Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№14, 02.04.2015

Ҳикоя

БАҲОРНИНГ БЕБАҲО ТУҲФАСИ

Лола дераза рахига суянганча борлиқни кузатарди. Руҳни майин сийпалаб, вужудни аллалаётган баҳор шабодаси олис-олислардан орзу ифорини димоққа келтиради. Қиз мусаффо осмонга термулиб, ширин орзиқиб қўйди: "Баҳор келди". Баҳорнинг тонглари ажойиб-да!

Лола бу соҳир саҳарларни "умид наҳори" деб атайди. Ҳар йили баҳорда у ерга илинжсиз бош қўйган заъфарон япроқлар ўрнида мағрур ястанган яшил майсаларни, дарахтлар, гулу чечаклар бандида чуғурлашиб ўйнаётган жайдари, тўпори чумчуқларни эмас, серзавқ, хушхон булбулларни, атрофда серзарда, лоқайд кимсаларни эмас, оқибатли мулойим инсонларни кўради. Балки, ҳамма-ҳаммаси ўшандайлигича, ўз ҳолича бўлиши мумкин, аммо Лола учун ундай эмас. Қиз баҳор нафақат, табиатни, борлиқни, балки кишиларнинг феъл-атворини ҳам ўзгартиради, деб ўйлайди. Ким билади, бувиси, меҳрибон катта ойисининг қўлида тарбиялангани, дунёни муҳаббат ва гўзаллик, яхшилик ва меҳр устунлари ушлаб турибди, деган тамойилга асосланиб улғайгани боис, бу қизда шундай бокира тасаввур пайдо бўлгандир. Ундаги ботиний ҳусн, ички дунё чиройи, ҳали ҳеч қандай парирўйда йўқ. Унинг бутун бахту иқболи ҳам ана шу кўнгил мулки...

- Лола, бунча хаёл суриб қолдинг, қизим, ишга кечикасан, кел, нонуштангни қилиб ол.

Қиз овоз келган томонга қараб кулимсираган кўйи жавоб берди:

- Ҳозир, бувижон.

"Қанча эрта турмай, барибир бувимдан вақтли уйғонолмайман..." Қиз ички хижолатлик билан ювиниш хонасига ўтди. Илиқ сувда юз-қўлини чайиб, тоза сочиқда артина туриб, қаршисидаги кўзгуда аксини кўрди. Чеҳрасидаги майда ажинлар, кичик-кичик нуқтачалар ва... ва гавҳари ситилган бир кўзининг оқи... Бир муддат ойнага қараб ўксиниб қўйди. Ҳар нега қодир Аллоҳ нима учун дунё гўзаллигидан уни бебаҳра қолдирган? Майли, юзи гўзал бўлмаса ҳам, ойдек тиниқ бўлмаса ҳам, кўзлари... кўзи соғ бўлса эди... Қанийди, мўъжиза рўй бериб, унинг кўзи равшан тортса эди...

Лола ота-онасининг тўнғич фарзанди. Онаси билан дадаси севишиб, турмуш қуришган. Дадаси асли қишлоқдан, шаҳардан уйланиб, шу ерда яшаб қолган. Лола жажжи қизалоқлигини элас-элас эслайди. Ота-онаси билан қишлоққа борганлари, Лола у ерда мириқиб ариқларда чўмилгани, ўриклардан мазза қилиб егани, бувиси, бобосининг бағрида ўйнаганлари, сўнг қариндошларининг болалари билан беркинмачоқ ўйнагани ва ўша машъум оқшомда оғилга яширинганию чопиб кета туриб устундаги симнинг кўзига кириб кетгани...

