Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№5, 29.01.2015

2015 йил - кексаларни эъзозлаш йили

ЭЪЗОЗЛАШ ҲАМ БИР ЛУТФ

Ёшлик бир гўзаллик. Танангдаги куч, юрагингдаги ўт, кўзингдаги чақин, қадамларингдаги шиддат, чеҳрангдаги гўзаллик, либосларингдаги дид. Буларнинг бари ёшликка хос жиҳатлар. Кексалик-чи, кексалик нима? Кексайган инсоннинг қизиқишлари, ниятлари, тилаклари-чи? Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?

Гоҳо ёшлар кекса кишиларга бироз эътиборсиз бўлишади. "Ҳа энди, қариб қолди-да" деб қўйишади. "Қариб қолди" дегани нима? "Одамгарчиликдан чиқди" деганими? Ёки кексайган инсоннинг жамиятга кераги йўқми? Ахир, кексайиш пиллапоясини босиб, умр манзилига етиб ҳақиқий, чин маънодаги инсон бўлиб етиш осонмикан! Бу йўллардаги гуллар, майсалар, бадхуш алафлар, райҳонларни босиб-босмай ўтиш осонмикан?

Ҳа, инсон ҳам табиатнинг олий неъмати, жамиятнинг бир бўлаги. У бор ҳаёт бор, меҳр-муҳаббат, қадр-эъзоз бор. Ўзбек миллатига хос бўлган бир чиройли анъана бор. Бу ҳам бўлса, кексаларни эъзозлаш, дуосини олиш, тўй-маросимларида тўрига ўтқазиб, улардан фахрланишдир. Ўзбекнинг яна бир жўмардлиги шунданки, у қиз узатса, келин олса, ўзбошимча бўлмайди. "Ўзимнинг болам, хоҳлаганимни қиламан" демайди. Кексалар билан фикрлашади. Ота-онаси, маҳалла катталари, оқсоқолининг олдидан ўтиб, маслаҳатини олади.

Кексаларнинг кўнглини яхши сўз, йўқлов билан олиш кифоя. Уларга мол-дунё, зеб-зийнат керак эмас. Улар бор-йўғини фарзандларига бериб бўлди, улар бахтли, саодатли бўлса кифоя. Иш юзасидан маслаҳат сўраса, дуосини истаса, боши кўкка етади. "Худога шукр, ҳурматимни қилиб, ҳар бир ишда маслаҳат олишади", деб суюнади. Бир оғиз ширин сўз, эҳтиром инсон дилини яйратади.

Юртбошимиз 2015 йилни - "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилди. Бу қадим қадриятларимизга ҳамоҳанг тарзда мамлакатимизда кексаларга юксак эҳтиром, эъзоз, меҳр-мурувват кўрсатилишининг бир намунасидир. Қолаверса, бу хонадонимиз файзи бўлган табаррук инсонларга, шукрона билан яшаётган момо, бобо, ака, опа, устозларимизга эътиборли бўлишимиз кераклигига чақирув бўлди. Зотан, уларни ҳар қанча эъзозласак ярашади. Чунки улар бизга тўғри йўлни кўрсатувчи, тўғри йўлга етаклаб, пешонамизни силовчи, ғамга ботсак, елкамиздан тутиб кўз ёшимизни артгувчи, бахтли, ширин кунларимизда ёнимизда туриб, дуо қилгувчи суянчиғимиздир.

Азиз юртдошим, мустақил юрт шамоли бағримиздаги армонларимизни улоқтирди. Миллатимиз улуғ, анъаналаримиз гўзал, тўйларимиз, байрамларимиз файзли. Юртимиз, қишлоғимиз, маҳалламиз обод. Иморатлар, кўчалар, боғлар, хиёбонларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Жаннатмакон юртда азиз бўлиб яшаш, меҳнат қилиш бахтдир. Мана шу ризқ-насибалар учун, қадр-қиммат учун, эҳтиром учун ташаккур дегимиз келади. Бизнинг юртда меҳнат қилган, касбини улуғлаб, халқига нафи теккан инсон, албатта, улуғланади, қадр топади. Ёшлигида меҳнат қилиб, кексайганида нафақага чиқиб, хонадонларимиз файзига айланган ёши улуғ отахон-онахонларимиз, устоз ва мураббийларимизнинг борлигига шукр.

Бир сўз билан айтганда, инсон улуғ зот, баҳоси қиммат. Улар борлигининг ўзи бахт. Шу боис, кексаларни доимо қадрлайлик. Ишингизни рўкач қилманг. Иш ҳеч қачон тугамайди. Инсон тугаб қолади. Кексаларимизни йўқланг, меҳрингизни беринг, дуосини олинг. Эртага кеч бўлиши мумкин. Назаридан қолиб, қарғишини олманг. Бола-чақангизни, тирикчилигингизни пеш қилиб, баҳона изламанг. Пулим бор, йўқ деманг. Совғанинг катта-кичиги бўлмайди. Топганингизни олинг-да йўқланг, онангиз-отангиз бўлса, "жуда соғиндим" деб бағрига бош қўйинг. Кексайган опа-акангиз, амма-холангиз, устозингиз бўлса, "тушимга кирибсиз, бир кўргим келди" денг, олам гулистон.

Ёши улуғларнинг дуоси сизнинг келгусидаги ишларингизда омад калити бўлади. Қилган ҳайрли ишингиздан кўнглингиз равшанлашади. Инсонийлик бурчингингизни бугун, кечикмай бажарганингиздан қувонасиз, енгил тортасиз. Эъзоз ҳам бир лутф. Лутф кўрсатиб кексаларнинг кўнглини обод этинг. Сиз кўрсатган лутф, эъзоз, эътибор ва яхшилик, шубҳасиз, кўнглингизга ёруғлик, нур олиб киради. Бу нур сизни олис манзиллар сари бошлайди. Йўлларингиз ойдин бўлади, ҳаётда ҳурмат топасиз.

Мукаррама Ғанижон қизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди