№12, 19.03.2015 Юртимиз машҳуралари
ШОИРА САМАРБОНУНИНГ ЎҚИТУВЧИЛИК ФАОЛИЯТИ
Юртимиз тарихида ўзининг ақл-заковати, оқила ва донолиги, юксак ижоди, хайрли ишлари билан ном қолдирган аёллар талайгина. Улардан бири шоира Самарбонудир.
Самарбону ҳаётнинг оғир синовларидан мардонавор ўтди. Унинг асарларида тушкинлик аломатлари сезилиб турса-да, ўзи яшаган давр адолатсизликлардан фарёд чекса-да, ҳаётда у ўзини йўқотмади. Ана шу адолатсизликларга қарши тура олди, жасорат кўрсатди. Унинг мардлиги, жасурлиги аёлларимизга асрлар оша ибрат бўлиб келмоқда. Айниқса, оила қуриш бобида қиз боланинг эрки, инон-ихтиёри ўзида бўлмаган бир даврда отасига: "Мен ўзга бир Мажнуннинг Лайлисиман" деб баралла айта олганлиги ўша давр аёли учун чинакам жасорат эди. Кейинчалик у беаёв, бевафо қисматга ҳам бор кучи, бор овози билан жар солди:
Ёнмагил, Бону, кирган йўлингдин
Олдингни тўсса шери дағолар?..
Бону ҳар қандай курашга тайёр эди. Чунки у буюк Ал-Бухорийнинг "Билимдан ўзга нажот йўқ ва бошқа бўлмағай" деган фалсафасига амал қилиб, ота-боболарининг йўлидан борди. Мактаб очди, қизлар учун ўзига хос дорилфунун яратди. Бунинг учун бу оқила, фозила, жасур ва гўзал қизда билим етарли эди. У Марҳаматнинг Ўқчи қишлоғида турмуш ўртоғи Шарифжондан қолган қўрғонда "Сарри пойидин ўзум жўкурмадим ҳаргиз" яъни, бошқа ерга югурмадим, кетмадим деб мактаб қурди. Унинг мактаби бир-бири билан туташ бўлган 4х8 метрли ўқув хонадан ва турли адабий йиғинлар ўтказишга мўлжалланган 8х18 метрли чиройли айвондан иборат эди. Айвонга қўйилган хориларга Ҳувайдонинг ушбу мисралари битилган эди:
Арзимни айдим боди сабога,
Еткурса ҳолим ул дилрабога.
Қилса худойим кўнглин мулойим,
Раҳм айлагайму ман мубталога.
Бону Марказий Осиё тарихида фақат шоирагина эмас, ажойиб ўқитиш услубини яратган, қизлар ўқийдиган таълим муассасини кашф этган педагог сифатида ҳам из қолдирди. Айни кунда унинг педагогик фаолияти олий ўқув юртларида Увайсий, Дилшоди Барнонинг таълим ривожига қўшган ҳиссаси каби ўрганилади. Уларнинг таълим соҳасидаги фаолияти "Умумий педагогика назарияси ва амалиёти" дарслигига киритилган.
Қозоқ олимаси Гулзахира Баубекова томонидан 2010 йилда ёқланган "XIX аср охири XX аср бошларидаги Марказий Осиё маърифатпарварларининг психологик - педагогик қарашлари" номли докторлик диссертациясида "Аёл педагоглар - Н. Кулжонова, А. Ўразбоева, Нодира, Анбар Отин, Муаззамхон, Самарбону, Дилшоди Барно, Хўқандий ва Ҳалфа Хонимлар педагогик ғояларининг ўзига хослиги таҳлил қилинган ва очиб берилган". Бундан ташқари, бу хусусда бошқа муаллифларнинг бир неча реферат ҳамда илмий мақолалари мавжуд. Хусусан, олий ўқув юртлари талабалари учун чиқарилган "Умумий педагогика назарияси ва амалиёти" номли китобда қуйидаги мисраларни ўқиш мумкин: "Бону мактабининг ўқув дастури ўша давр ўғил болалар ўқийдиган мактаблариникига ўхшаш бўлган. Лекин юқорида номлари тилга олинган маърифатпарвар шоиралар сингари араб тилидаги матнларни камроқ ўқитиб, дарсларни она тилида олиб борганлар. Ўқувчи қизларга "Хафтияк" ва "Чохор" китоб-лари қисқа ўргатилган".
Самарбону ташкил этган мактабида бошқа шоира-ўқитувчилар каби кўпроқ форс-тожик ва турк тилларида ижод қилган шоирлар А. Навоий, Фузулий, Хофиз, Мирза Бедилларнинг асарлари ўргатилган. Шогирдларнинг қўллари бир оз хатга келиши билан "хат машқи" дарсида (уни "ҳусни хат" дарси ҳам дейишарди) уларга ўз шеърларини айтиб ёздирганлар. Шундай қилиб, қобилиятли шоира қизларнинг шеъриятга ҳавасини уйғотган. У ўқувчи қизлар билан бўлган муносабатларда алоҳида майинлик, самимийликни мужассам эта олган:
Менга шогирд бўлубсизлар, неча
қиммат баҳо қизлар,
Бари бир-биридан ортуқ,
фаросатли, расо қизлар.
Саодат ахтари бирлан туғулди
яхши соатда,
Тамоми инсу жинсдин ҳам паридин
пурҳаё қизлар.
Юзи иссиқ, қади кўҳлук, ибою ҳам
ишоратлик,
Сифат аз Қоф то Қоф айласам
бўлмас адо қизлар.
Дуо мендан олур файзу футуҳ,
албатта-албатта,
Мисоли андалибу тўтидек ширин
наво қизлар.
Отингизни тутиб бир-бир байту
ашъорлар айтсам:
Бибисолиҳа, Шарифанисо,
Тўфанисо қизлар.
Яна Шодмонбиби, Биби Фотима
ихлослар айлаб,
Биби Маълум, Сабоҳат, Талҳа -
Бонуга ано қизлар.
Бу қизлар хушназокатдур, камлик,
ўксус кўрмасин асло.
Масалдур, мазлум ожизни дуоси
мустажо қизлар.
Булар фазлу камолини деган
бирла адо бўлмас,
Ибою ҳам ишоратлик, адаблик
порсо қизлар.
Ғаниматдур сизларға яхши сўзлар,
яхши ниятлар,
Ки ғофил бўлмай олғайсиз
биотиндан дуо қизлар.
Мактабда ўқувчи қизлар учун ўзлаштириш қийин бўлган араб ёзувини ёки сўзларни ўргатишда ҳар хил ўхшатишлардан, топишмоқлардан кенг фойдаланилган. Мактабнинг хашаматли айвонида тез-тез мушоира ва шеърхонлик кечалари ўтказиб турилган. Уларда ўша даврнинг етук шоиралари иштирок этган, кўплаб аёллар учун ўзига хос дорилфинунга айланган.
Ўз даврида шоира ҳамда ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатган Увайсий, Дилшоди Барно ва Самарбону Марказий Осиё маорифчилариининг энг қобилиятли, ёрқин уч вакили эди. Уларнинг педагогика соҳасидаги фаолияти юртимиз таълим тизимининг ривожида ўзига хос аҳамият касб этади.
Ортиғали ХУСАНОВ,
Марҳамат туманидаги "Турон" ўқув маркази раҳбари.
|