№11, 12.03.2015 Тавсия
ЧИРОЙЛИ БЎЛИШНИНГ АСОСИЙ ҚОИДАСИ - ОЗОДАЛИК
Агар ёшингиз ўттизга яқинлашган бўлса, турли кремларга эҳтиёж сезаётганингиз табиий. Чунки юз-қўлларингизда ажинлар пайдо бўлиши, терингиз дағаллаша бошлаши мумкин. Бундай пайтда сизга қимматбаҳо кремлар сотиб олишни тавсия қилувчилар сони ортади. Аммо кремларни харид қилишдан олдин терини тозаловчи воситалардан фойдаланишни ўрганишингиз зарур.
Бугунги кунда тозаловчи воситалар жуда кўп. Аёллар кўпинча уларнинг қайси биридан фойдаланишни билишмайди. Дуч келганини ишлатиш натижасида эса, юзлари қуруқшай бошлайди ёки майда тошмалар пайдо бўлади. Тозаловчи восита терингизга мос тушмаса юзингизда қизариш ёки ёқимсиз дағаллик пайдо бўлади.
Тозаловчи сутлар - эритилган қаймоқли эмульсия. Унинг таркибида минераллар ва ёғлар мавжуд. Тозаловчи сутлар қуруқ терига айланма ҳаракатлар билан суриб чиқилади. Бир неча дақиқадан сўнг юзга сингмай қолганини юмшоқ қоғоз - сальфеткада артиб тозаланади.
Тозаловчи сутлар қуруқ ва таъсирчан терилар учун жуда самарали восита. Аммо ёғли териларга тавсия этилмайди.
Кўпиклар - жуда қуруқ ва ёғли териларга ҳамда юзида майда тешикчалари мавжуд бўлган аёлларга мос келади. Идиш ичидаги рангсиз суюқлик махсус тугмача билан қўлга қуйилганда қаттиқ кўпикка айланади. Уни намланмаган юзга суриб, яхшилаб уқаланса терининг энг ичкарисига ўрнашган кирларни ва ёғ қолдиқларини ҳам тозалайди. Шундан сўнг илиқ сув билан ювиб ташлаш керак.
Гелнинг фойдаси нимада?
Бу восита ёғли ҳамда аралаш юзларга мўлжалланган. У бактерияларга қарши самарали таъсир кўрсатади. Таркибидаги салицил ва мевали (олмали, узумли) кислота ёрдамида юздаги майда тошмалар ҳамда хуснбузарлар барҳам топади. Гелни намланган юзга суриб, бироз уқалагандан кейин кўп миқдордаги илиқ сувда ювиб ташлаш керак.
Совунлар - бу воситани кўпчилик ишлатишга одатланиб қолган. Аммо совунлар таркибидаги ишқори туфайли ҳамма териларга ҳам мос келавермайди. Ёғли териларни кетма-кет уч марта совун суртиб, ювиб ташласангиз, юзингиз жилвакор тусга киради. Фақат дарҳол тоника ёки ласьон суртиб олишингиз зарур. Акс ҳолда таркибидаги ишқор туфайли юзингиз дағаллашиши мумкин.
Тоника нима?
Терини қандай восита билан ювишингиздан қатъи назар, албатта, тоника ёки лаьсон билан артиб тозалаш жараёнини якунига етказишингиз керак. У юзни тиниқлаштириб, тезда асл ҳолига қайтишини таъминлайди. Шу ўринда шуни ёдда тутингки, агар терингиз қуруқ бўлса, таркибида спирти бўлмаган ласьон ёки тоникадан фойдаланинг.
Энди крем суриш мумкин
Терингизни юқоридаги воситаларнинг бирортаси билан яхшилаб тозалагач, пахтани тоникага бўктириб, юзингизни артиб ташланг. Ана энди сизга тавсия қилинаётган кремлардан фойдаланишга ўтинг. Шундагина қимматбаҳо кремлар юзингизга ўзингиз истагандек таъсир кўрсатади.
Ёғли кремлардан фойдаланишни маъқул кўрмасангиз, тозалаш жараёнидан сўнг юзингизга оддий ёки ачиган сут (қатиқ эмас) суриб, бироздан кейин ювиб ташланг. Шунда терингиз майинлигини йўқотмайди, ажинлар тушишининг олди олинади.
ҲАМРОБОНУ тайёрлади.
|