№6, 06.02.2015 Саломатлик -туман бойлик
ЙЎТАЛНИ ДАВОЛАШ
Мана қиш фаслининг совуқ ҳавоси ҳаммага ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Айниқса, бугунги совуқ кунларда одамларни энг кўп қийновчи хасталик йўталдир.
Халқ табобатида йўтални даволашда қўллаш мумкин бўлган қатор самарали усуллар тавсия этилган. Ана шу тавсияларни билиб олиш, зарурат туғилганда ундан фойдаланиш асло зиён қилмайди. Демак, қуйидаги тавсияларимиз йўталдан халос бўлишингизда албатта, ёрдам беради:
1. 500 гр. тозаланган пиёзни майдалаб, 400 гр. шакар қўшиб, 1 литр сувда паст оловда 3 соат қайнатилади. Сўнг совутиб, 50 гр. асал қўшилади ва шиша идишга қуйиб, оғзи маҳкамланади. Ушбу суюқликдан кунига 4-5 ош қошиқдан истеъмол қилинади.
2. Кечқурун бир бош пиёзни майдалаб тўғраб, устидан 2 ош қошиқ шакар сепиб қўйилади. Эрталаб малҳам тайёр бўлади. Кун давомида ширин пиёздан еб, шарбати ичилади. Бу усул бир неча кун давомида такрорланса, йўтал ўтиб кетади.
Болалар учун:
1. Қора турп майда кубик шаклида тўғралади. Кастрюлкага солиб, устидан шакар сепилади. Газда 2 соат давомида пиширилади. Сўнг шарбати сузиб олиниб, бирор идишга қуйилади. Кунига 3-4 марта овқатдан олдин ва кечқурун уйқудан аввал ичилади.
2. Бир ош қошиқ шакарни малла тусга киргунча оловда ушлаб, сўнг уни бир пиёла сутга солинади. Ҳосил бўлган "конфет" тўла эригунча оғизда шимилади. Бу усул қуруқ йўталда яхши фойда беради.
3. 6 ёки 8 дона турпни юпқа бўлакларга ажратилади. Ҳар бир бўлакка қалин қилиб шакар сепилади. Ярим кун ичида унинг шарбати ажралади. Бу шарбат ҳар соатда бир ош қошиқдан ичиб турилади. Табибларнинг таъкидлашича, ана шу шарбат энг кучли йўтални ҳам қисқа вақт ичида даволайди.
4. Термосга 2 чой қошиқ қора андиз (девясил вўсокий) илдизидан солиб, устидан бир стакан сув қуйилади. Дамламадан кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади. Бу дамлама бронхитда кучли балғам ҳайдовчи сифатида қўлланилади.
5. Кучли йўталда сутга ишқорли минерал сув (бир стакан сутга шунча миқдорда боржоми) ёки асал қўшиб ичиш ҳам яхши самара беради.
Тайёрловчи Рухсора САЙФУТДИНОВА,шифокор.
|