№12, 19.03.2015 Буни билиб қўйинг
НАВРЎЗ БАЙРАМИ ТАРИХИДАН
Марказий Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг қадимий, анъанавий янги йил байрами ҳисобланган Наврўз Осиёда ислом дини қабул қилинмасдан анча илгарироқ мавжуд бўлган.
Наврўз байрами ҳақида Абу Райҳон Берунийнинг "Китоб ат тақвим" ("Тушунтириш") ва "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарларида турли маълумотлар келтирилади. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғотит турк" асарида баҳор ва Наврўз байрамига бағишланган халқ қўшиқларидан намуналар учрайди. Умар Хайёмнинг "Наврўзнома" китобида ҳам наврўз байрами ҳақида жуда кўп қимматли маълумотлар ўрин олган.
Наврўз байрамини жуда кўп халқлар, янги кун - уйғониш айёми сифатида кенг нишонлайдилар.
Тарихий манбааларда келтирилишича, Наврўзнинг шаклланиш даври - зардуштийлик дини пайдо бўлиш даврига тўғри келади. Ўша даврдан бошлаб, Наврўз кўплаб халқларнинг севимли айёмига айланган. Шу куни ҳатто, уруш-жанжаллар тўхтатилган, гина-қудратлар унутилган.
Наврўзнинг дунёга келиши коинот ва табиат қонуниятлари, яъни, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви, кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ. Бу эса ҳар қайси давлатда йил боши қачон келишидан қатъи назар, Наврўзни уйғониш байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган.
Буюк алломамиз Абу Рай-ҳон Беруний "Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар" китобида қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: "Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир", - деб ёзади.
Мутахассислар фикрига кўра, айни 21 март куни қуёш нурларини тик, яъни 90 даража бурчак ҳосил қилиб, экваторга йўналтиради. Шу дақиқаларда баҳорги кеча-кундуз тенглашади ва 22 мартдан бошлаб, қуёшнинг тик йўналган нури шимолий тропик чизиғи томон ҳаракатланади.
Наврўз меҳр-оқибат, инсонпарварлик байрамидир. Шунинг учун юртимизда ушбу байрам турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимларга бой тарзда бўлиб ўтади. Айём муносабати билан атроф-муҳит тозаланади, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари авж олади. Боғ-роғ ва кўчаларга турли хил мевали ва манзарали кўчатлар, гуллар экилади.
Байрам арафасида сумалак ва бошқа кўклам таомлари пиширилади. Шунингдек, кўпкари-улоқ, кураш ва шу каби халқ ўйинлари ўтказилади. Айнан шу куни қариндош-уруғлар, ёши кексалар йўқланади, беморлар ҳолидан хабар олинади.
ХОСИЯТХОН тайёрлади.
|