...У анча пайт шифохонада ётди. Аввалига бир кўзининг кўрмаслиги Лолага кўп алам қилиб юрди. Инжиқ, гап кўтармайдиган бўлиб қолди. Ўша кезлари Лолага меҳрибон бувижониси ёрдамга келди. Ойисининг онаси. У дастлаб, қизи билан ўғлини хўп койидию, уларнинг ҳай-ҳайига қарамай қизалоқни ўзи билан уйига олиб кетди. Лоланинг онаси беш қиз бўлиб, ҳаммаси узатилиб, бувиси уч хонали уйда бир ўзи қолганди. Бувисининг айтишича, буваси Лоланинг онаси турмушга чиқишидан бир йилча олдин раҳматли бўлиб кетган экан. Хуллас, қизча бувиси билан яшай бошлади. Буви невара қизининг инжиқликларига меҳр билан жавоб қайтарар, Лолани сабрли бўлишга ундарди. Улғайган сари қизалоқ катталарга хос мушоҳадали, вазмин бўлиб борди. Мактабда ўзини камситган, кўнглини оғритган синфдошларидан хафа бўлмас, қайтанга, бувиси айтганидек, уларнинг ўзлари гуноҳга ботаётганидан хафа бўлиб кетарди. Бувисининг айтишича, бир кўзининг хиёл носоғлиги унинг қисматида бор битик экан. Худо ўзи суйган бандаларини дард билан, турли мусибатлар билан синаб, унинг бардошини имтиҳон қиларкан. Бувисининг панду насиҳатлари уни аламзадаликдан асраб, ярим кўнглини тўлдириб турарди. Аммо барибир одамлар орасида юришга, бошқалар билан дўстлашишга ийманарди.

Инсон деган билан ҳаммада ҳам одамийлик туйғулари бўлавермайди-да. Кимдир ўйлаб муомала қилади, яна биров эса орқа-олдига қарамай, оғзим бор деб, шундоқ ҳам кемтик кўнгилни чил-чил синдиради. Худди ишхоналаридаги Шаҳнозага ўхшаб. Унинг биргина совуқ гапи сабабли Лоланинг кайфияти маҳзун. Ҳозир ойнага қараб туриб, ўша гаплар яна хаёлини банд этди: "Лолахон, юраверасизми шундай, эшикнинг таққиллашини кутиб, битта-яримтани илинтирингда энди". Ҳамкасбининг беҳаёларча шанғиллашидан мияси ғовлаб, кўзлари тиниб кетди. Аёл дегани ҳам шу қадар сурбет бўладими?! Авваламбор бировнинг шахсий ишига аралашиб нима қилади? Майлида, Аллоҳ ҳар кимнинг ўзига инсофу тавфиқ берсин. Унинг измисиз товонга тикон кирмайди...

- Лола-ю, болажоним, нонуштанг совиб қолади-ку.

Қиз сочиқни ўрнига осиб, ошхонага ўтди:

- Ассалому алайкум, бувижон. Яхши дам олдингизми? Қон босимингиз безовта қилмаяптими?

Лола аста энгашиб бувисининг юзидан ўпиб қўйди.

- Ваалайкум ассалом, меҳрибоним. Яхши дам олдингми? Нега бунча маъюс кўринасан? Мазанг йўқми, қизалоғим?

Қурвон момо неварасининг ғамгин чеҳрасига ташвишли тикилди. Лоланинг маҳзун қиёфасида жилмайиш зоҳир бўлди:

- Бувижон, ҳаммаси жойида. Яхшиман...

Жавобини тугатолмади. Қалбидаги ўкинч, кемтиклик томоғини ғиппа бўғиб қўйди. Айтмагани билан, меҳрибон бувисидан яширгани билан барибир у билади. Маъюс кўзидан билиб олаверади...

- Қўй, болам, қаердаги нокасу нодоннинг гапларига эътибор бериб, юрагингни эзма.

Қурвон момо Лолани юпатишга уринди.

- Бувижон, мен нега туғилдим, нега?! Хунук, нотавон, бахтиқаро бўлиб, ҳаммага калака, масхара, бўлиш учунми?! Нега ўшанда кўзимга кириб кетган сим жонимни ола қолмади?! Бувижон, одамларга майна бўлишдан тўйдим!

Кампир ўксиб йиғлаётган неварасига қараб, кўнгли бузилдию сир - бой бермай, Лолани койий кетди:

- Шаккокликни бас қил! Тилини идора этолмайдиган нодонларнинг гап-сўзига эътибор берма. Иродали, сабрли бўл! Ҳиққиллаб йиғлаётган қизнинг уни пасайди.

- Эрталабдан кайфиятингни туширма, қизим. Иложи бўлса, бугун уйга вақтлироқ қайтгин. Лазиза холанг меҳмон бошлаб келмоқчи экан. Чой-пой, ош-овқатга қарармидинг, - момо Лолага саволчан тикилди.

- Хўп бўлади, ҳаракат қиламан.

Лола кўз ёшини артиб, пиёладаги чойини ҳўплади. Қурвон момо кўнглидаги гапни неварасига айтолмади. Лазиза қизи совчиларни бошлаб келмоқчилигини айтди. Йигитнинг оиласи яхши, обрў-эътиборли кишилар бўлиб, йигит хорижга ишлагани бориб, бир қўлидан ажраб келган экан. Қурвон момонинг қизи билан куёви эшитса, яна дунёни остин-устун қилиб юборишади. "Йигитнинг айби бор экан", "уёқ экан, буёқ экан" деб. Ўтган сафар автоҳалокат сабаб, қамалиб чиққан йигитдан келган совчилар Қурвон момога анча маъқул келганди. Лоланинг ота-онаси, "энди қамалиб чиққанга қиз берамизми?" деб рози бўлишмаганди. Момо ўшанда, "сизларнинг эътиборсизлигингиз сабаб, қизгинам шу аҳволга тушиб, айбли бўлиб қолди!" деб узиб-узиб олгиси келдию, яна тилини тишлади: Бу билан бирор нима ўзгариб қолармиди? Энди бу сафарги совчиларни қуруқ қайтармаслик керак. Меҳмонлар келиб-кетишсин-чи, Лолани олдига олиб, бафуржа гаплашади. У ақлли қиз. Ҳаммасини тушунади. Қизи, албатта, бахтли бўлиши керак...

- Бувижон, яхши ўтиринг. Мен ишга кетяпман. Эртароқ қайтаман. Қани бир дуо қилинг-чи, - Лола бувисидан олдин ўзи дуога қўл очди.

- Илоҳо омин, соғ-саломат бориб кел. Бало-қазо, офатлардан ҳаммани асрасин. Худойим йўлингни очиқ, мушкулингни осон қилсин, Аллоҳу акбар. Майли, қизим, яхши бор.

Баҳор нафаси уфуриб турган сўлим кўчалар аро юриб кетаётган Лоланинг кўнглидан эрталабки нохушлик ариди. Тунги ёмғир борлиқдаги ғуборларни батамом ювиб ўтган, мусаффо осмон узра чарақлаб турган қуёш юракка умид нурларини соларди. Қалбида ажиб, исм-сиз, хушёқар ҳисларни туйиб, энтикканча ишхонасига етиб келди. Ўша совуқсўз Шаҳнозага кўзи тушмаслиги учун дарров хонасига кирдию, ишига шўнғиб кетди. Лола шаҳар ижтимоий таъминот бўлимида ҳисобчи-мутахассис бўлиб ишлайди. Кичкиналигида ногиронлик нафақасини тўғрилаш учун бувиси билан бу ерга келиб турарди. Тақдирнинг ишларини қарангки, иқтисодиёт коллежини тамомлаб иш қидириб юрганида, бир курсдошининг маслаҳати билан шу даргоҳнинг эшигини умидвор тақиллатди. Ризқ-насибаси шу жойда экан, олти йилдан бери ишлаб келяпти. Хушмуомалалиги, ширинсўзлиги билан иш юзасидан келиб-кетгувчиларнинг меҳрини қозонди.

Лола электр чойнакда қайнаётган сувдан чой дамлаб олдию, иш столи устида қалашиб ётган қоғозларга шўнғиб кетди. Рақамлар, ҳисоб-китобларга берилиб, туш вақти бўлганини ҳам сезмай қолган Лола, эшик устидаги соатга кўзи тушиб, бувисига берган ваъдасини эслади. Дарҳол ишларини йиғиштириб ва жавоб сўраш учун бошлиқнинг хонасига йўналди. Рухсат тегибоқ бекатга чопди. Меҳмонлар келган бўлса, бувиси уларга қарасинми, ошхонада куймалансинми, ишга берилиб, бувисининг гапи хаёлидан фаромуш бўлибди-да. Лола йўлдан такси тутиб уйига етиб келди. Ўйлаганидек меҳмонлар аллақачон келишган, ҳар тугул Лазиза холаси кириб-чиқиб, чой-пойга қараб турган экан. У меҳмонлар билан кўришиб чиқди-ю, дарҳол ўзини ошхонага олди. Энди сабзи-пиёзни арчиб тўғрашга тушганди, ташқаридан меҳмонларнинг хайр-хўшлаганлари қулоғига чалинди. Бу орада Лазиза келиб жияни билан хайрлашди:

- Лолажон, бўпти, биз кетдик. Аям сенга ҳаммасини тушунтирадилар. Булар яна келишади. Майли, яхши қол.

Холасининг ана шундай узуқ-юлуқ гапларидан англаб етдики, меҳмонлар унга келишган экан. Яъни совчилар... Қизнинг кўнгли яна ўкинч денгизи ичра ғарқ бўлди: "Яна бир дунё ғавғо..."

- Болам, ҳалигилар холангнинг маҳалласидан экан... - Лола бир нуқтага тикилганча, бувисининг гапларини тинглаб ўтирарди. - Йигит сендан икки ёш катта экан. Ҳунарманд экан... Заргар...

Лола "ялт" этиб бувисига қаради.

- Гап шундаки, бундан икки йилча олдин ота-онасининг норозилигига қарамай, хорижга ишлагани борибди ва бир қўлининг панжаларидан ажраб келибди...

Қиз ҳўнграб юборди. Неварасининг хўрсиниб ёш тўкаётганидан юрак-бағри эзилиб кетган Қурвон момонинг кўзларидан ҳам томчилар томди:

- Жон қизим, нега йиғлайсан, ахир? Ҳали йигитни кўр, гаплаш. Сени биров мажбурламайди, болам. Кўзим очиқлигида сенинг бахтингни кўрай, дейман-да. Саксонни қоралаб қўйдим. Болажоним, эртага йигит ишхонангга ўтаркан. Гаплашиб кўр. Шояд, юлдузинглар тўғри келиб қолса... Зора, сенга ёқса...

Оҳ, бувижониси. Бу дунёда уни ҳеч ким бувисичалик тушунолмайди. Ҳатто, ота-онаси ҳам. Шунинг учун уларнинг олдига тез-тез бормайди. Бувиси Лола мактабни тугатиш арафасида ўзлари яшаётган уйни унинг номига расмийлаштирган эди. Ўшанда дадаси:

- Раҳмат, аяжон. Лола кейинчалик бу ерда бирорта укаси ёки синглисининг болаларидан бирини асраб олиб яшайди-да, - деганди. Бувиси бу совуқ гап учун дадасини қаттиқ жеркиб берганди:

- Нимага энди?! Менинг қизим бировларнинг боласига энагалик қиларканми?! Ўзини узатаман, бола-чақали бўлиб, эри билан шу ерда менинг хизматимда яшайди.

Лола ва унга ўхшаганларнинг кўнгли ниҳоятда нозик бўлади. Ўз яқинларининг бир оғиз ўйламай айтган гапи ҳам яра бўлиб қолаверади кўнглида. Лола ҳозир бувисининг гапларини эшита туриб, юракларининг туб-тубида дард симиллади. Балоғат остонасига қадам қўйганидан бери ўзи билан тенгдош бўлган қизларнинг йигитлардан севги изҳори битилган мактублар олишини, ҳуснини кўз-кўз этиб, учрашувларга чиқишини кўриб, ярим кўнгли баттар чўкиб қоларди. Унинг гуноҳи нима?

Бувиси йигитнинг унга ёқишини ўйлаяпти. Лола-чи, Лола у йигитга ёқармикин? Қизнинг дарди ана шу ўй. Уни кўриб, "вой, бир кўзи ожиз бўлгани етмай, роса хунук ҳам экан", деб нари кетса-чи? Унга барибир, хунукми, қорами, бадбашарами, бошида турмуш ўртоғи, суянчиғи бўлса бас. Унинг хизматини адо этиб, ширин-шакар, чиройли, кўзлари юлдуздек чақноқ фарзандлар кўрса. Уларни асраб-авайлаб ўтирса, тарбияласа. Унинг ярим кўнгли ҳам бахтдан умидвор, иқболдан орзуманд. Лекин ўша кунлар қачон келаркин...

Эртаси куни ишхонасига ҳақиқатдан ҳам бир йигит уни излаб келди. Лола хонасига рухсат сўраб, ийманибгина кирган йигитга кўз қири билан зимдан назар солди. Уни кузат- ди-ю, ичидан зил кетди. Йигит хушбичим, келишган экан. Қош-кўзи ҳам чиройли юзига муносиб. У Лолани хушлармикин? Қиз бошини эгиб олганча ҳузуридаги йигитнинг саволларига жавоб бера бошлади. Лола ундан ҳеч нарсани сўрамади. Бир муддатлик сукунатдан сўнг йигит кеч-қурун телефон қилиш учун қиздан изн сўради ва хайрлашиб кетди. У кетгач, Лола узоқ йиғлади. Сабабини ўзи ҳам англамаган тарзда унсиз ёш тўкди. Осмон ҳам қизгинанинг армонларига эш бўлди чоғи, шу куни кечгача ёмғир қуйди. Лола йигитнинг қўнғироғини кутмади. У хайрлашиш олдидан шу баҳонани топиб вазиятдан чиқиб кетди, деган ўйда эди. Шу сабаб ҳам бувисининг "йигит ишхонангга бордими? Қалай маъқулми?" деган саволларига сўзсиз бош ирғаб "билмасам" дегандай жавоб қилиш билан кифояланди. Кечқурун дастурхонга ишлатилган идишларни ювиб ўз ўрнига қўяркан, даҳлиздан эшитилган телефон қўнғироғидан Лоланинг юраги ҳапқириб кетди: "Наҳотки?!" Қиз телефон аппаратига яқинлашгунига қадар чақириқ уч-тўрт марта такрорланди. Ҳаяжон ичида гўшакни кўтариб, жавоб берди:

- Лаббай?

- Лолахон, ўзингизмисиз?

- Ҳа...

- Хайрли оқшом...

- Раҳмат ўзингизга ҳам...

- Безовта қилмадимми?...

- Йўқ... Бемалол...

Икки томон ҳам ҳаяжон ва хижолатлик аро бир зум индамай туришди. Сўнг бир-бирларидан кун қандай якунлангани ҳақида бараварига савол бериб жиндек кулишиб олдилар. Ана шу беғубор кулги орадаги бегоналик пардасини узиб ташлади. Улар бир соатча суҳбатлашишди. Ишларидан, қизиқишларидан, ҳаётда гувоҳи бўлган аччиқ-ширин хотиралардан. Гурунг мобайнида иккаласи ҳам бир-бирининг кўнглидаги инсон эканлигига ич-ичдан ишонч ҳосил қилишди. Ширин ва мазмунли суҳбат эртага дийдорлашишга келишиш билан интиҳо топди. Лола гўшакни ўрнига қўйиб, ширин орзулар оғушида мамнун жилмайиб қўйди. Эртага умидлар алласидан отадиган ойдин тонг, унга аталган иқбол куни бўлиши муқаррар эди. Лола юрагини ҳапқиртириб юборган орзулардан мамнун уйқуга кетди...

Рухшона ФАРРУХ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди