№5, 29.01.2015 Дил туfёни
ҚОРНИНГ СОҒИНЧИ
Ҳар гал қор ёғишини завқ билан томоша қиламан. Улар гўё оппоқ орзулар каби беҳисоб ва саноқсиз. Уларни кафтда тутиб қолишнинг иложи йўқ. Бугун ҳам ёмғир аралаш қор ёғди. Аммо бу узоққа чўзилмади. Қишнинг иккинчи ойи яримлашига қарамай, ҳали ҳеч ким қорнинг тафтига тўймади. Барчанинг қалбида совуқ қорнинг қайноқ меҳрига бўлган ташналиги бор.
Деҳқоннинг ҳосили мўл бўлиши, болаларнинг олам-олам қувончи, ёр-у дўстлар бир-бирига меҳр-муҳаббат билан қорхат ёзишлари, бари-бариси қорлар ёғиб ажиб манзара яратишига боғлиқ эмасмикин?
Эсимда ўтган галги қишда дўстларим менга "Биринчи қор" билан деган қорхат-мактублар жўнатишган эди. Ҳудди бола каби қувонгандим. Энди мен ҳам уларга қор ёғиши билан қорхатлар ёзиб жўнатаман. Улар кўнглимга яқин инсонлар эканлигини, улар билан бир бутунлигимни изҳор қиламан.
Табиатнинг ҳар бир бўлаги назаримда қор ёғишини мен каби интизор кутаётгандек.
Осмонда булутлар кўринмай қолди. Кўча-кўйда изғирин шамол эсмоқда. Нафасимга қорнинг ҳиди урилгандек бўлаяпти. Эҳтимол, тонгга қадар ҳаммаёқ оқ либосга бурканар. Буни кўзларим илҳақ бўлиб кутаяпман.
Хосият НИГОР.
|