Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№4, 22.01.2015

Ўзбекистон халқ шоири зулфия таваллудининг 100 йиллиги олдидан

БИР УМР УРИНДИМ ҚАЛБГА КИРМОҚҚА...

Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,

Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар.

Вақт етса, шу халққа қолар дафтарим,

Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим...

Мамлакатимиз Президентининг шоира Зулфия таваллудининг 100 йиллигини юртимизда кенг нишонлаш ҳақидаги қароридан сўнг шоира номи кўнгил байроғидек яна бир бош баландроққа кўтарилди десак, асло муболаға бўлмайди. Зулфияхоним ҳар жиҳатдан бундай эъзозга муносиб инсон эди. У халқимизнинг хотирасида вафо ва садоқат тимсоли бўлиб муҳрланиб қолган.

Улуғ шоирамизнинг портретига беихтиёр тикиламан: силлиқ таралиб, оддий турмакланган сочлар, самимий, ортиқча пардозсиз чеҳра, ўзларига жуда ярашиқли, шу билан бирга, сипо либослар... Менинг назаримда шу бетакрор сувратнинг ўзиёқ Зулфияхонимнинг абадиятга муҳрланганлигини кўрсатади.

Зулфияхоним, энг аввало, сувратида халқимиз, миллатимизга хос кўринишларни бешикаст, безавол, бутунлигича олиб ўтган. Йиллар тўфонларида турланиб, тусланмаган. Зулфияхоним шахсига халқ, айниқса, аёллар кеча ҳам яқинроқ боришга ҳаракат қилган, бугун ҳам - шу. Бу - шунчаки шоирага интилиш, шоирага муҳаббатнинг ўзи эмас. Зулфияхоним қиёфасидаги асл ўзбаки сувратга бўлган соғинч, ўша қадрдон қиёфага бўлган интилишдир, десак фикримиз хато бўлмайди.

Шоира фақат қиёфаси, сувратигина эмас, руҳиятида, шеъриятида ҳам халқимизга хос бўлган энг гўзал фазилатларни асраган.

Устоз шоиранинг "Ўрик гуллаганда" сарлавҳали машҳур шеъри бор:

Сени қўмсаб оқшом чоғида

Кириб келдим шу таниш

уйга.

Биз бир чоқлар яшаган

уйда

Тунаб қолдим хаёл-ла

бирга...

Бундай интиқлик, бундай интизорлик, бу шаклдаги қўмсашни ўз жуфтидан бевақт жудо бўлганлар яхши англайди. Лекин шундай ҳижронзадаликда ҳам, шундай айрилиқда ҳам шоира дод, фарёд кўтармайди, таскин, тасалли излайди ва топади.

...Бари ҳаёт, муҳаббат

каби,

Ҳамма ерда кўринар изинг,

Паррандалар нағма куйида

Жаранглайди товушинг,

сўзинг.

Халқимиз бошига бевақт айрилиқ кулфати тушган инсонларга: "Сабр - гўзал, сабр қил! Икки қўлингни осмонга кўтариб, фарёд қилма, худога хуш келмайди", дейди ва сабр қилганларни алқайди.

Дунё - кенг. Эҳтимол, ер юзидаги баъзи бир халқлар аёлни йўқликка кетган жуфтига қўшиб ўлимга ҳукм қилар, қайси бирлари учун бир умр қора либосга бурканиб, аза кийимда ўтгани садоқат белгиси ҳисобланар, лекин бизнинг халқимизда: "Кетганнинг кетидан кетиб бўлмайди", - дейди. Шу руҳда тарбияланган, шу руҳ бағрида улғайган шоира ҳижрон сатрларини:

Сен куйлаган ўрик шу кеча

Бурканди оқ - оппоқ чечакка.

Мен қадрдон хотира билан

Жўнаб кетдим уйимга якка.

- деб тугаллайди. Зулфия гарчанд дил кечинмаларини "якка" сўзига жо этган бўлса-да, шеърдан ўқувчи кўнглида ёруғ излар қолади.

