни билмайман. Санжар ака эса ўша-ўша, муносабатларимиз аввалида қандай бўлса, ўшандайлигича, ҳеч ўзгармасди...
Вақти келиб у ўзгарди. Энди аввалгидек тез-тез қўнғироқ қилмайди. Учрашувлар ҳам кескин камайиб борар, онда-сонда телефон орқали гаплашамиз, ўшанда ҳам мен қўнғироқ қилсам, икки-уч оғиз ҳол сўрашишдан нарига ўтмай, кўпи билан уч дақиқага бориб-бормай узилишардик. Бу ҳолдан эзилиб кетардим, кўз ёшларим қуйилиб, юзларимни ёндирар, мендан кўнгли совидими, деган нохуш хаёл юрак-бағримни ўртаб, азоб берарди. Кейинги пайтларда қўл телефони кўпинча ўчирилган бўлади, бандман, кейинроқ гаплашайлик, деган гаплар билан алоқани узиб қўярди.
Шубҳа ва гумонлар ичида жизғанак бўлиб, аросатдан чиқиш йўлларини излаб юрган кунларимнинг бирида Санжарнинг энг яқин дўсти Муслимбек ака қўнғироқ қилди. Уни ҳам қисман танирдим. Яқин кунларда унинг тўйи бўлишини Санжар акадан эшитгандим. Тўйга айтгани қўнғироқ қилган, деган хаёлда салом-аликдан сўнг, шоша-пиша уни табриклаган бўлдим.
- Раҳмат. Илоҳим сизга ҳам яхши жойлардан ато этсин. Ўзингизга муносиб одамни учратиб, дунёдаги энг бахтли оилалардан бирига бекалик қилинг!
Тўғриси, ундан бошқача жавоб кутганим учун, бу эътирофидан дарду дунёим қоронғулашиб, юрагим орқага тортиб кетди. Суҳбат мавзуси айланиб, мен ва Санжар акага тақалди.
- Учрашиб, гаплашиб турибсизми?
- Телефонда гаплашиб турибмиз... Анчадан бери кўришолмаяпмиз. Ишлари кўпдир-да.
Мужмал жавобимдан ўзим қониқмадим. Нега ўзимни ўзим бунча қийнашим керак?! Санжар ака менга нисбатан бутунлай ўзгарган, балки яқин дўсти унинг изтиробларидан бохабардир? Башарти, мени севмай қўйган бўлса, Муслимбекнинг хабари бордир? Муносабатларимиздаги салбий ўзгариш, Санжар аканинг ўзини тутиши ҳақидаги гапларимни эшита туриб Муслимбек, "У мени севмай қўйган ёки аввал бошдан мутлақо севмаган" деганимда, фикримни шарт бўлди:
- Адашяпсиз, Мафтуна! У сизни биринчи бора гаплашганинглардаёқ ёқтириб қолган. Бу ёқтириш қалбида кучли муҳаббат пайдо қилган. У сизни, фақат сизни севади.
- Унда нега?..
Кўнглим бузилиб, томоғимни алланима ачиштира бошлади.
- Сиз уни нотўғри тушунасиз деб қўрқаман, - суҳбатдошимнинг овози титраб чиққанини сезиб, дарҳол сергак тортдим:
- Нима гап, Муслимбек ака? Илтимос, тўғрисини айтинг, тинчликми?
- Ҳалиям тўғрисини айтиш учун қўнғироқ қилганман. Фақат сиз нотўғри тушунмасангиз бўлди.
- Майли, эшитаман, сиз мендан хавотирланманг. Ҳаммасини билсам бўлди, тинчликми?..
