№14, 02.04.2015 БАҲОР ХАЁЛЛАРИ
Баҳор ташрифидан кўнглимда орзу гуллари ғунчалай бошлади. Ҳушманзара табиат ҳавосидан, ўрик гулларидан маст бўлиб, вужудимга илиқлик қуйилади. Шаҳар. Кенг кўчалар. Машиналар шовқини. Одамлар табассуми ҳар бирини йўл-йўлакай кузатиб борарканман, хотиржамлик ҳисси томирларимда оқа бошлайди. Бу тасвирлар кўзларимга ўрнашиб олган, улар баҳор билан уйғунликда кўз олдимда камалак рангга бурканади.
Эшикдан остона хатлаб киришим билан бир гуруҳ жиянчаларим бағримга отилади. Шу тобда онам саломимга алик олиб, "яхши келдингми, қизим?" деб қаршимга пешвоз чиқади. Ҳали борлиқнида, дунёнида англамаган жажжи вужуд соғинч ила менга томон талпинади. Унинг беғубор вужудини бағримга босаман, митти қўлларидан, бешик иси анқиб турган юзларидан суйиб, ўпаман. Унинг мунчоқ кўзларига тикилиб, беором руҳим таскин топади.
Ҳовлимиздаги ўрик гулларига қарайман. Унинг капалак қанотидек гулбарглари биз учун мева бўлиб етилгунга қадар ўзини ўткинчи шамоллардан ҳимоя қилади. Қанийди, табиат ана шу сингари барчага бирдек сабр-тоқат дарсини ўтаса...
Хосият НИГОР.
|