Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№6, 06.02.2015

КОНСТИТУЦИЯ - ИНСОН МАНФААТЛАРИ, ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

Рашитжон ҚОДИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

"...Прокуратура қонунни, унинг талабларини қатъий ҳимоя қилувчи идора ҳисобланади. У ҳуқуқий ислоҳотларни ўтказишда, ҳуқуқий давлат, демократик жамият қуриш ишида ҳал қилувчи ўрин тутади".

Ислом КАРИМОВ.

1992 йил 8 декабрда Президентимиз Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлигида қабул қилинган, туб моҳиятига кўра ўзида илғор миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этган, бутун халқ ва барча қатламларнинг манфаатларини ифодаловчи мустақил Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз тараққиётида янги даврни бошлаб берди.

Шу маънода, мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти йўлида давлатимиз Конституцияси ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг том маънодаги ҳуқуқий пойдевори, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституция асосида бутунлай янги, демократик бошқарув тизими яратилди, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги, давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципи белгиланди. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳам демократик талаблар асосида қайта ташкил этилди, улар фаолиятида қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга устуворлик берилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш, инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий ва устувор қадрият сифатида қарор топтириш борасида ўтган давр мобайнида қонунчилик соҳасида ва амалий сиёсатимизда қандай натижа ва ютуқларни қўлга киритган бўлсак, уларнинг барчаси Конституциямизда муҳрлаб қўйилган талаб ва тамойиллар билан узвий боғлиқдир.

Авваламбор, Конституцияда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этилиб, инсон ва фуқароларнинг асосий шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда уларнинг кафолатлари мустаҳкамланди.

Мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 8 та конституциявий қонун, 16 та кодекс, 600 дан ортиқ қонунларни қабул қилди, 200 дан ошиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди3 ва шу тариқа Асосий Қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Мазкур қонун ҳужжатларининг деярли барчасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар белгиланди.

Инсон ҳуқуқларига оид ҳуқуқий база шаклланиши билан бир вақтда, уни ҳимоя қилишнинг институционал механизмлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича махсус бўлинмалар яратилди ва бугунги кунда ушбу йўналишда фаол ишламоқда.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва уларнинг мазкур соҳада фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш мақсадида 2004 йилдан бошлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралар- аро ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги қарори билан мазкур Идоралараро ишчи гуруҳ тўғрисида низом қабул қилиниб, унда Идоралараро ишчи гуруҳ инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамкорлик ва ягона ёндашувни ташкил этишни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади, деб белгиланди.

2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида"ги Фармонининг қабул қилиниши эса халқаро ҳамжамиятнинг яна бир бор Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари юксак ва доимий эътиборда деган эътирофига сазовор бўлишини таъминлади.

Шахс ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш ислоҳотларнинг муҳим, таъбир жоиз бўлса, марказий йўналишига айланди.

Суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди. Судлар ўзларига хос бўлмаган вазифалардан халос этилиб, ўзларининг асосий вазифаси - одил судловни амалга ошириш билан шуғулланмоқда. Ишларни малакали асосда кўриб чиқишни таъминлаш мақсадида умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди. Суд тизими учун кадрлар масалалари билан шуғулланишнинг демократик механизми яратилиб, судьяларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Пировардида фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилди.

Жиноят-процессуал қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, дастлабки тергов устидан суд назорати кучайтирилди, кассация инстанцияси ислоҳ қилиниб, суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби жорий этилди. Амнистия актини қўллаш тўлалигича судлар ваколатига ўтказилди. "Миранда қоидалари" белгиланди, тергов ва шахсни қамоқда сақлаш муддатлари қисқартирилди. Суд жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатларидан соқит қилинди. Одил судловнинг сифати ва тезкорлиги оширилди.

Прокурор ва адвокатнинг тенглиги, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлиши таъминланди. Жиноят процессининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш кафолатланди.

Конституция нормалари талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда 2008 йил январдан бошлаб ўлим жазоси бекор қилинди ва дунёдаги энг либерал жазо тизимларидан бири яратилди. "Хабеас корпус" институтининг жорий этилиши, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг прокурордан судга ўтказилиши, 2012 йилдан лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартибининг белгиланиши принципиал қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси"нинг амалга оширилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ушбу дастурий ҳужжатнинг суд-ҳуқуқ тизими йўналишидаги қонунчилик ташаббусларининг асосий мақсади ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштиришни давом эттириш эди. Биргина "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши тезкор-қидирув хусусиятидаги тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, уларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш функциясини кучайтириш борасида жиддий ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, прокуратура фаолиятини ислоҳ қилиш, уни собиқ тузум даврида бўлганидек партиявий элита қўлидаги жазолаш қуроли эмас, балки қонунларнинг қатъий ижро этилишини, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг изчил ривожланишини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган органга айлантириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.

Жумладан, 2001 йилда янги таҳрирда қабул қилинган "Прокуратура тўғрисида"ги Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси устидан назорат прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Фуқаролар назорат объектлари қаторидан чиқарилди, яъни прокурор фуқаролар устидан назоратни амалга оширмасдан, аксинча, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Бош прокурорнинг буйруқлари ва бошқа ҳужжатлари Конституция ва қонунларга зид бўлса, Конституциявий суднинг қарори асосида бекор қилиниши белгилаб қўйилди.

