Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№26, 26.03.2015

Орамиздаги аёллар

КАСБИДАН БАХТ ТОПГАН АЁЛ

...Замирахон боланинг иссиғи тушгач, енгил тин олди. Тун ярмидан ўтган. Болакайнинг ота-онасига зарур дори-дармонларни ёзиб берди-да, дарвоза олдида кутиб турган тез ёрдам машинасига ўтириб, иш жойига йўл олди...

Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли болалар шифокори Замирахон Зоҳидбоева ҳаётининг кўп даври ана шундай беоромликда ўтади. Бу беором кунлар ойларга, ойлар йилларга уланиб, шу йиллар сарҳисоби, қарангки, бугун 35 йилни ташкил этмоқда. Ўттиз беш йил айтишга осон. Ўтган давр мобайнида Замирахон қанча-қанча инсонлар дардини енгиллаштиришга, шифо топишларига кўмак берди, шифокорлик масъулиятини ҳис қилиб, одамларга яхшилик илиниб яшади.

Кечагидай ёдида. Орзулари бир олам бўлган кун. 1976 йилнинг айни ёз палласи. Шаҳрихон туманидаги Оразий номли мактаб ҳовлиси. Битирувчилар қалбида бир дунё орзиқиш. Шу кунни сира унутолмайди: олтин медаль билан мактабни тамомлаганди! Ўшанда битирувчи қиз синф раҳбарига барчанинг олдида, албатта, шифокор бўлишини айтиб фахрланганди. "Устозлар ишончи менга қанот", деганди ўшанда.

У устозларига берган ваъдасини бажарди. Тиббиёт олийгоҳида фаол талабалар сафида таҳсил олди. Институтдаги устозлари Манзурахон Ғани-ева, марҳум Олим Тошбоевлардан тиббиёт сирларини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилди.

Замирахон Зоҳидбоева олийгоҳни муваффақиятли тамомлагач, ишни Шаҳрихон шаҳридаги марказий болалар шифохонасида бошлади. Бу ерда тажрибали шифокорлар Абдуманноб Ибрагимов, Акрамжон Толиповлардан касб сирларини пухта ўрганган Замирахон фаолиятига, касбига яна-да меҳр билан ёндашди.

Бир воқеа унинг ёдидан сира кўтарилмайди. 1986 йилнинг қиш чилласи. Ярим кечада телефон жиринглади:

- Бувайда маҳалласи, 51 - уйданман. Жон опа, тезроқ келинг, боламнинг аҳволи оғир...

Шифокор у ерга зудлик билан етиб борди. Хали тили чиқмаган бола қаттиқ безовталанаётганди. Аҳволи жуда оғир эди. Дардини айтолмайди. Фақат моҳир шифокоргина уни нима безовта қилаётганини била олади. Замирахон болани обдон текширди. Онасидан болада содир бўлган ҳолатларни синчиклаб сўради. Беморга ташхис қўйди, шифохонага олиб бориб зарур даволаш ишларини олиб борди. Ана шу чақалоқ яқинда ўзини ҳаётга қайтарган шифокорни гулдаста билан йўқлаб келганида, Замирахоннинг қалбидан ажиб туйғулар ўтди. Кўзларидан беихтиёр қувонч ёшлари чиқди. Шифокорлик касбини танлаб адашмаганини, кўп одамларга ёрдами текканлигидан қувонди.

Ҳа, яхшилик, меҳр-оқибат унутилмайди. Бу йил ўзининг қутлуғ ёшини қаршилаётган Замирахон Зоҳидбоева ибратли оиланинг бахтли бекаси. Қолаверса, севимли касбининг моҳир устаси сифатида бугун ҳам болаларга соғлик улашишдан чарчамайди. Билим ва тажрибаларини эринмай шогирдларига ўргатади. Уларни малакали мутахассис бўлишлари учун қўлидан келган барча ёрдамни беради. Бундай эзгу ишлардан фақат бир олам бахт туядиган шифокорга ҳамма ҳавас қилади.

Машрабжон РАҲМОНОВ,

Шаҳрихон тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди