№4, 22.01.2015 Ёшлар фикри
БИЛИМ - ҚУДРАТЛИ КУЧ
Дунёда билимдан қудратлироқ куч йўқ. Билим билан қуролланган инсон ҳеч бир вазиятда қийналмайди. Одам қанчалик кўп билса, у шунчалик кучлидир.
Ана шу ақидага амал қилаётган бугунги ёшлар ҳам пухта билим олишга интилиб яшамоқдалар. Тенгдошларим орасида илмнинг энг юксак чўққиларини забт этаётганларни кўриб, ҳавас уйғонади юракда. Уларнинг ютуқлари беихтиёр барчамизни улар каби изланишга, ўқиб-ўрганишга чорлайди.
Инсон, аввало, ўз олдига катта мақсадни қўя билиши лозим. Мақсад қанчалар юксак бўлса, унга эришиш йўлидаги синовлар ҳам шунча машаққатли бўлиши табиий. Бу борада эса, шубҳасиз, яна илм, ўқиб, ўрганиш масъулияти туради. Юксак салоҳиятли, чуқур билимли кишигина мақсади йўлида оғишмайди, қийинчиликларни енга олади. Биз ёшлар эзгу мақсадимизга эришиш учун имкон қадар илм олишга интилишимиз керак.
Мен таҳсил олаётган Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият олийгоҳида дарс жараёнларига таълимнинг ноанъанавий ва инновацион усуллари кенг татбиқ этилган. Ўз бағрига иқтидорли йигит-қизларни жамлаган, шу билан бирга, уларнинг истеъдодларини юзага чиқишида қўллаб-қувватланаётганлиги менга куч ва шижоат бағишлайди. Мен олийгоҳда устозларимдан, илғор тенгдошларимдан олдимга мақсад қўйишни, унга етишиш учун тинмай изланишни ўргандим.
Бугун ўзбек ёшларининг кучи уларнинг эгаллаган билим ва малакаларида эканини унутмаган ҳолда биз ҳам Ватанимиз равнақи, юртимиз ободлигига ўз билимимиз, иқтидоримиз билан ҳисса қўшайлик.
Зулхумор АКБАРОВА,
ЎДСМИ талабаси.
|