№4, 22.01.2015 ТАВСИЯЛАР
ЗИЙНАТ ВА ТАҚИНЧОҚЛАРИНГИЗНИ АВАЙЛАНГ!
Аёл дунёнинг зийнати. Аёлнинг гўзаллиги эса тақинчоқлар билан янада кўркамлашади. Бугун тақинчоқнинг тури жуда кўп. Оддий жездан тортиб, қимматбаҳо олтин-у бриллиантлардан турли зеб-зийнатлар тайёрланмоқда.
Агар авайлаб-асраб тақилса, жездан қилинган тақинчоқ ҳам аёлни кўркам қилиб кўрсатиши мумкин. Эҳтиётланмаса олтину кумушнинг ҳам ранги униқади. Ҳар бир тақинчоқ ўзига яраша эътибор талаб этади. Бу борада қуйидаги тавсияларимизга амал қилсангиз, фойдадан холи бўлмайди:
* Заргарлик буюмларини уй юмушларини бажараётган вақтда ҳамда турли пардоз воситалари, мой упалардан фойдаланётганда ечиб қўйиш керак. Айниқса, оқартирувчи кремлар, совун, атир ва ацетон тақинчоқнинг сифатига салбий таъсир кўрсатади.
* Заргарлик буюмларини ичига юмшоқ мато қопланган қутичаларда сақлаш тавсия этилади. Иситиш мосламаларига яқин турса, қуёш нурида қолиб кетса, ранги униқади.
* Заргарлик буюмларининг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор. Қимматбаҳо тошларнинг барчаси кескин совуқ ва нам ҳавони ёқтирмайди. Шу боис ваннахонада тақинчоқларни қолдирмаган маъқул. Айниқса, кумушдан ишланган заргарлик буюмлари нам ҳавода тез қораяди.
* Тилла тақинчоқлар кирланиб кетса, уни уй шароитида тозалаб олиш мумкин. Бунниг учун уларни кун бўйи ёки кечаси билан идиш ювишга мўлжалланган гелли сувга солиб, вақти-вақти билан аралаштириб туриш керак. Тақинчоқнинг кўзи атрофини тиш чўткаси билан ишқалаб тозалаш мумкин.
* Бриллиант, сапфир, зумрад, ёқут, кварц, топаз, аквамарин кўзли тақинчоқларни ҳам тозалаш мумкин. Ҳар бир тақинчоқни дистирланган ёки қайнатиб совутилган сувда чайиш, сўнг артиб қуритиш керак.
* Тилла суви билан сайқалланган тақинчоқларни чўтка билан ишқаламаган маъқул. Чунки юпқа тилла қатлами кўчиб кетади.
* Вақт ўтиши билан жилосини йўқотган тилла ва олтин суви югуртирилган тақинчоқлар пиёз шарбати билан тозаланса, аввалгидек жилоланади. Бунинг учун пиёзнинг сувли қисмига тақинчоқни ишқалаб, кейин икки соатга қўйиш керак. Сўнг яхшилаб ювиб қуритилади.
* Жилосини йўқотган тилла тақинчоқни совунли сув ҳамда нашатир спирти ёрдамида тозалаб олиш мумкин. Бунинг учун ярим чой қошиқ нашатир спиртига ярим стакан сув қўшилади. Кейин тоза сув билан чайиб, қуритилади. Агар тақинчоққа қимматбаҳо тош ўрнатилган бўлса, бир стакан сувга олти томчи нашатир спирти аралаштирилса кифоя.
Хамрохон
МУСУРМОНОВА
тайёрлади.
|