Ўша фурсатлардаёқ юрагим нохушлик ҳидини сезиб бўлганди. Аммо... аммо нохушлик, умуман, мен хаёлимга келтирмаган томондан бўй кўрсатди. Муслимбек, чайнала чайнала, бундан беш йил илгари ўртоғининг ота-онаси Санжарнинг кўнгли билан ҳисоблашмай, уйлантириб қўйишгани ҳақида гапира бошлади (бу гапни ҳозир ёзяпману, лекин эшитгандаги аҳволимни тасвирлаб беришим жуда қийин). Иккита ширингина ўғли ҳам бор экан. Хотини чиройли, одобли, хушмуомала, қўли гул аёл экану, Санжар аканинг эса унда кўнгли йўқмиш. Муслимбекнинг айтишича, аввалига мен билан танишлигига шунчаки эрмак сифатида қараб, эътибор бермаган экан, кейинчалик менга нисбатан кўнглида илиқлик уйғонганида эса, "мен уйланганман, орқа-олдимга қараб, иш тутишим керак" деб ўзини четга тортиш ўрнига, менга севги изҳор қилган экан. Бора-бора бу пинҳоний муҳаббатнинг келажаги йўқлигини англаб, қайғуга ботибди. Бир томонда кўнгли бўлмаса-да, кўз очиб кўрган хотини ва кўзини қувонтирадиган гулдай ширин фарзандлари, бир томонда эса уни тушунадиган, кўзларига қараб дардини ҳис этадиган, уни жонидан ортиқ кўрган қиз - мен турибман. Мени деб улардан, уларни деб мендан воз кечолмаслигини айтиб, дўстига ҳасрат қилибди.
Икки қайиққа оёқ қўйган одам охир-оқибатда ғарқ бўлиши муқаррар. Мен эса унинг оиласи бузилиб кетишини, икки ўғли тирик етим ўсиб, бир аёлнинг бахти ярим бўлишини истамайман. Ўзимга яраша обрўйим, ғурурим, шаъним бор. Бировнинг бахтига чанг солиб, эл-юрт олдида қандай бош кўтариб юраман? Ота-онам-чи, улар мени шу умидларда улғайтириб, эл қаторига қўшишганмиди?
Санжар акадан нафратланиб кетдим. Ғазаб ва алам устида дунёдаги бор ҳақоратларни ёзиб "SMS" жўнатиб юбордим. Зум ўтмай жавоб келди: "Сени тўғри тушунаман. Аслини олганда, мен сен айтган ҳақоратлардан баттарига лойиқман. Аммо сени севаман! Илтимос, шуни унутма..."
Ўксиниб-ўксиниб йиғладим. Поймол бўлган ишончимга, соғинчда чеккан изтиробларимга куйиб-ачиниб ёш тўкдим. Санжар ака билан танишлигимиздан, муносабатларимиздан онам ҳам, дугоналарим ҳам хабардор эди. Энди уларга нима дейман? Синган кўнглимни қандай бутлайман? Энди нима қиламан? Нега йигитлар қизларнинг кўнгли билан ҳисоблашишмайди? Нима учун уларга қизларни, аёлларни истаганча алдаш, юрагини забт этгандан кейин эса индамай ташлаб кетиш осон? Нега йигитлар виждони олдида ўзини тафтиш қилмайди? Нимага улар кўнгил аталмиш буюк меҳвар Аллоҳнинг уйи эканини, уни обод этганларнинг икки дунёси обод, вайрон қилганлар эса умрбод азобга қолишини ўйламайди? Қизларнинг гуноҳи нима? Соддалик қилиб, ўз орзуидаги йигитни учратганига ишонганими ёхуд кўнглига мос тушган йигит билан оила қуриб, бахтли бўлишини истаганими? Ахир, буларнинг ҳеч бири гуноҳ эмас-ку! Нега фақат қизлар, аёллар қийналиши керак? Қилғиликни қиладиган йигитлар эса ҳамиша "оппоқ" ва "бегуноҳ"!
Тўғри, салкам бир йилдан бери севишиб, учрашиб юрганимиз билан орамизда бирор "гап" бўлгани йўқ. Ўзимнинг олдимда ҳам, Худонинг олдида ҳам покман. Санжар акани ҳам бу борада ҳеч бир гуноҳи йўқ. Бироқ кўнгил билан ўйнашиш гуноҳлар ичида энг олий гуноҳ-ку!..
Бу ёғига қандай яшайман, билмадим. Ёшинг ўтиб пайдо бўлган муҳаббат бедаво дардга ўхшаркан. Уни унутолмайсан, унутиб ҳам хотиржам яшолмайсан...
Санжар акани ҳалигача севаман. Бу гапимдан кейин мендан нафратланишингиз тайин, аммо нима қилай, кўнгил қурғур ундан ўзгасини тан олмаса. Яхшилар, менга маслаҳат беринг, бу "дард"дан тезроқ халос бўлиш йўлларини кўрсатинг.
Сизлардан маслаҳат ва таскин кутган Мафтунанинг изтиробларини
Баҳор оққа кўчирди.
|