№14, 02.04.2015 Мадҳ
АНДИЖОНИМ
Сой соҳили қирғоғида бир туп чинор тебранар, Андижоннинг боғларида доим меҳмон сийланар, олимлари-уламоси кашфиёт деб ўйланар, Андижондай юртнинг номи чин кўнгилдан куйланар.
Пахтасидан баланд тоғлар ясайдилар деҳқони, жаннатмакон боғу роғлар яратажак боғбони, истиқлол шамолида ҳилпирайди алвони, бир кўрганда сеҳрлагай ўтиб қолса жонони.
Бир мўъжиза рўй беради тупроғида ҳар баҳор, оби-ҳаёт тўлиб оқар булоғида ҳар баҳор, хонанданинг қўшиқлари қулоғида ҳар баҳор, талпинади она- юртнинг сўроғида ҳар баҳор. Бу кун қўли қадоқлидир дийдорини соғиндим, гоҳ Санобар гулёрини соғиндим. Иқболи қиз-аёлини соғиндим, марду майдон меҳригиё, лафзи ҳалолини соғиндим.
Осмонида турналари учганида бир қаранг, оналари полапонин қучганида бир қаранг, азон айтмай дарвозасин очганида бир қаранг. Яратганга шукур дебон яшайдилар беғубор, мустақиллик томон қадам ташлайдилар беғубор, яхши ишга, яхши кунга бошлайдилар беғубор. Равон-равон йўлларида сўлим шамол эсади, сарбонлари кеча-кундуз қутлуғ режа тузади. Элим, юртим жамоли деб субҳи-содиқ кезади, не дардинг бор шундоққина кўзларингдан сезади.
Буғдойларга хумдонлари тўлди букун воажаб, ҳордиқлари чиқиб дилдан кулди бу кун воажаб, ким ғолибу, ким мағлубдир билди бу кун воажаб, ҳап дегувчи нонкўрлари синди бу кун воажаб.
Андижоннинг саҳросида гуллар унар ёр-ёр, неча йиллик тарихида зарблар ётар ёр-ёр. Чегарада манман деган марди турар ёр-ёр, етмиш икки томиримда имкон оқар ёр-ёр. Ери бўстон одамлари саҳоватли, буғдой нонмас буғдой сўзли шафоатли, оғир кунда мурувватли, диёнатли, тўй-маърака тўрисида тиловатли. Ўғил-қизи ўнта бўлса кулиб келган, жудоликка шукур дебон кўниб келган, ўзи емай меҳмонига бўлиб берган, очиқ кўнгил қўни-қўшни тўлиб келган.
Обод, озод Ўзбекистон кўчалари, оппоқ-ойдин хосиятли кечалари, етти ўлчаб бир кесади режаларин, полвонига тан беради нечалари. Файзлидир қалдирғочли айвонлари, ҳавас қилинг, келди давру давронлари.
Бобур юрти Андижонга келинг, сиз ҳам, баланд кўркам иморатлар кўринг, сиз ҳам, дунё гўзал тургунича туринг, сиз ҳам. Андижоним-андажоним шундай гўзал, йилдан-йилга яна юксал, Андижоним, гўзал юртим, оққан дарё оқар азал.
Мукаррама ҒАНИЖОН қизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
|