Яна бир жиддий янгилик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йилдаги фармонига мувофиқ, прокуратура тизимида Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Мазкур бошқарма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йилдаги "Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси номи билан қайта ташкил этилиб, унинг таркибида алоҳида Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан назорат бошқармаси ташкил этилди.

2013 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурор назоратининг ҳолати ва уни янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилди.

Бу билан прокуратуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш йўналишидаги масъулияти янада оширилди. Зотан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини прокуратура органлари орқали ҳимоя қилиш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда ўтган давр мобайнида прокуратура органларининг жамиятда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи тизим сифатида тўлиқ шаклланганини алоҳида қайд этиш жоиздир.

Дарҳақиқат, Конституцияда давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди деб қатъий белгиланган.

Давлатнинг мазкур функциясини тўлиқ амалга оширишда, жумладан, республикада қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, айниқса, прокуратура органларининг ўрни ва роли муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис "Прокуратура тўғрисида"ги қонунда прокуратура органларининг асосий вазифаси ҳамда фаолиятининг асосий йўналишларидан бири - фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси устидан назорат қилиш эканлиги белгиланган.

Прокуратура органлари бундай назоратни вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этилиши устидан прокурорлик назоратини мунтазам равишда амалга ошириш орқали таъминлаб келмоқда.

Хусусан, прокуратура органлари томонидан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қонунлар ижроси юзасидан текширишларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 2013 йил ва 2014 йилнинг саккиз ойи мобайнида 11334 та ҳужжатга нисбатан протест келтирилди, прокурорларнинг қарор ва тақдимномаларига асосан 68603 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 2175 та жиноят иши қўзғатилди.

"Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун талабларига қатъий риоя қилишни таъминлаш, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги аризалар, шикоятлар ҳамда бошқа маълумотларни кўриб чиқиш ва текшириш борасида ҳам алоҳида режа асосида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

"Ишонч телефонлари" орқали Фуқаролардан ўз ҳуқуқлари бузилганлиги ёки бузилган ҳуқуқларини тиклашга оид қилинаётган мурожаатлар қатъий назоратга олиниб, оқилона муддатларда мурожаатларда кўрсатилган муаммолар қонуний ечимини топмоқда.

Жумладан, ушбу йўналишда қайд этилган даврда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 12808 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди. Айниқса, мансабдорлар томонидан фуқароларнинг мурожаатларига беписанд муносабатда бўлиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар юзасидан 149 та жиноят иши қўзғатилди.

Меҳнат қилиш, ижтимоий таъминот ва таълим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳар бир инсоннинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади.

Бу борада прокурор назорати тадбирлари давомида айрим ҳолатларда меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик ижроси талаб даражасида ташкил этилмаганлиги аниқланиб, аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, касбга ўқитиш ва иш шароитини яхшилаш, меҳнатга ҳақ тўлаш борасида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини илдизи билан йўқотишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

Текширишларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича тегишли масъул ва мансабдор шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланилмоқда.

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, аҳолига юқори малакали бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқларнинг бузилишига оид назорат текширишлари давомида соғлиқни сақлаш соҳасида мамлакатимизда яратилган замонавий қулайликларга қарамасдан, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда айрим қонун бузилиши ҳолатлари мавжудлиги аниқланмоқда. Жумладан, қайд этилган даврда ўтказилган текширишлар натижасига кўра қонун бузишларни бартараф этиш мақсадида 6398 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 2463 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Конституциянинг 41-моддасидаги ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги ва бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги ҳақидаги талабдан келиб чиқиб, "Таълим тўғрисида"ги Қонун ижроси юзасидан мунтазам назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида республикамизда замонавий таълим муассасалари қурилиб, илғор технологиялар ва компьютер техникалари билан жиҳозлангани, ўқув масканларида яратилган шароитлар билим олиш, таълим жараёнларини юқори даражада ташкил этишга қаратилганлигига қарамасдан, прокурор назорати тадбирлари бу соҳада ҳам камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Прокуратура томонидан қайд этилган даврда "Таълим тўғрисида"ги қонун ижроси юзасидан ўтказилган текширишларда 15994 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 24218 нафар мансабдорнинг интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилиши таъминланган.

Республикамизнинг ҳар бир фуқаросининг қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи Конституцияда алоҳида белгилаб қўйилган.

Мазкур конституциявий ҳуқуқларни амалда таъминлаш мақсадида прокуратура органлари томонидан қайд этилган даврда соҳада ўтказилган текширишлар натижаларига кўра 13270 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.

Шу боис бугунги кунда прокурорлар фаолиятига улар томонидан қўзғатилган жиноят ишлари ёки жавобгарликка тортилган шахслар сонига қараб эмас, балки тегишли ҳудудда қонунчиликка амал қилинишининг ҳолатига қараб баҳо берилмоқда.

Шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, жумладан, фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишини жиноий хусусиятга эга деб билиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда жиноят иши қўзғатиш ҳамда уни содир этган шахсларга қонуний таъсир чораларини қўллаш, жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини таъминлаш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятни, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширадиган тегишли органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Натижада 2013 йилнинг 8 ойида 55432 та жиноят содир этилган бўлса, 2014 йилнинг 8 ойида бу рақам 55675 тадан иборат бўлди ва ўсиш даражаси деярли бир хилда сақлаб қолинди.

Шу билан бирга, оғир ва ўта оғир жиноятлар (0,7 фоиз), номусга тегиш (2,2 фоиз), талончилик (10,9 фоиз), босқинчилик (6,4 фоиз), безорилик (2,7 фоиз) ва ўқотар қурол билан содир этилган жиноятлар (10 фоиз) ҳам сезиларли даражада камайди. Вояга етмаганлар, аёллар, ишламайдиган ва ўқимайдиганлар, шунингдек, рецидив ва маст ҳолда содир этилган жиноятлар камайди.

Дастлабки тергов ва суриштирувнинг тўлақонли ўтказилиши, гумон қилинувчи, айбланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимояси, адвокат иштироки, эҳтиёт чорасини қўллаш масалаларида қонун талабларига қатъий риоя қилиниши устидан назорат таъминланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг республика ҳаётидаги муҳим саналар муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорлари ижросини таъминлашда, айниқса, жазони ижро этувчи муассасаларда жазо ўтаётган маҳкумларга нисбатан қўлланилишида, амнистия акти асосида озодликдан маҳрум қилиш муассасаларидан чиққан шахсларни кўникма марказларига ва ишга жойлаштиришда ҳам прокуратура органлари шахснинг ҳуқуқларини таъминлашда қатъий позицияга эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда прокуратура органларининг асосий эътибори прокурорлик назорати орқали турли қонун бузилишларни аниқлаш эмас, балки бундай қонун бузилишларга йўл қўймаслик ва уларнинг ўз вақтида олдини олишга, яъни инсон ҳуқуқларини бузилганидан кейин тиклаш эмас, балки унинг бузилишининг олдини олишга қаратилмоқда. Зотан, қонунда аниқ кўрсатилганидек, прокурорлар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳам айнан фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишнинг таъминланиши ҳисобланади.

Ушбу мақсадда прокуратура органлари томонидан қонунларни тарғиб қилиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қайд этилган даврда прокуратура органлари томонидан қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 88492 та қонунчилик тарғиботи тадбири ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари орқали 15884 марта чиқишлар қилинди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқ-ларига оид асосий қоидаларни, фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва миллий қонунчилигимиз асосларини очиб беришга бағишланган рисолалар, ўқув қўлланмалари, ижтимоий-сиёсий материалларнинг чоп этилиши ва аҳоли орасида кенг тарқатилиши таъминланмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари тайёрланиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилмоқда. "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги, "Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида"ги, МДҲга аъзо давлатлар ичида биринчи бўлиб "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги, шунингдек, Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги муҳим қонунлар шулар жумласидандир.

Қонун ижодкорлиги жараёнида вояга етмаганларни ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, мамлакатимиз Конституциясида - вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамланган.

Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланганлик, уларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилганлик учун, вояга етмаган шахс тасвирланган порнографик маҳсулотларни тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шунингдек, болалар порнографияси учун жавобгарлик белгиланди.

Эрта никоҳ тузишларнинг олдини олиш мақсадида никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ўрнатилди.

Вояга етмаган бола учун унинг ота ва онасидан ундириладиган алиментлар бола номига очилган банк ҳисоб варағида жамланиши ва у вояга етганда ўзига тўланиши белгиланди, фарзандликка олиш бўйича қарор қабул қилиш туман, шаҳар ҳокимининг ваколатидан судларга ўтказилди.

Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг нодавлат тизими - фуқаролик жамияти институтлари фаол ривожланмоқда. Шу боис, охирги йилларда барча соҳалар қатори, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳам давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро яқин ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу йўналишда прокуратура органларининг фуқаролик жамияти институтлари - Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, "Маҳалла" жамоат фонди, "Камолот" ЁИҲ, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни кучайтириш ҳамда ушбу йўналишдаги давлат дастурлари ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум асосида ишлаб чиқилган тегишли дастурларни амалга ошириш масаласига эътибор йилдан-йилга кучайтирилмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик прокуратура органлари фаолиятининг муҳим йўналишини ташкил этади. Халқаро ҳамкорлик доирасида БМТнинг Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Европа Иттифоқининг "Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига кўмаклашиш" лойиҳаси билан ҳамкорликда турли йўналишдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилган мақсадли чора-тадбирлар мамлакатимизнинг қисқа фурсатда умумэътироф этилган нормаларга содиқлиги билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида салмоқли ютуқларни қўлга киритганидан далолат беради.

Бу жараёнда мамлакатимиз Конституцияси - инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлигининг кафолати, прокуратура эса фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилувчи орган бўлиб хизмат қилмоқда.

"Ҳуқуқ" газетасидан олинди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди