Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№26, 26.03.2015

Бугуннинг гапи

МАҚСАДИМИЗ - ЁШЛАРНИ КОМИЛ ИНСОН ҚИЛИБ ТАРБИЯЛАШ

Айни кунда маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси, диний ақидапарастликнинг олдини олиш йўналишларида олиб борилаётган ишларда отинойилар фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларнинг маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллар билан ҳамкорликда жойлардаги тўй ва маъракаларни ўтказиш, ўринсиз, динимизга зид бўлган турли маросимларни оммалашиб кетишига, ноқонуний диний сабоқ берилиш ҳолатларига йўл қўймаслик борасидаги ишлари, айниқса, эътиборга молик.

Отинойиларнинг опа-сингилларимиз, хусусан, ёш қизларга ўзларининг бой тажри-баларини ўргатиш, зарур маслаҳатлар бериш орқали уларни катта ҳаётга тайёрлашдаги хизматларини, айниқса, хотин-қизлар қўмиталари тавсиялари асосида олиб бораётган ибратли ишларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Қуйида намунали фаолият юритаётган отинойиларнинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари, долзарб муаммолар хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб, улар билан суҳбатда бўлдик.

Донохон МЕЛИБОЕВА, Қорасув шаҳридаги, Уч тегирмон МФЙ отинойиси:

- Юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига, пухта билим олишига, касб-ҳунар ўрганишларига катта эътибор қаратилаётган бир вақтда баъзи ёшларнинг турли оқимлар таъсирига тушиб қолаётганлигини асло оқлаб бўлмайди. Ёшлар ниҳолга ўхшайди, уларнинг ҳаётий фикрлари ҳали тўла шаклланиб улгурмаган бўлади. Уларни қай йўсинда парвариш этсангиз, ўшандай камол топади. У яшаётган муҳит қанчалик соғлом бўлса, у шунчалик баркамол вояга етади. Шунинг учун ҳам маҳаллаларда ҳар жиҳатдан соғлом муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Энг асосий вазифамиз ёшларни турли диний оқимларнинг жирканч ғоялари таъсиридан асрашдир.

Чунки, ҳали балоғат ёшидаги фарзандларимиз уйдан чиқиб, ён-атрофидагилар билан бевосита муносабатга киришади. Қўни-қўшни, маҳалладошлар, ўртоқларининг жамиятдаги жараёнлар ҳақидаги фикрлари уларга ўз таъсирини ўтказиши табиий. Ана шундан келиб чиқиб, маҳалламиз ёшларининг таълим-тарбияси, юриш-туриши, иш ёки ўқиш билан бандлиги ҳамиша бизнинг эътиборимизда. Ноқонуний диний ҳужралар фаолиятига йўл қўймаслик, ёшларнинг турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш учун ота-оналар, мактаб, лицей ва коллежлар ўқитувчилари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шунингдек, маҳалладаги ишсиз ёшларни ҳунарга жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам доимий эътиборимизда. Айниқса, "устоз-шогирд" анъанаси асосида кўплаб ёшларимиз турли ҳунарларни эгалламоқдалар.

Бундан ташқари, ёшларни оммавий маданият таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишда уларни фан ва спорт тўгаракларига жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу каби саъйи-ҳаракатлар, албатта, юртимиз эртаси бўлган ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук ва билимдон бўлиб улғайишларида муҳим аҳамият касб этади.

Муаззамхон ЖЎРАЕВА, Бўз тумани бош отинойиси:

- Оила - муқаддас даргоҳ. Оиладаги муҳит инсоннинг қандай шахс бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Оиланинг пойдевори қанчалик мустаҳкам бўлса, у ҳаётнинг "ёмғиру дўллари"га шунчалик чидамли бўлади.

Туманимизда 25 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида отинойилар иш олиб боради. Ҳафтанинг ҳар жума кунида улар иштирокида айни кундаги долзарб масалалар юзасидан давра суҳбатлари ўтказилади. Ана шу йиғинларимиз, умуман, фаолиятимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Бу албатта, ўз самарасини бермоқда. Туманимизда ажралиш, оилавий можаролар билан боғлиқ салбий ҳолатлар кескин камаймоқда.

Айниқса, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳамда никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтмасликларининг салбий оқибатлари ҳақидаги тарғибот-тушинтириш ишлари кўлами ортиб бормоқда. Шу ўринда ҳаётий бир воқеани айтиб ўтишни ўринли деб биламан.

