Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№15, 09.04.2015

Ҳикоя

РАШК

Истеъдодли адиб, моҳир журналист Восит АҲМАД ўзига хос ижоди билан ўқувчилар ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлган ижодкорлардан биридир. Айниқса, унинг "Бошлиқнинг шолчаси", "Дум", "Қизиқчининг ўлими", "Директор учун бомба" ҳажвий ҳикоялар ҳамда "Ҳаёт чироғи", "Ҳақ ишқида", Синовли йиллар" номли маънавий-маърифий мақолалар тўпламлари китобхонлар томонидан севиб ўқиб келинмоқда.

Тошкентдаги "Наврўз" нашриётида нашрдан чиққан "Баобабни қайдан топаман?" деб номланган китобни ёзувчининг ҳажвия ихлосмандларига навбатдаги туҳфаси дейиш мумкин. Ушбу китобга киритилган ҳажвий асарлар ҳаётийлиги, мавзуларнинг ўзига хос талқин этилиши, чиройли деталларга бойлиги, айниқса, содда ва равон услубда ёзилганлиги билан эътиборга молик. Шунингдек, тўпламдаги хориж ёзувчилари ижодидан қилинган таржималар ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.

Мухтасар айтганда, газетхонларга ушбу тўпламни, ўқиб чиқишларини тавсия этамиз. Ишонамизки, китоб албатта, Сизларга манзур бўлади.

Қуйида ана шу тўпламга киритилган ҳажвий ҳикоялардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ҳамма можаро у кутубхонадан олган китоб ичидан номаълум қизнинг сурати чиқиб қолишидан бошланди. Хотини суратни Ҳафизовнинг нақ кўзига ниқтаб дағдаға қилди:

- Бу ким?!

- Билмадим, - деди эри ҳайрон бўлиб, биринчи марта кўриб турган қиз суратига боқиб. - Кутубхонанинг бирор аъзоси унутиб қолдиргандир-да.

- Йўқ, эржон, чайналманг. Нима учун бу сурат "именно" сиз олган китобдан чиқади?

Шу-шу эр тинчини йўқотди. Энди у на туфлисини мойлай олади, на сочини тарайди.

- Ҳа-а, учрашув борми бугун? Бунча ясанмасангиз?!

- Ахир, - дейдию, мум тишлайди табиатан содда, анча бўшашган Ҳафизов. Бу эса хотиннинг фиғонини янада кўтарарди.

Кунларнинг бирида Ҳафизов ҳамкасблари билан сайрга чиқадиган бўлиб қолди. Бироқ минбаъд хотинига буни тушунтира олмади.

- Йўқ, йўқ! Сиз ўша билан кетяпсиз.

- Ахир, тушун. Ишхонадагилар билан борамиз. Шерикларим аёлларини олишмаганди...

- Ўзингиз кимсиз-у, ҳамкасбларингиз ким бўларди? Уларда ҳам бордир-да...

Ўйлаб кўринг, сабрнинг ҳам чегараси бўлади. Сабр косаси тўлса, ҳар қандай ювош эр ҳам... У хотинини сўкиб юборди.

- Ҳмм, шунақа-да, топиб олгансиз-да. Энди керак эмасман-да. Ундан кўра, кетавер денг.

Ҳафизов не дейишини билмай яна жим қолди. У бора-бора хотинига "Шимни дазмолла", "Рўмолчам қани?", "Кўйлагимни ювдингми?" дейишга ҳам ботинолмай қолди. Бу ҳам, майли: Бир куни кечқурун тамадди қилиб ўтиришарди. Овқатни энди оғзига олган эр бирдан тиқилиб қолса бўладими?

- Ҳеч бўлмаса, овқат пайтида ўйламанг. Илингандирсиз-да.

- Ғирт аҳмоқ экансан, - дедию, хотинининг юзига тарсаки тортиб юборди.

- Уринг, ураверинг, ўлдиринг, қутуласиз, кейин олиб келиб, яшайверасиз ўша билан.

Шу-шу унинг атрофига хотини томонидан қизил ип тортилди. Ундан нарига ўтсин-чи. У энди бирор аёл билан сўрашмас, таниш қизнинг саломига алик ололмас эди. Бирор дўконга кирса, албатта, эркак сотувчига мурожаат қилар, агар сотувчилар фақат аёллар бўлса, бошқа дўкон томон йўл оларди. Болаларни боғчага хотинининг ўзи олиб борадиган бўлди. Чунки у ерда ҳамма ходимлар аёллар-да.

Ахир одам темир эмас. Бу ўз касрини кўрсатди. Аввалига унинг санчиб-санчиб турадиган юраги кунларнинг бирида қаттиқ ушлади. Биринчи марта албатта. У уйда анча ётди. Хотини ҳам бироз бўшашгандек эди. Унинг анча соғайиб қолган кунлари эди. Хотини унга меҳрибонлик билан деди:

- Кўзларингиз киртайиб, анча озиб қолдингиз. Ҳаммасига ўша айбдор. Ҳа, топиб олганимдами?!

У шундай дея тишларини ғижирлатди. Бу ҳам Ҳафизовга қимматга тушди. Шу лаҳзадаёқ унинг килкиллаб турган юраги иккинчи марта қаттиқ ларзага келди. У шифохонага ётқизилди. Хотини ундан ҳар куни хабар олар, ҳар сафар ёнида бир ҳамшира қизни кўрарди. Унинг эрига меҳрибонликлари унда шубҳа уйғотди. Назарида қиз эрига ўзгаларга нисбатан бошқачароқ муомала қилаётгандек бўлар, унинг шубҳаси ортиб борарди. Ўша кунларнинг бирида Ҳафизовнинг хотини ҳамшира қиз билан суҳбатлашиб қолди.

- Сиз бахтли аёл экансиз. Эрингиз нақадар камтарин, камсуқум одам экан. ичида ҳеч кири йўқ, - деди унга ҳавас билан боқиб.

Аммо хотиннинг шубҳаси шу билан сўнгги нуқтага етиб келганди. "Ҳа, шу-шу, топдим. "Наконец"".

- Сен экансан-да!

Ҳамшира бу дағдағадан чўчиб унга қаради. Хотин эса унинг билагидан шартта ушладию, эри ётган палата томон тортқилади.

- Ҳа, манжалақи, ҳамма ишни булғаб юрган, эримни йўлдан оздирган сен экансан-да!

Ҳамшира қиз ҳеч нарсадан бехабар, уни тўхтатмоқчи бўлар, нима бўлаётганига тушуна олмасди.

- Ҳозир эрингиз нозик ҳолатда. Унга сиқилиш асло мумкин эмас, - дея олди у.

Хотин эса унинг ёлворишига қулоқ солмай, уни зарб билан эри ётган палатага олиб кирди.

- Шуми-шуми? - дерди оғзидан кўпик сочиб, ашаддий душманни қўлга туширгандек ғолибона.

- Ким, нима? - деди эри бошини хиёл кўтариб ҳеч нарсага тушунмай.

- Ўша, сизни йўлдан оздирган-да. Суратдагига унча ўхшамайди, лекин кўнглим сезяпти...

Ҳафизовнинг юраги яна ушлади. Охирги марта қаттиқ мижиғлади. Унинг кўзларида хотинига нисбатан беҳад нафрат, ҳамшира қизга нисбатан эса узрли нигоҳ қотиб қолганди. Хотини дод солиб эрининг устига ўзини отди. Кейин "Сен ўлдирдинг", дея ҳамшира қизга ташланди...

Восит АҲМАД.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди