№12, 19.03.2015 2015 йил - кексаларни эъзозлаш йили
ЎЗБЕК ОЙИМ
Бой-бадавлат бўлолмаслик ижодкор одам учун унча армонли эмас, деб қўйдим. Чунки Яратган унга атрофни кузатиш, ҳайратланиш ва завқ-шавққа тўлишдай бахтни бериб қўйган. У пул, молдан кўра одамлардан топган файзу фасоҳатлардан кўпроқ яйрайди.
Етмиш йил ҳам анча йўл экан. Тирикчилик, оналик, фарзандлик ва жигарчиликдай сени ҳамиша боғлаб, чирмаб, ўз домига тортиб турадиган инсоний бурчларга банди бўлиб яшаб борасан. Неча бор озиб, неча бор тўзийсан. Шундай пайтларда жамиятда, одамларнинг қуршовида яшаётганинг учун чексиз шукрлар келтирасан. Умр карвонида бирга-бирга кетаётган мана шу елкадошларинг феъл-атворлари, ибратли тутумлари билан сени йўлга солиб туради, йиқилгани қўймайди. Заҳматли умр йўлингда улар кўзларингни қувонтириб, димоғингга райҳондай урилиб, ширин шабодадай ором бериб ўтиб борадилар, тетиклашасан, кучга кирасан!
Фалакнинг гардиши билан бир неча йил раҳбар аёллар сафида бўлишга тўғри келди. Аввало, худо суймаса тўрт одамга ҳам бош бўлолмайсан. Қолаверса, раҳбар бўладиган одамни баланд ўқув юртлари тайёрламайди, у туғилишиданоқ эплик-шудлик бўлиб дунёга келади. Аммо кимга қандай касбу кор тўғри келмасин, бари синов учун берилгандир. Истеъдод ҳам, ақлан ўткирлик ҳам, удда-эп ҳам синов учундир. "Сизга нима берсак, касбу корингиздан берурмиз" дейилади ҳадиси шарифда. Яъни, сиз эгаллаган соҳани шунчаки тирикчилик учун бермадик, унга муносабатингизга қараб бахту бахтсизлигингизни белгилаймиз демоқчи.
Айтиб ўтганимиздай, илми зиёдалиги, уддабуронлиги, ўз касбига чечанлигига қараб раҳбарликка танлайдилар. Тайинланган заҳотингиз ёнингизда шайтон алайҳил лаъна ҳозиру нозир бўлади, ёнингиздан жилмай босим ўтказишга тушади, сизга берилган афзалликлардан гуноҳ ясашга уринади: "Зўр бўлганинг учун сени шу ишга сайладилар. Қолганлар ҳаммаси сенинг даражангга етолмаган майда одамлар. Энди юриш-туришингни, гапингни ўзгартир. Фалон рақибингга "хўш, қалайсан энди" деб қўй! Амалдормисан, амалдордай юр, амалдордай тур", дея сизни кибр отига миндиради. Сўнгра нафсга рўбарў қилади: "Мансаб ғанимат, бир оғиз гапинг билан фалон-фалон камларинг битиб қолади"дея шошилтиради у. Баъзан эса "Бола-чақангнию ўзингнинг парваришингни қўйиб тур. Анови мақтов, мукофотларга лойиқ бўл, аввал ишни қотириб қўй", дея сизни энг бирламчи бурчларингиздан чалғитади.
Қарабсизки, кимнинг оёғи ерга тегмай қолади. Кимдадир фармонбардорлик кучаяди, кимдир мол-дунё йиғишга ружу қўяди, кимдир эса идораси-ю даласида қолиб кетиб, ишгаю қоғозларга кўмилиб, ўзининг омонат жони, рўзғор, умр йўлдошлик ва бола-чақа олдидаги фарз вазифаларини токчага чиқариб қўяди. Шайтонга эса худди шу керак. Ва у нуқул кучли одамларни йўлдан уришга қасд қилади. Кўрганларимнинг ичида худди шундай ҳолатларни анча-мунча учратдим. Аммо уларнинг орасида имони мустаҳкам, инсоний шаън ва аёллик фазлларини виждон билан ҳимоялаб яшаган, ҳавас қилса арзийдиганларини ҳам кўрдим. Ўшалардан бири Зулфияхон Ғуломжон қизидир. Ихлос қўйганим учунми, бот-бот ёдимга тушаверади. У хоним ҳозир оналик, бувилик салтанатида ойланиб, қуёшланиб яшаб бормоқда. Зулфияхонни ҳар эслаганимда кайфиятларим ёришиб, ҳузур қиламан. Мен бу ойимдан кўп нарса ўрганганман ва ҳамиша унинг олдида ўзимни қарздор санайман.
Зулфияхон Шокировани Андижон шаҳар фирқа қўмитасида котиблигида танидим. Унинг қошу кўзи қуюқ эмас, аммо истараси иссиқ, сутга чайқагандай оппоқ, кийинишлари, соч турмаклари ўзига жуда ярашарди. Унинг бировга қарашлари ҳам, овози ҳам, табассуми ҳам жуда юмшоқ эди. Минбарларда шовқин солмас, танбеҳларини қоғозга ўраб, ҳазилларини ҳам беозоргина баён қилар, чеҳрасидан ҳаё, андиша ёғилиб турарди. Кўпинча шаҳар тадбирларини тайёрлашда бирга бўлиб қолардик. У ювошгина кўрингани билан, ташкилий ишларда жуда чаққон ва ташаббускор эди. Ишларининг аниқ-тиниқлиги, лабзида собитлиги, камтарлиги билан атрофга ҳам ҳурматли эди.
