Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№4, 22.01.2015

Ги Де МОПАССАН

МАРЖОН

У гўзал, жозибадор хонимлардан бўлиб, фақат тақдирнинг хатоси билан оддий хизматчилар оиласида туғилгандек эди. У машҳур бўлиш, бой ёки таниқли кишига турмушга чиқиш, суюкли ёри бўлишни на орзу ва на умид қилганди. Шунинг учун ҳам таълим бошқармасининг оддийгина ходимига турмушга чиққанди.

У содда бўлиб, ўзини кўз-кўз қилиш қўлидан келмасди, лекин ўзига ўхшаган бошқа аёллардан фарқли ўлароқ бахтсиз эди. Уларнинг табиий бўлмаган гўзаллиги, димоғдорлиги бу аёлларни олийнасаб хонимлар мақомида тутиб турарди.

У ўзини дунёдаги барча ҳашаму фароғатлар учун туғилгандек ҳис қилиб доимо азоб чекарди. Уйининг муҳташам эмаслигидан, сувоғи кўчган деворлар, шалоғи чиққан курсию ранги ўчиб кетган кийим-кечакларидан хўрлиги келарди. Уйини кулбага айлантириб кўйган Бретон манзараси унинг қалбида оғриқ ва орзуларни уйғотарди. У муҳташам, бронзадан ясалган қандиллар ёритиб турувчи муҳташам сарой ва калта шим кийган эшикбонларни орзу қиларди.

Унинг бой синфдош дугонаси бўлиб, дугонасининг уйига бориб келганидан сўнг шундай азоб чекардики, уникига боришни ёқтирмасди.

Бир куни эри қўлида катта хатжилд ушлаганча хурсанд ҳолда келди.

- Мана, - деди у, - сенга.

Хоним шошиб-пишиб хатжилдни очди ва таклифномага кўзи тушди:

"Таълим вазири Жорже Рампонно жаноб ва Луазел хонимни 18 январь, душанба оқшомида вазирнинг уйида бўладиган зиёфат кечасига лутфан таклиф этади".

Эри умид қилганидек хурсанд бўлиш ўрнига у хатжилдни стол устига ирғитиб тўнғиллади:

- Нима қилишим керак?

- Жонгинам, сени хурсанд бўлади, деб ўйлабман. Буни қанча тўполон билан олдим. Ҳамма таклифнома талашди. У ерда бари мансабдор кишиларни кўрасан.

У эрига хўмрайди:

- У ерга нима кийиб бораман?

Эри бундай саволни кутмагани учун дудуқланиб қолди:

- Нега ундай дейсан? Театрга кийиб борадиган кўйлагинг менга жуда ёқади.

У йиғлаётган хотинига қараб қийин аҳволга тушиб қолди. Хотинининг кўзларидан оққан ёш томчилари оғзига кираётганини кўриб сўради:

- Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан?

Хотини қийинчилик билан йиғидан тўхтади ва ёноқларини артаркан, жавоб қайтарди:

- Ҳеч нарса. Менинг у ерга кийиб борадиган кўйлагим йўқ.

Эри хўрсинганча жавоб қайтарди:

- Менга қара, Матилда. Зиёфатга кийиб борса бўладиган оддийроқ кўйлак қанча туради?

Хотини эри йўқ демасдан бера оладиган пулни чамалади ва иккиланиб жавоб берди:

- Аниқ айта олмайман, лекин менимча тўрт юз франк етса керак.

Эрининг ранги оқариб кетди; у дўстлари билан Нантер текисликларида ов қилиш учун милтиқ сотиб олгани пул тўлаб қўйганди. Шундай бўлса-да, у хотинига деди:

- Бўпти, сенга тўрт юз франк бераман. Лекин яхши кўйлак сотиб ол.

Зиёфат куни яқинлашиб келар, Луазел ҳоним эса ғамгин, ташвишли ва жаҳлдор бўлиб борарди. Унинг зиёфатга кийиб борадиган кўйлаги тайёр эди. Эри ундан сўради:

- Сенга нима бўлди? Кейинги икки-уч кунда ўзингни ғалати тутяпсан.

Хотини жавоб қайтарди:

- Менинг на бирор тақинчоғим, на узугим бор. Безакларсиз жуда камбағал кўринаман. Ундан кўра зиёфатга бормай қўя қоламан.

Эри деди:

- Кўйлагингга гул тақиб олсанг бўлади.

Хотини рози бўлмади.

- Йўқ, - деди у, - бой хонимлар ичида мана шундай кўринишдан ёмони йўқ.

Бирдан эри хитоб қилди.

- Аҳмоқлигимизни қара-я! Дугонанг Форестьедан тақинчоқларини сўраб турмайсанми? Ахир сизлар яқин дугонасизлар-ку!.

Хотини ҳам қувончдан қичқириб юборди:

- Тўғри! Буни ўйламабман.

Эртасига у дугонасиникига борди ва дардини айтди. Форестье хоним тақинчоқлар солинадиган қутичасини олиб чиқиб очди ва деди: - Хоҳлаганингни танлаб ол, дугонажон.

У дастлаб билакузукларни кўрди, кейин марваридларни, ундан кейин олтин хочли занжир ва бошқа тақинчоқларни кўриб чиқди. Кўзгу олдида турганича унисини тақиб кўрди, бунисини тақиб кўрди, қайси бирини олишни билмади. Кейин сўради:

- Бошқа тақинчоқларинг йўқми?

- Бор. Сенга ёқармикин?

У қора қутича ичида турган олмослардан тайёрланган маржонни кўрди ва юраги гупиллаб уриб кетди. У маржонни қўллари қалтираганча олди. Бўйнига таққач, кўзини кўзгудан узолмай қолди. Кейин эса юраги ҳаприққанча сўради:

- Шуни бера оласанми? Фақат шуни.

- Албатта.

У дугонасини маҳкам қучоқлади ва маржонни олиб уйга қайтди.

Зиёфат куни етиб келди. Луазел хоним ҳаммадан гўзал, қувноқ, бахтли эди. Зиёфатга йиғилганларнинг барчаси у билан танишиш истагида эди.

У завқ билан, ҳеч нарсани ўйламай, бахт булутлари узра парвоз қилганча рақс тушди.

Эри унинг елкасига уйидан зиёфатга келишда олиб келган ёпинчиқни ташлади. Яп-янги кўйлак устида бу ёпинчиқ қандай кўринишини ҳис этган Матилда қимматбаҳо мўйна илган аёллар уни кўриб қолмасликлари учун ташқарига шошилди.

Луазел уни тўхтатди:

- Шошма. Шамоллаб қолишинг мумкин. Мен извош олиб келаман.

Лекин у эшитишни ҳам истамади ва қадамини тезлатди. Сўнгра йўлда извош учраб қолишидан умид қилишиб пиёда кета бошлашди. Умидсиз ҳолда Сена дарёси бўйлаб кетишаётиб, ниҳоят бир извошни кўришди.

Извош уларни уйларига элтиб қўйди. У кўзгу олдига келиб елкасидан ёпинчиқни олди ва ўз гўзаллигини томоша қилиш учун кўзгуга тикилди. Бирдан қичқириб юборди. Унинг бўйнидаги маржон йўқ эди.

Эри:

- Нима бўлди? - деди.

У эрига ўгирилди:

- Форестьенинг маржони йўқ.

Эри бошини чангаллади:

- Нима? Қанақасига? Бўлиши мумкин эмас!

Сўнгра улар кийимларни, чўнтакларини, уйнинг ҳаммаёғини қараб чиқишди. Маржон йўқ эди.

Эри сўради:

- Зиёфатдан чиққанимизда уни тақиб олганмидинг?

- Ҳа.

- Агар кўчада тушиб қолганида, унинг ерга тушган овозини эшитишимиз керак эди. Уни извошда тушириб қўйган бўлсанг керак.

- Ҳа. Шунақа бўлса керак. Унинг рақамини биласанми?

- Йўқ. Сен эътибор бермаганмидинг?

- Йўқ.

Улар бир-бирларига тикилиб қолишди.

- Мен кетдим, - деди эри, -келган йўлимизни қараб кўрай-чи, балки топилиб қолар.

У чиқиб кетди. Хотини ётоқхонага киргани ҳам куч тополмай курсига ўзини ташлади.

Эри эрталаб соат еттиларда қайтиб келди. У маржонни топа олмаганди.

- Дугонангга хат ёзиб, маржонни синдириб қўйганингни айт, - деди у, - тузаттириб бераман дейсан. Унгача бирор йўлини топармиз.

Хотини шундай қилди.

Бир ҳафтадан сўнг беш йилга қариб кетган Луазел деди:

- Маржонни топиш йўлини қидиришимиз керак.

Эртасига улар маржон сотиб олинган дўкон номи ёзилган қутини кўтарганча ўша дўконга боришди.

- Маржонни мен тайёрламаганман, хоним, - деди заргар, -қутисини тайёрлаганман.

Сўнгра улар дўконма-дўкон юришиб, ўша маржонга ўхшаган маржонни излашди. Ниҳоят, Палас-Роял дўконида улар йўқолиб қолган маржон билан бир хил олмос маржонни кўришди. Унинг нархи қирқ минг франк эди. Дўкончи уни ўттиз олти минг франкка беришини айтди.

Улар заргардан маржонни уч кун сотмай туришини илтимос қилишди. Ялиниб-ёлворишиб ўттиз тўрт минг франк беришларини, қолганини эса кейинроқ беришга заргарни кўндиришди.

Луазел отасидан қолган ўн саккиз минг франкни тўплади, қолганини эса қарз олди.

У кимдандир минг франк, кимдандир беш юз франк олди. У ваъдалар берди, бормаган судхўри қолмади. У келгуси ҳаётини ҳам ўйламай пул олаверар, охири яхшими-ёмонми ҳар қандай қоғозга имзо қўяверар, бўйнидан илондай бўғиб турган ўша маржон балосидан қутулиш учун ўттиз олти минг франкни тўпласа кифоя эди.

Луазел хоним маржонни Форестье хонимга олиб борганида дугонаси совуқ оҳангда деди:

- Эртароқ олиб келишинг керак эди. Менга жуда зарур бўлганди.

У Луазел хоним хавотир билан кутганидек қутичани очмади. Агар қутичани очганида нима бўларди? У нима деган бўларди? Уни ўғирликда айблаши мумкин эдими?

Луазел хоним ҳаёт қийинчиликларини энди билди. Даҳшатли қарзни тўлаш лозим эди. Улар уйдаги фаррошдан воз кечишди. Уйларини сотишиб, кичкинагина кулбани ижарага олишди.

У уй тутиш қанчалик оғир эканлигини энди кўрди, овқат пиширишни ўрганди. Нозик қўллари билан идишларни ювди, кир ювди, сув ташиди. Бозорга бориб озиқ-овқат сотиб олишни, ҳар бир чақани ўйлаб сарфлашни ўрганди.

Эри кечалари ҳам ишлайдиган бўлди, у бировларнинг китобларини олиб келиб, бир саҳифасини беш судан кўчириб берарди.

Улар ўн йил деганда барча судхўрлардан олган қарзларини узиб бўлишди.

Луазел хоним энди қари кўринарди. У камбағал оиланинг кучли бекасига айланганди. У эгнига эски-туски кийимларни илганча пол юварди. Лекин эри ишда бўлган пайтда баъзи-баъзида дераза олдида ўтирганча ўша зиёфат кечасини эсларди.

Агар ўшанда маржонни йўқотмаганида нима бўларди? Ким билади дейсиз? Ҳаёт қандай ғаройиб! Кичкинагина нарса инсон ҳаётини барбод қилиши ёки сақлаб қолиши мумкин!

Бир куни Елисей кўчасида кетаётиб, бола етаклаб олган аёлни кўриб қолди. У ҳали ҳам ёш ва жозибадор Форестье хоним эди. Луазел хоним қотиб қолди. Нима қилиш керак? Ундан қарзи йўқ, ҳаммасини айтади. Нега айтмас экан?

У аёлни тўхтатди.

- Салом, Жанна.

Дугонаси уни танимай ҳайрон туриб қолди.

- Хоним, мен сизни танимайман. Адашдингиз, шекилли.

- Мен Матилда Луазелман.

Дугонаси ҳайратдан қичқириб юборди:

- Оҳ! Бечора Матилда! Қанчалик ўзгариб кетибсан.

- Ҳа, бошимга оғир кунлар тушди. Ҳаммасига сен сабабчисан.

- Мен? Нима учун?

- Вазирнинг уйидаги зиёфатда тақиб туриш учун менга олмос маржон бергандинг, эсингдами?

- Ҳа.

- Уни йўқотиб қўйгандим.

- Қанақасига, уни қайтариб бергандинг-ку?

- Сенга худди ўшанга ўхшаш бошқасини қайтаргандим. Унинг пулини тўлашга ўн йил умримиз кетди. Биласан-ку, биз унчалик бой эмасдик. Ниҳоят, қарздан қутулдик.

Форестье хоним деди:

- Менга олмос маржон берганмидинг?

- Ҳа. Сеники билан бир хил эди.

У ғурур билан жилмайди. Форестье хоним унинг қўлларидан тутганча қичқириб юборди:

- Оҳ, бечора Матилда! Меники сохта олмос эди. Унинг нархи бор-йўғи беш юз франк эди холос!

Инглиз тилидан

Дилшодбек АСҚАРОВ таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди