Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№15, 09.04.2015

Турмуш чорраҳаларида

МЕНИ АЙБДОР ДЕМАНГ, ОДАМЛАР...

Бирор ишимиз катталарга маъқул келса: "Илоҳим, бахтли-саодатли бўл, иқболинг кулсин, толеъинг порлоқ бўлсин" дея дуолар қилишади. Аёлга фақат эр уйидан бахт топиш тақдир қилинган. Бошқачасига унинг бахтли бўлиши жуда мушкул.

Ҳар бир қиз бўйи етиб балоғат остонасига қадам қўйган дамларидан бошлаб, бахтли бўлишни орзу қилади. Кўпинча, қизларга совчи келиб, нон синдирилиб, унаштирилса, "бахти очилсин" деб ният қилинади. Бу бахт кошонасига, орзулар ижобати сари қўйилган қадам бўлади. Бироқ айнан мана шу нарса менинг бахтим бойланишига олиб келди. Нега, деб ҳайрон бўлишингиз табиий. Келинг, сизга аччиқ қисматим ҳақида айтиб берай. Менга ҳеч ким ёрдам бера олмаса-да, зора дардим енгиллашар.

Ота-она ризолиги

муҳаббатга сабаб бўлди

Хуллас, ҳуқуқшунослик институтини тамомлагач, туғилиб ўсган қишлоғимга қайтдим. Ота-онамга берган ваъдамга содиқ қолиб, улар куёвликка танлаган йигитга турмушга чиқишга розилик бердим. Бир-икки учрашувдаёқ бир-биримизга боғланиб қолдик. Анвар ака билан ҳамкасблигимизми ёки бир-биримизни осон тушунишимиз сабабми, ота-оналаримиз орзуси дилларимизни ҳам бирлаштирди. Кўп ўтмай, фотиҳа қилишиб, тўй кунини белгилашди. Анвар акамнинг маслаҳати билан туман судига ишга жойлашдим. Биз ҳар куни бирга ишга бориб, бирга қайтардик. Баъзан шундай йигитга мени муносиб кўрганлари учун, ота-онамдан, тақдиримдан беҳад мамнун эдим. Шундай пайтларда, биров елкамдан тутиб, шукрона айтишимни, ҳали қўлимга қўниб улгурмаган бахтга бунчалик ҳаволанмаслигимни айтганида, балки ҳозир кўз ёшларга кўмилиб, изтиробдан чўкиб қолмаган бўлармидим…

Келин бўлмай... бева бўлдим

Бир куни тонгда уйғонсам, уйимдагиларнинг нигоҳида ғалати ифода. Негадир ҳамма менга қарашдан ўзини олиб қочяпти. Тундаги безовталигим, алақ-жалақ тушлар кўриб, қўрқувдан ухлолмай чиққанимни айтиш учун онамнинг ёнига кирдим. Улар йиғидан шишган кўзларини нигоҳларимдан яшириб, йиғламсираган товушда секингина:

- Қизим… Бардам бўл, онанг айлансин… тақдирингда шу кунлар ҳам бор экан-да, иложимиз қанча?.. Кеча ишдан қайтаётганида Анваржоннинг машинасини катта юк машинаси пачақлаб юборибди… Бугун тунда жасадни олиб келишибди… Бечора…

Онамнинг бошқа гапи қулоғимга кирмади. Югуриб ташқарига чиқдим. Дод деб йиғлагим, дунёларни бошимга кўтариб фарёд солгим келди. Бироқ… Ҳаё ва андиша мени тўхтатди. Томоғимни бўғиб қўйган алам овозимни ташқарига чиқаргани қўймади. Хонамга кириб, эшикни қулфлаб олиб, бутун вужудим билан унсиз йиғладим. Дунёнинг бевафолигидан, бахтнинг, шодликнинг омонатлигидан ўкиниб ёш тўкдим. Шу йиллар мобайнида қаерда хато қилиб, қаерда янглиш қадам босганимни, қайси номақбул ишларим учун бундай синову жазога йўлиққанимни кўп ўйладим.

Қайси гуноҳим учун?

Телбага айланиб қолаёздим. Анвар акамнинг кулимсираган чеҳраси, ўтирсам ҳам, турсам ҳам кўз ўнгимдан нари кетмасди. Бу ҳолимни кўрган катталар, мени шаккокликда айблаб, ўзимни қўлга олишимни айтиб койишарди. Кўру карга, гунгу соқовга айланиб қолдим. Ишга ҳам бормай қўйдим. Кўчада юрсам, Анвар акам билан бирга ўтган жойларни, бирга овқатланган ошхоналарни кўриб, оташ ичра ёнардим.

Бўйнимга осилган тавқи лаънат

Анвар акамнинг қирқи ўтгач, ота-оналари маҳалламиз имомини бошлаб келишди ва расм-русумини қилиб, фотиҳани бузишди. Чиқиб кетаётганларида, марҳум қайлиғимнинг онаси, уввос тортиб йиғлаганча:

- Шумқадам, бехосият! Қайдан ҳам шу қизни келин қиламан, дебман-а! Болагинам жувонмарг бўлди, хазон бўлди. Илойим, касофатинг ўзингга урсин, шумқадам! - деб чиқиб кетди. Мен ичкари уйда қон қақшаганча ҳаммасини эшитаётган эдим. Ҳеч ким Анвар акамнинг онасини қарғашдан, мени айбдор қилишдан тўхтата олмади… Шу-шу номим шумқадам қиз бўлган. Тақдиримни ўйлаб, эзиламан. Наҳотки, Аллоҳ берган қисматга мен айбдор бўлсам?! Ахир, ўзимга қолса, шу азобларни ҳеч кимга раво кўрмасдим-ку! Келинлик сарполари кийилмай, сандиқда моғорлаб кетган, қаллиғи тўйга икки ҳафта қолганда қазо қилган қизга одамлар шунчалар зулм қилишларига асло чидай олмайман.

Мени айбдор қилманг, одамлар!

Ўша мудҳиш воқеаларга ҳам саккиз йилдан ошди. Шошқалоқ йиллар мени етаклаб ўттиздан ошириб қўйди. Мен тенгиларнинг оиласи бор, бахти бекам. Мендан эса ҳамма жирканади, ўзларини олиб қочади. Энг алам қиларлиси, ака-укаларимнинг хотинлари - уйдаги келинлар ҳам мени ёмон кўришади. Худо бахтимни очиб, узатилиб кетсам, тушган жойимни обод қиламан, эримга садоқатли, вафодор жуфт бўлиб, фарзандлар кўрсам, уларни билимли, ақлли қилиб тарбиялайман, деб ният қиламан. Аммо шумқадам деб ном олган қизга ҳеч ким, ҳатто хотини ўлган ҳам, харидор бўлмас экан. Менинг айбим нима, гуноҳим нима?! Агар Анвар аканинг тақдирида тўй кўрмай, куёв бўлмай вафот этиш битилган экан, нега одамлар мени айбдор қилишади?!

Бугун газетага дардларимни ёзиб, одамларга, мени гуноҳкор санаб, мендан нафратланаётганларга қарата:

Гуноҳкор эмасман, етар айбламанг!

Қисматнинг бу шум имтиҳонида.

Айбдор эмасман, мени хўрламанг,

Аллоҳнинг хоҳиши, иродасида!

Билсам кипригимда асрамасмидим,

Қаллиғим деб билган банданинг

жонин?

Нетай, шу кўргилик,

тақдирим экан,

Кўнгил кемтиклик экан, менинг

қисматим…

демоқчи бўламан.

Одамлар, илтимос, мени айбдор билманг. Мен шумқадам эмасман… Мен ҳам бошқа қизлардек бахтли бўлишни, оилам, турмуш ўртоғим, қўша-қўша фарзандларим бўлишини истайман.

Куйган кўнгил изтиробини ФАРЗОНА нашрга тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди