№11, 12.03.2015 АЁЛЛАРГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
З. М. Бобур номли вилоят театрида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга вилоятимизнинг фахрий онахонлари, меҳнат илғорлари, илм-фан фидойилари, иқтидорли қизлар, шаҳар ва туманлардан бир гуруҳ фаол аёллар ташриф буюрдилар.
Байрам тадбирини вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова очди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқиб, байрам қатнашчилари ва вилоятимизнинг барча хотин-қизларини қизғин табриклади ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган фахрийлар, илғор аёллар, истеъдодли ёшларни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, турли соҳаларда намунали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фаол хотин-қизларни фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Байрам шодиёналари Андижон шаҳридаги "Тошкент" ресторанида бир пиёла чой устида давом этди. Таниқли хонанда ва санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Х. СИДДИҚОВА.
|