№11, 12.03.2015 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
МАҲАЛЛА ҚАДРДОНИ
Маҳалла - ҳаёт университети. Инсон тарбиясида унинг ўрни, аҳамияти ниҳоятда катта. Айниқса, маслаҳатчидай юрт ишига камарбаста бўлган аёлларимиз борки, улар маҳалладай катта бир оиланинг қувончу ташвишига шерик. Бир қараганда, маслаҳатчининг иши кўзга ташланмайди. Аммо ҳамкорликда гап кўп. Агар маҳалладаги ҳамма мутасаддилар, жамоат ташкилотлари бир ёқадан бош чиқарса, айрим салбий ҳолатлар, ёшларимиз тарбиясидаги нуқсонлар ва муаммолар ўз ечимини топиши шубҳасиз...
Тўлқиной Каримова Олтинкўл тумани, Сувюлдуз қишлоқ фуқаролар йиғини, Сувюлдуз маҳалласида маслаҳатчи бўлиб ишлаётганига тўққиз йил бўлди. 1840 нафар аҳолининг яшаш шароитини ўрганиш, уларни эшитиш, юрагига малҳам топиш, дардини олиш сингари юмушни сидқидилдан бажариш унинг кунлик вазифасига айланган. Қишлоқда у кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби. Одамларнинг кайфияти, айниқса, низоли оилалардаги муҳит, ўқувчи ва талабаларнинг дарсга иштироки ҳам назардан четда қолмайди. Маслаҳатчининг камтарлиги, самимияти, оддийлиги, ишчанлиги, одамлар билан тез тил топишишига, кўнглига киришига йўл очади.
- Бу вазифада ишлаб англаганим шуки, ҳар бир оила сир-синоатли тилсимот, ўқиб, уқиш мушкул бўлган бир китоб,-дейди Тўлқиной. - Иложи борича чигал вазиятлардаги тарбиявий ишларни жуда нозиклик билан эринмай олиб боришга тўғри келади. Бундай ҳолатларда Рўзибой Арзиев, Алижон Исмоилов, Зулайҳо Каримова, Дилфузахон Армонова, Отабек Муродов сингари фаолларимиз билан баҳамжиҳат иш юритамиз. Натижада келиб чиқадиган муаммога ҳам ўз вақтида ечим топилади. Баъзида қўлинг билан беролмаганингни кўнглинг билан, ширин сўзинг билан берса бўлади, дейман. Бу менинг ҳаётдан олган муҳим сабоғим.
Маслаҳатчининг кўпга кенгашиб иш кўриши тўй-тўркину, маърака маросимларни ихчамлаштиришда ҳам кўзга ташланади. Тўй комиссиялари аъзолари Шуҳратбек Қўчқоров, Аҳмадали Мамадалиев, Камолдин Сотволдиев, Солижон Каримов, Саодатхон Шодазимова, дастурхончилар Мақсудахон Назирова, Фотимахон Ҳасанова, отинойи Гулчеҳрахон Имомоваларнинг саъй-ҳаракатлари билан тўй ва бошқа маърака-маросимлар ихчамлаштирилди. Ортиқча расм-русумлар йўқ қилинди. Энг муҳими, камҳарж ўтаётган тўйлар ҳаммага ҳам маъқул келмоқда.
Маҳаллада ўтказилаётган "Оилага тайёрмисан, қизгина", "Қайнонам - онам менинг", "Келиним - болам менинг", "Дўппи тикдим ипаклари тиллодан", "Либосларда қадрият акси" сингари кўрик-танловлар, давра суҳбатларида ҳам маслаҳатчининг ўзи бош-қош.
- 384 та оилаларимизнинг кўпчилиги деҳқончилик, қолганлари эса ҳунармандчилик билан шуғулланишади, - дейди Тўлқиной. - Ғуломқодир Алимжоновларни бешикчилар оиласи деса, ҳамма танийди. Турмуш ўртоғи Лазокатхон ва тўрт нафар фарзандлари билан шу ҳунарнинг орқасидан рўзғор тебратишади. Дилоромхон Расулова эса оила аъзолари билан рўзғор буюмлари, яъни жува, чекич, йиқчилик, Иродахон Йўлдошева, Юлдузхон Ўктамовалар эса тикувчилик қилиб, устоз-шогирд йўналишида иш олиб боришади. Бекор юрган аёлларни, ёшларни деярли учратмайсиз.
Тўлқиной Каримова тиниб-тинчимас, ўз ишининг масъулиятини тўла англаб иш юритадиган фидойи аёлларимиздан. У 2006 ва 2011 йиллари маслаҳатчилар ҳамда "Дўппи тикдим, ипаклари тиллодан" кўрик-танловларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаган.
Ҳа, Тўлқиной нафақат сўзи, балки саъй-ҳаракати билан ҳамқишлоқларига ўрнак бўлишга интилади. Ҳар тонг "опа" деб ортидан эргашаётган, унга ишонаётган маҳалладошларининг, аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини қозониш, эртанги кунга, эзгу ишларга чорлаш учун йўлга отланади. Хайрли ишлар ҳамиша унга қанот беради.
Зумрадхон
АБДУЛЛАЕВА/
|