Хотирамда маҳкам жойлашган нарсалардан бири унинг оиласидаги манзаралардир. У тамизли рўзғор тутди. Ойдай икки қизи, қобил бир ўғли ва бир тўп набиралари бор. Турмуш ўртоғи зиёли, аммо доим сири билан турадиган, жиддий йигит эди. "Оилада эркак киши бош раҳбардир", деган шарқона қоидага Зулфияхон ўзини ҳам, болаларини ҳам кўндира олган эди. Унинг ройишлигига ҳамиша қойил қолардим. Раҳбарликнинг ола-ғовур ишлари ичида ҳам "хўжайиним тушликка уйга келадиган эди" ёки "кечки ов-қатга фалон таомни тайёрлашим керак", деб жони ҳалак бўлиб турарди. Ва у ишга ҳам, бу ишга ҳам доим улгурарди. "Мана бу тиғизчиликда осонроқ овқат қилиб бера қол," - десангиз. "Майли, эр киши эр киши-да, мендан норози бўлиб қолмасин," - дерди ҳар гал. У қайнона, қайинсингилларига ҳам шундай жонсараклик ва тавозе билан турарди. Уйига бориб қолсангиз, саришталикдан, дастурхон безаш, дид билан таом тайёрлашларидан маза қилардингиз. "Хўжайиним мана буни яхши кўрадилар, болалар мана буни суйиб ейишади", деб меҳнати билан яйрар, бу куйиб-пишишларни ўзи учун байрамдай биларди.
Зулфияхон тўқимачилик ва енгил саноат олийгоҳини тамомлаган. Аммо у каби мутахассисларнинг ичида унингдай қўли гул чеварни кам кўрдим. Катта қизимни узатадиган бўлиб, тўй тараддудида юрибмиз. Зулфияхон қўнғироқ қилиб, "сарполарни тиктириш нима бўляпти", деб сўради ва жавобимни кутмаёқ эртага келишини айтди. Эртасига қаттиқ қаршилигимга қарамай, "ахир холасиман, ҳар куни қиз узатмайсиз-ку", деб қимматга тикиладиган ўн беш кийимча матони олиб кетиб, раҳбарчиликнинг толиқишларига қарамай, қўлинг ўргулсин қилиб, тикиб берганди.
Бир куни қўнғироқ қиляпти. Фалон жойда сотувли кўргазма ўтказилаётгани, у ерда камёб тикув машинаси қўйилгани, бу буюм қизлари бор одамлар учун жуда керак бўлишини, шундан биттасини менга олдириб қўйганини айтиб жон куйдирарди. Мен эса "айни пайтда маблағим йўқ", деб афсусландим. Бироздан кейин яна қўнғироқ қилиб, Фалончидан пул олиб харид қилгани, қарзни бир неча ойда узса ҳам бўлишини, машинани ҳализамон уйга олиб келишларини айтди. Бунинг учун ундан ҳозиргача миннатдормиз!
Унинг турмуш ўртоғи барвақт - олтмишга ҳам етмай қазо қилди. Бир-икки йил оғир беморчиликни ўтказди. Ана ўша кезлари Зулфияхоннинг жуфти атрофида чарх уришларини кўрсангиз эди! Тушмаган кўйи, қўлламаган тадбири қолмади. Таъзияга борганимда бу синглимни янада яхши кўриб кетдим. Унинг ҳар бир хўжайраси овозсиз йиғлар, кўз ёшлари ёмғирдай қуйилар, йўқ, у бамисоли симобдай эриб борар ва "опажон, мен унга яхши қаролмадим, мен уни асрай олмадим", дерди нуқул! Куйишнинг ҳам бу қадар чиройли бўлишини шу ойимда кўрдим ўшанда!
Бахтли оилаларга Аллоҳ битта жонсарак, фидойижон аъзони бериб қўяркан. У ўз тўпини қуёшдай иситиб, яхши-ёмон кунларига жонини қўрғон қилиб яшаб бораркан. Зулфияхоннинг қўша-қўша, ҳавас қилса арзийдиган укалари бор. У уларнинг ҳаммасини сизлаб, бошларини бағрига босиб, қовуштириб яшаб келади.
Зулфияхон русий забон мактабда таълим олди, олийгоҳни ҳам рус тилида ўқиди, Москвадаги академияда таҳсил кўрди, меҳнат фаолиятининг асосий қисмини раҳбарлик лавозимларида ўтказди. Аммо ҳамиша шарму ҳаёли, андишали аёл, уйим-жойим деган ройиш жуфт, ўрни келганда эпли, журъатли бека, ота-онасига фидоликка тайёр фарзанд, жигарпарвар ва одамларга силайи раҳмли муслима, фахр билан айтганда, миллий қадриятларимизга содиқ, ҳақиқий Ўзбек ойим бўлиб яшаб келди. Ва шу гўзал мақомда яшашда давом этишини Яратгандан сўраб турибман.
Турсуной СОДИҚОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият
ходими.
|