№15, 09.04.2015 Кечинма
ҚАЛБГА ИНГАН ҲАҚИҚАТЛАР
Инсоннинг кўнгли денгизга ўхшайди. Унда жўш урган туйғулар, кечинмалар худдики денгиз мавжларидай гоҳ исён қилади, гоҳида эса сокинликдан куч олади.
Тақдир йўллари ўнқир-чўнқир, унда ногоҳ муаммога дуч келиб қолсак, Яратганга ёлворамиз. Аммо ҳақиқат шуки, масаланинг ечимини топгач, ўзимизни, уддабуронлигимизни мақташга тушамиз...
Қадамимиз етиб бормаган маконлардаги машҳурлик шохсупасида даврон сураётган одамларни таниймизу, бироқ дарвозамиз ёнидан ҳар куни ўтадиган қўни-қўшнимизни танимаймиз...
Дийдорини умуман кўрмаган, учрашмаган инсонларимиз билан вақти келса, ижтимоий тармоқларда соатлаб беҳуда "гап сотамиз"у, лекин ҳар куни неча бор бир-биримизга дуч келадиган инсонларимизнинг ҳатто исмларини ҳам билмаймиз...
Кўча-кўйдаги ўз хатосига ўзи кўмилиб юрган кимсалар ғийбатидан чарчамаймиз, бироқ ўзимизнинг фар- зандларимиз айни дамда қаерда ёки қай юмуш билан шуғулланаётганига эътибор бермаймиз...
Узоқни кўзлаймиз, яқинни кўрмаймиз. Йўқ нарсадан умид қилиб, борини ҳам бой берамиз...
Мадина НЕЪМАТЖОНОВА,
Андижон индустриал педагогика коллежи ўқувчиси.
|