№15, 09.04.2015 Ҳаёт - ибрат мактаби
"КАТТА БЎЛГИМ КЕЛМАЯПТИ"
Биринчи синфда одобномадан дарс ўтаётган Руқия опа ўқувчиларга савол берди:
- Катта бўлсангиз, ким бўлмоқчисиз?
Табиийки, болалар бир-бирига гал бермай, турли касблар ҳақида чуғурлай кетишди. Орқа парталардан бирида ўтирган Солижон негадир суҳбатга қўшилмас, нуқул бир нуқтага тикилганча ўйланарди.
- Сен-чи, Солижон, сен ким бўлмоқчисан? - ўқитувчи уни суҳбатга тортмоқчи бўлди.
- Устоз, мени катта бўлгим келмаяпти, - эшитилар-эшитилмас жавоб берди бола.
- Нега ундай дейсан, ўғлим?
Устоз боланинг қалбини қандайдир дард кемираётганини сезиб, уни ортиқ сўроққа тутмади.
Дарс тугади. Руқия опа болаларга жавоб бериб, Солижонни олиб қолди.
- Бу ёққа кел-чи, Солижон. Бирор еринг оғрияптими?
- Йўқ, - четга қараб жавоб берди ийманиб бола.
Устоз у ёқ, бу ёқдан гапириб, боланинг кайфиятини кўтарди. Сўнгра сўради:
- Солижон, нега катта бўлгинг келмайди, болам?
Саволни эшитиб, бола янада маъюсланиб қолди. Кейин хўрсинди-да:
- Катталар ёмон, устоз, сиз эмас, бошқа катталар, - айб иш қилиб қўйгандек дудуқланди бола.
- Қайси катталар бўлмаса, - кулимсиради ўқитувчи.
- Дадам, ойим, бувим...
- Нега ундай дейсан, улар яхши-ку. Даданг ишлаб сени боқса, яхши кийимлар, китоб-лар, ўйинчоқлар олиб берса, ойинг ширин овқатлар пиширса, кийимларингни оппоқ қилиб берса, бувинг яхши эртаклар айтиб берса, сен уларни ёмон десанг, уят эмасми, ўғлим?
Солижон фикрини тушунтиролмай қийналиб кетди, унсиз йиғларди:
- Ойим билан бувим ҳар куни уришишади. Дадам ишдан ичиб келиб, ойимни уради... Яхши кийимлар, ўйинчоқлар олиб беришмаса ҳам, майли, кийимларимни ҳам ўзим юваман, эртак эшитмасам ҳам, майли, улар уришишмаса бўлгани эди...
Бола бошқа сўзлай олмади. У ўзига тинчлик керак эканлигини тушунтиролмай қийналаётган эди.
Бу ҳолат оз вақт ичида юзага келмаган, албатта. Устоз сездики, оилада соғлом муҳит бузилган. Бу эса болаларга ёмон таъсир кўрсатаяпти. Боланинг руҳи синган, ўзига ишончи йўқолиб, умидсизликка тушиб қолган. Унинг тез-тез касал бўлиб туриши, бўйининг пастлиги, рангпар чеҳрасининг доимо тунд юришининг сабаби ҳам шунда эди.
Бегуноҳ бола қаршисида ўзини айбдордек ҳис қилган устоз унга қандай ёрдам бериш ҳақида ўйлаб қолди...
Барно ШЕРАЛИ қизи.
|