Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№3, 15.01.2015

2015 йил - "кексаларни эъзозлаш йили"

УСТОЗЛИК БАХТИ

Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати бор. Инсон қачонки ўз касбини севса, унга чин юракдан меҳр қўйсагина, ҳақиқий мутахассис бўлиб етишади.

Бунинг учун, албатта, тинимсиз меҳнат, изланиш, тажриба ва малакани ошириб бориш талаб қилинади. Шундай ақида билан 35 йил таълим тизимида меҳнат қилган Мавжуда опа Ҳакимова бугун ортда қолган умрига қараб қониқиш туяди. Чунки унинг ортидан касбини эгаллаган шогирдлари етук мутахассислар бўлиб етишиб чиқди. Уларнинг эришаётган ютуқларида эса ўзининг ҳиссаси борлигини билиш, ана шундай эътирофга мушарраф бўлишнинг ўзиёқ Мавжуда опага қувонч бағишлайди.

Мавжуда опанинг чет тилларга бўлган қизиқиши уни 1971 йили Тошкент чет тиллар институтига етаклади. Талаба бўлди. Илмга ташна, зуваласи пишиқ қиз ўқишда яхши натижаларга эришиб, устозлари назарига тушди. Бўлажак педагог сифатида ўқиб, изланди. Ўқишни тугатиб, мустақил ҳаётга қадам қўйди. Турмуш ўртоғи Абдурашид ака ўша вақтда Томскдаги олийгоҳда ўқирди. Мавжуда опа ҳам педагогик фаолиятини ўзга юртда, яъни Томскдаги 4-умумтаълим мактабида рус болаларига чет тилидан сабоқ беришдан бошлади. Сочлари узун ўзбек қизининг рус мактабида руслар билан тиллашиб, инглиз тили фанидан болаларга сабоқ бериши ўша ерлик аҳолини ҳайратга солганди.

- Инсон дунёга бир марта келади, - дейди Мавжуда опа. - Шундай экан, у умрини беҳуда ўтказмаслик учун иқтидори, имкониятларини чамалаб, тўғри касб танлай олиши керак. Шу ўринда, яъни касб камолотида устоз алоҳида ўрин тутади. Мактабда Надежда Мазитова, олийгоҳдаги устозим Борис Бондаренко, илк педагоглик фаолиятимни йўлга қўйишимда, Томскдаги 4-мактаб ўқитувчиси Нона Иллаиновна ҳамда Пахтаобод туманидаги 16-17- умумтаълим мактабларида кўп йиллар раҳбарлик қилишимда ўзининг маслаҳат ва кўмакларини аямаган. Ўша пайтлардаги туман халқ таълими бўлими мудири, марҳум Сайдолихон Абдуллаев каби устоз педагоглар менга кўп ёрдам берган. Уларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламан, улардан бир умр миннатдорман.

Мавжуда опа ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида туман маорифчилари орасида ҳурмат-эътибор топди. Кўплаб шогирдлар етиштирди. Матлубахон Эргашева, Арофатхон Аҳмадалиева, Саидахон Болтабоева... бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Улар бугунги кунда тажрибали педагог, моҳир устоз сифатида опанинг изидан боришмоқда. Байрамларда хонадонига йўқлаб келганларни, устоз деб ёдга олган ўқувчиларини кўрганда опанинг юраги хаприқади. Ўқитувчилик касбини танлаб янглишмаганини англайди.

- Илм, оила, жамоат ишлари... Мен учун шу уч бирликнинг энг муҳими, оиладир, - дейди Мавжуда опа Ҳакимова. - Мен оила бекаси, фарзандларимнинг онаси эканлигимни ҳис қилмаганимда, жамиятда ўз ўрнимни топа олмаган бўлармидим. Оилам бу, менинг ҳаётим. Жамиятдаги фаолиятим эса оилам билан ҳамоҳанг бўлган. Аёл оилам деб ўзидан кечмаслиги, ўзим, жамиятдаги касбим деб оиласини йўқотмаслиги керак. Бунинг учун аёл ўз имкониятларидан тўғри фойдалана олиши, мақсадга эришиш учун ҳаракат қилиб, ёниб ишлаши керак. Президентимиз ушбу йилни "Кексаларни эъзозлаш йили" деб атади. Бу билан яна бир бор биз ёши улуғларга эътибор ва эҳтиром кўрсатилди. Бугун нафақада бўлганлигим учун ҳам бу ғамхўрлик ва эътибордан бошим осмонга етди.

Мавжуда опа турмуш ўртоғи билан тўрт фарзандни - икки қиз, икки ўғилни тарбиялаб қаторга қўшишди. Саккиз нафар набираси атрофида парвона. Опа ҳаётни мана шу фарзандлари, жон ришталари билан боғланган. Ҳар илиқ сўз, меҳрли табассум, мададкорлик бу риштани янада мустаҳкамлайди.

Мен ўтган умрга розиман

минг бор,

Фарзандларга тилайман

умримга ўхшаш :

Суйилдим, эркаландим,

эркин яшадим,

Иззат нима билдим,

шу-да бир яшаш.

Шоирнинг бу сатрлари опанинг юрак қатидан чиққандай тилларига муҳрланган. Устозлик, аёллик бахти Мавжуда опа Ҳакимованинг юзига нур, юрагига қўр бағишлаши ҳам шундан.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди