№6, 06.02.2015 Мулоҳаза
ҲАҚ ТАЛАБ ҚИЛМАЙДИГАН ЯХШИЛИК
Бир ривоятда ёзилишича, юртнинг ҳукмдори ўзига муносиб вазир танлаш мақсадида олиму фозилларни тўплаб, савол берибди. Вазирликка орзумандларнинг жисму тани қулоққа айланибди.
- Осмонда, ерда ва ер остида нима кўп? - сўрабди шоҳ.
Йиғилганлар турли жавоблар айтишибди, ҳукмдор эса барчасини рад этибди. Шу пайт бир четда ўтирган кимса оҳиста ўрнидан туриб сўзлашга изн сўрабди.
- Қуёш ерга нур таратади, ой эса кечани ёритади, булут ерни яшнатади. Бунинг эвазига улар ҳеч нарса талаб қилмайди. Эвазига ҳақ сўрамай қилинган яхшилик савоб саналади. Шу боис осмонда савоб кўп. Ер юзидаги барча жонзотлар эса орзу билан яшайди, ерда орзу кўп. Орзусига етолмаганлар армонда кетадилар. Ер остида армон кўп, дебди.
Ҳукмдор жавобдан мамнун бўлиб, уни вазир этиб тайинлаган экан.
Қиссадан ҳисса шуки, яхшилик савоб эканлигини, савоб олиш учун эса фақат эзгу ишларни бажаришимиз кераклигини асло унутмайлик. Атрофимизга яхшироқ назар ташласак, ён-веримизда савоб ишлар кўп. Кимгадир бойлик, кимгадир соғлиқ бера олмасмиз. Бироқ йўлимизга интизор бўлган якка-ёлғиз яшаётган юртдошимизни йўқлаб қўйиш ёки дарддан тинка-мадори қуриб, киприкларида ёш илиниб турган бемор танишимиздан ҳол-аҳвол сўраш, бошига мусибат тушиб ғам-андуҳ олдида эсанкираб қолган кишиларга тасалли бериш ҳақ талаб қилмайдиган, яхшилик, савоб эмасми? Ана шулар ҳам қўлимиздан келмаса, кекса ота-онамизни, ака-ука, опа-синглимизни тез-тез йўқлаб, уларнинг кўнглини обод этайлик.
Юртбошимизнинг "Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак", деган гапларида бир олам мазмун бор. Унинг замирида инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсад ётади. Президентимиз "Юксак маънавият - енгилмас куч" асарида "Меҳр-оқибат тушунчаси, аввало, инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош билан, оиланинг оила билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саҳоват кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади", деган пурмаъно фикрлари билан халқимизнинг меҳр-оқибат аталмиш гўзал анъанасига муносиб таъриф берганлар.
Бундай хайрли амалларни фақат олийжаноб, ўзлигини унутмаган инсонларгина қила олади. Демак, имконимиз қадар одамларга яхшилик қилайлик, яхши сўз айтайлик. Шунда албатта, кўнгил хотиржамлигини топамиз, беҳисоб савобларга мушарраф бўламиз.
Хайитали ТЎЙЧИЕВ, Балиқчи тумани.
|