Зулфияхоним шеъриятидаги некбинлик, ҳаётсеварлик ҳам айнан халқимиз руҳиятидан андозадир. Шоиранинг ҳар бир шеъри, ҳар бир сатрида халқимизга, фақат халқимизга хос фазилатлар бўртиб кўринади. Агар ижодкор билан сатрма-сатр бирга юрсангиз: "Йўқ душманим" деган иборага дуч келасиз. Ниҳоятда ўринли, гўзал топилма. Халқимиз тарихини вароқланг, кечаги куни, бугунини... Кимларга қучоқ очмаган, кимларга уй тўридан жой бермаган? Инсоният борки, улардан дўстлик излаган, дўстлик кутган. Хатто, кимдир айёрлик қилиб, панд берган даврларда ҳам ўзининг яхшилиги билан душманни дўст қилишга интилган.

Фақат ижодда эмас, ҳаётда, фаолиятда ҳам Зулфияхонимда ҳалқимизнинг энг гўзал фазилатлари мужассам бўлганлигини кўрамиз. Ахир, бежизга устоз Ғафур Ғулом таърифида: "Муаззам шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда..." дея ёзмаганлар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғованинг "Муҳаббат саройида мангу қолганлар" рисоласида "Ҳам келин, ҳам ўғил ўрнида" сарлавҳали хотиралар бор.

"- Комила бувидай аёл бошқа бўлмаган, - Зулфия опа ўз оналари қаторида ғоят азиз бўлган инсонга ҳурматлари кўзларидан балқиб жавоб қайтаргандилар,

- Ҳамид аканинг вафотидан кейин бир ярим йил ўтиб, аям ҳали ёш эканлигимни айтдилар, бир умр бундай яшаб бўлмаслигимни тушунтирдилар, "турмушга чиқинг", дедилар.

- Нега, аяжон уйингизга сиғмай қолдимми? - дедим. Шундан сўнг бу ҳақда гап очилмади..."

Савол-жавобни қаранг: ўша ўзбекона руҳ, ўзбекона одат ва ўзбекона иборалар. Ахир, биз дунёдаги қанча халқларнинг урфу одатларида: " Дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Шу жумладан, муҳаббат ҳам..." Ёки "Ҳаёт давом этади" тарзидаги нуқтаи назарлар борлигини биламиз-ку. Биз уларни таҳлил қилмаймиз, улар ҳақда ҳукм чиқармаймиз. Чунки бу - уларнинг ҳаёти. Лекин бизнинг жуфтлик ҳаёт мезони - вафо-садоқат. Биз аёлнинг аёллигини ўлчамоқчи, баҳоламоқчи бўлсак, тарозунинг иккинчи палласига вафо-садоқатни қўямиз.

Шоиранинг 29 ёшида севган инсонидан жудо бўлиб, 81 ёшигача ўша ўтли муҳаббатга вафо-садоқат билан яшагани ҳам айни ўзбекона қарашнинг, халқимиз аёлларига хос садоқатнинг кўриниши эмасми? Ахир иккинчи жаҳон урушида чимилдиқда қолган келинчаклар жангоҳлардан келган "қора хат"ларга ҳам ишонмай, бир умр уч кунлик, беш кунлик, бир ҳафталик ёстиқдошларини кутиб, сарғайиб яшаганларини биламиз-ку!

Зулфияхоним шеърияти ҳам, опа ҳақидаги барча хотиралар ҳам шоиранинг қалби, кўнгли, сўзлари, ҳар бир қадами ўзи туғилган, ўзи табаррук билган, ўзи севган тупроқ, шу ерда яшаган инсонлар билан чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатади.

Шоирадан адабиётимизга мерос бўлиб қолган китоблар номига диққат қилайлик: "Юрагимга яқин кишилар...", "Шалола", "Висол", "Қуёшли қалам..." Ҳар бир товуши, ҳар бир ҳарфида нур, ҳарорат, муҳаббат бор.

Бу нур, ҳарорат аро Зулфияхоним сиймоси ҳам нурланиб, муҳаббатланиб кўринади. Зулфияхонимнинг: "Қалбим қолган эди бу ерда" сарлавҳали шеърлари:

...Бутун халққа дилим бериб кетаман... - дея ниҳояланади.

Дарҳақиқат, шоира қалби шеърияти, у ҳақдаги энг гўзал хотиралар билан бизда - халқи-мизда қолди. Бу - "Ким ўз халқига ўхшаса, ўз халқининг бир парчасига айланса, унинг ҳаёти абадийдир", деган йиллар синовидан ўтган ҳақиқатнинг исботидир.

Мунаввара УСМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди