№14, 02.04.2015
АЛЛА ТИНГЛАБ ҚУВОНГАН МОМО
Саксон ёшни қоралаб қолган Тўхтахон момо бетоб бўлиб ётиб қолди. Ҳалол меҳнат ортидан улғайган фарзандлар - беш ўғилу уч қиз оналарининг ёнида парвона. Шифокорлар келиб, момога дори-дармон ва ширин сўзлари билан муолажага келиб туришибди.
Уч кун деганда, момо ўзига келиб, тўнғич қизи Сожида опанинг ёрдамида ёстиққа суяниб ўтирди. Атрофига синчиклаб назар соларкан, ўғил-қизлари, келинлари ва яна бир-иккита яқин инсонлари ёнидалигидан дили ёришиб, вазминлик билан гап бошлади
- Муроджон қўшнимиз тўй қиламан, деб чоғланиб юрганди, ўтказиб олдими?
- Қўшнимиз кенжа ўғлини уйлантирди. Биз ҳам тўйда хизматда бўлдик, энажон, - жавоб берди қизлардан бири.
- Нариги маҳалладаги Наргиза холангнинг келини ҳомиладор эди. Эсон-омон қутулиб олдимикин?
- Наргиза холам ўғил набирали бўлдилар. Исмини Озодбек қўйишибди. Холамни табриклаб, оз бўлса ҳам, суюнчимизни бериб келдик. Сизга қайта-қайта салом деб юборди.
Ўз умридан мурод ҳосил қилган момо:
- Фарзандларим, умрингиз зиёда бўлсин. Кўнглим хотиржам бўлди, - дея қўлларини дуога очди.
Момо келини узатган пиёладаги чойдан ичди. Кейин ёнидаги Сожида опага юзланди.
- Қизим, мен болалик чоғларимда кўп алла эшитганман. Ота-онам ҳалол тер билан мени вояга етказишди. Онам раҳматли мени бешикка, ёз кунлари беланчакка солиб, алла айтиб ухлатардилар. Онамнинг айтиши бўйича, алла билан айтилган тилакка фаришталар "омин" деб тураркан. Мана энди кексайиб, онамнинг ўрнига сизларга эркалик қиламан. Ҳозир шу дамда онам айтган аллани эшитгим келяпти. Қизим, ўзинг билган аллангдан айтиб бергин.
Сожида опа онаизорнинг қўллари ва юзларини силаб, ўрнига ётқизиб қўйди. Сўнгра меҳридарё оналаримизга бағишлаб ёзилган шеърни алла оҳангига солиб майин овозда куйлай бошлади:
Онажоним, мушфиқим,
Бағри остонам, алла.
Дилни ёритгувчи,
Нури жаҳоним, алла.
Оппоқ сочларингиз,
Кўзимга суртай, алла.
Сиз менинг борлиғим,
Жон ичра жоним, алла...
Тўхтахон момо ёқимли қўшиқ - аллани тинглаб, мамнун ва хазин табассум ила қизига қараб қўйди.
Абдумутал ВАҲОБОВ,
Балиқчи тумани.
|