№26, 26.03.2015 ДЎСТЛИК
Ҳаётнинг ҳар бир саҳифаси олтин зарварақларга тўла. Умримиз давомида ибрат бўлгулик воқеаларнинг жуда кўп гувоҳига айланамиз. Инсонга берилган ҳаётнинг синов чизиқлари ҳам борки, улар одамларнинг иродасини, сабрини, матонатини синайди. Одамзодни қуршаган бахтли ва бахтсиз кунлар уни гоҳи сийлаб, гоҳи ташвишларга кўмиб юборади.
Сожида ёлғиз қиз бўлгани учунми, болалигидан айтгани - айтган, дегани - деган эди. Ҳамма нарсаси етарли. Истагани муҳайё. Мактабда ўқиб юрган кезлариёқ дадаси унга қўл телефони совға қилди. Қизалоқ борган сари қайсар ва ўжар бўлиб борар, ота-онаси бу ҳолатни ўсмирлик инжиқликлари деб қабул қиларди. Мактабдан кела солиб хонасидан чиқмай, телефонидан вертуал оламга саёҳат қилаётган қизни тўғри йўлга солишга уринган бувининг ҳам, онанинг ҳам, яқин дугонаси Зоҳиданинг ҳам ҳаракатлари бесамар эди.
Сожиданинг бутунлай акси бўлган дугонаси китобни севадиган, ақлли қиз. Дарсдан бўш вақтларида кутубхона сари ошиқади. Бироқ Сожиданинг дарсга қизиқишини оширолмай ҳалак.
Сожидани дарсга бормаганидан буён неча марта ўқитувчилари излаб келишди. Онаси бетоб деган баҳона билан уларни остонадан қайтарди. Охири Зоҳида ўзи дугонасини ўқишга қайтаришга аҳд қилди.
Дарвозани очган дугонасини таниёлмай қолди: афт-ангори, кийимлари ҳам алламбало, оғзида сақич... Тушунтиришлари бефойда эканини сезган Зоҳида тушкун кайфиятда ортига қайтди.
Эртаси куни эшитган нохуш хабари уни эсанкиратиб қўйди. Сожида тўсатдан катта тезликда келаётган машинага эътибор бермай халокатга учрабди. У дарҳол дугонасининг олдига - шифохонага югурди...
Сожиданинг тузалиб кетиши учун ҳамма қўлидан келганича ҳаракат қилди. Зоҳиданинг дадаси қўли енгил шифокор. Унинг ёрдами билан қиз оёққа тура бошлади. Зоҳида ҳар куни дарсдан сўнг касалхонага ошиқар, турли бадиий китоблар олиб келиб, дугонасига ўқиб берар, уни зериктирмасликка ҳаракат қиларди. Сожиданинг нафақат, танасидаги дард, балки маънавий дунёсидаги касалликлар ҳам чекина бошлади. У шифохонадан чиққанда, тамоман ўзга инсонга айланди. Коллеждаги гуруҳдошлари, ўқитувчиси, айниқса, яқин дугонаси Зоҳиданинг ёрдами билан зулматдан чиқди. Ўқишга қизиқиши ортди. Қилган хатоларини тўғрилаш, ота-онасининг юзини ерга қаратмасликка аҳд қилди. Бунинг учун астойдил ўқиб-изланиши кераклигини тушунди...
Ферузабону МАТКАРИМОВА.
|