Туманимиздаги қўшни қишлоқларда яшайдиган оилалар қуда бўлишга келишдилар. Совчилик, тўйгача бўлган маросимлар бирин-кетин ўтди. Бироқ, келин томон тўйдан аввал тиббий кўрикдан ўтишни рад этибди. Қизлари соғлом эканлигини айтиб, бу текширувнинг ҳожати йўқлигини билдиришибди. Куёв томоннинг кўнгли ғашланиб, бизга маслаҳат солди. Қиз тарафга ўзим бордим. Уларга ҳаётий воқеалар билан тиббий кўрик нечоғли зарурлигини, эртага кеч бўлиши мумкинлигини, агар вақти келиб, келин енгилроқ касал бўлиб қолса ҳам "ўзи касалванд қиз эди" деган тамға олмаслигини, соғлом ҳолда турмушга чиқаётганини шу текширув исботлашини тушунтирдим. Келин томон бу жиҳатларни ўйламай тиббий текширувни рад этишганини айтиб, узр сўрашди. Ёшлар тиббий кўрикдан ўтиб, оила қуришди, бугун аҳилликда яшашмоқда. Бундай ҳоллар, афсуски, оз бўлса-да, учраб туради.

Бундан ташқари, қизларимизни эрта турмушга бермаслик, ўғилларимизни барвақт уйламаслик борасида ҳам фаоллар, шифокорлар билан ҳамкорликда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Чунки, жисмонан камолга етмаган, зарур кўникмалари шаклланмаган ёшларнинг оилавий ҳаёт қийинчиликларига елка тутишлари осон бўлмайди. Орзу-ҳавас деб фарзандларининг ҳаётини азоб-уқубатга айлантираётган айрим ота-оналарга ана шу масалаларни тушунтиришда, албатта, биз отинойилар фаол бўлишимиз керак

Зиёдахон ЎТАНОВА, Балиқчи тумани, Бўстон МФЙ отинойиси:

- Ўзбекнинг тўй-тўркини кўп. Халқимизнинг меҳмоннавозлиги, қўли, кўнгли очиқлиги бор гап. Бироқ, ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши. Айниқса, тўй ва бошқа маросимларда ортиқча дабдабага, исрофгарчиликка йўл қўймаслик зарур.

Бугун айрим инсонлар томонидан қилинаётган тўйлар, издиҳомлар ва ҳатто, маъракаларга бориб қолсангиз, у ердаги исрофгарчиликни кўриб, кўнглингиз оғрийди. Бундай қилиш гуноҳ эканлигини, қолаверса, оилани иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга солишини, умуман, маросимларни камчиқим, камхарж қилиб ўтказиш зарурлигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Хусусан, тўй қилаётган хонадон соҳиблари билан маслаҳатлашиб, тўйни дабдабали қилиб ўтказмасдан, унга кетадиган ҳаражатни ёш оила учун керакли жиҳозлар олишга сарфлаш хусусида тушунтириш ишлари олиб боряпмиз.

Бизни ташвишга солаётган нарса яна шуки, ўтганларни хотирлаб ёзиладиган дастурхонни ҳам тўй дастурхонидай безатган, бу ҳам етмагандай келган-кетганни "пешдастурхон"у қимматбаҳо мато билан сийлаётган айрим кишиларнинг хою ҳавасга ўчлигидир. Ана шу каби ҳолатларнинг олдини олишга, маросимларни камчиқимлик, камхарж ўтказишга эришяпмиз.

* * *

Отинойилар томонидан юқорида айтилган фикр-мулоҳазалар жуда ўринли ва айни кунда қилиниши зарур бўлган муҳим вазифалардан эканлигига, албатта, ҳеч ким эътироз билдирмайди. Чунки диний ақидапарастлик ғояларининг жамиятимизда пайдо бўлиши истиқлолимизга, мустақил тараққиёт йўлимизга соя солади. Шу боис ҳам, ана шу иллатларнинг олдини олишга, айниқса, ёшларимиз тарбияси масаласига жиддий ёндашишимиз, уларни тўғри йўлдан адашмай, юрт равнақи учун хизмат қиладиган комил инсонлар қилиб тарбиялаш зарурлигини унутмаслигимиз лозим. Бу борада кўпни кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга отинойиларимиз ўзларининг оқилона йўл-йўриқлари, маслаҳатлари билан мавжуд муаммоларни ҳал этишга, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишларига асло шубҳа йўқ.

Зилола РАҲМОНОВА ёзиб олди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди