Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№16, 16.04.2015

Шеърият гулшани

СОҒИНЧ

Замин ягонадир - Ватан биттадир,

Машҳурий жаҳоним Ўзбекистоним.

Фахрингдан ўзбеклик бахтини туйиб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

Болам алласига қўшиб айтганим,

Сен ўзинг суянчим, тинчлигим, тахтим.

Шону шукуҳингга дилдан қувониб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

Бадарға қилинган асл ўзбеклар,

Бағрингга интилиб яшаган беклар.

Соғинчдан сарғайган Бобурни эслаб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

Хорижга чиқмоқлик асли бир ҳавас,

Ўзингнинг корингга яраб турсам бас.

Устози илмлик касбим улуғлаб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

Буюк аждодларим ўтган маконим,

Авлодимга мерос улкан имконим.

Бир кафт тупроғингга бир кун айланиб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

Муборакхон МАҲМУДОВА,

Марҳамат тумани.

ЁМҒИР БЎЛИБ ҚУЙИЛАР АРМОН

Деразамнинг остида тунда,

Эшитилади ёмғир шитирлаб.

Ўша олис хотирни шунда,

Ёдга солар аста шивирлаб.

Ўтган йиллар, ўтган фурсатлар,

Хаёлларни ўғирлар ҳамон.

Дил йиғласа, шунча хурсандлар,

Ёмғир бўлиб қуйилар армон.

Қара, яна ёғмоқда ёмғир,

Мендек дилгир, мендек йиғлоқи.

Ўйларимга ўзим-да асир,

Қайнаб чиқар алам булоғи.

Бир хўрсиниб, оғир тин олиб,

Муҳаббатни этаман сағир.

Хотирани бағримга солиб,

Ёғаверар бағритош ёмғир.

Сайёра ОМОНУЛЛАЕВА,

Андижон шаҳри.

МУСТАҚИЛ ЮРТ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

Ижобатдир ҳар битта орзу,

Дилимизни тарк этгай қайғу.

Ҳур Ватанда озод яшаймиз -

Мустақил юрт фарзандларимиз.

Бизга бари очиқдир йўллар,

Чўзсак етар осмонга қўллар.

Юртбошимиз бизни қўллайди,

Иқболимиз мангу гуллайди.

Эрта тонг юзини буриб сабога,

Кексалар қўлларин очар дуога.

Шун-чун арийди дилдан дардимиз,

Мустақил юрт фарзандларимиз.

Аждодларнинг руҳи мададкор,

Ёр бўлгайдир ҳурлик, истиқлол.

Шу Ватаннинг дилбандларимиз,

Мустақил юрт фарзандларимиз.

Машҳурахон СУЛТОНОВА,

Булоқбоши тумани.

КЕТЯПМАН...

Кетяпман... Ортимда мўлтирар нигоҳ,

Қайтмоқни сўролмас кўнгилларимиз.

Мағрурмиз, биздан-да мағрурроқ юрак,

Билмайди видога енгилганимиз.

Кетяпман... Йиғлайман, йиғлайвераман,

Юрагим қўлингда эриб боради.

Ярамни янгилаб ўша сен берган,

Кўзмунчоқ кўзларинг эсга солади.

Кетяпман... Йўлдамиз, айрилмоқдамиз,

Ва ёдимга келар қайғуришларинг.

Бир кун осмонларни қучиб кетсам ҳам,

Ортимдан учади телба тушларим.

Энди тинч қўймайди ўша тушларим...

Фотима СОДИҚОВА,

АДУ қошидаги 2-академик

лицей ўқувчиси.

БЕДОР ТУНЛАР

Бедор тунлар, беором тунлар,

Кўзларимга бойладилар ашк.

Йироқлади бахтиёр кунлар,

Дилни эзар ҳадсиз алам, рашк.

Мендан кетиб ишқсиз дунёга,

Ҳадя этиб чиройли армон.

Яшаяпсиз мендан олисда,

Дил армондан қоларми омон?

Аро йўлда соғинч турар ҳур,

Умидларга қўлин беради.

Икки ёнда кўнгиллар мағрур,

Тақдир четда кўкрак керади.

Бедор тунлар, беором тунлар,

Отилади яна бағримга .

Сизсизликда файзсиз кунлар,

Айланади армон - доғларга.

Нигора ЮНУСОВА,

Асака тумани.

ЁМҒИР

Осмон кўз ёшлари - ёмғир ёғмоқда,

Томчилари дилга кириб бормоқда,

Куртаклар кўзларин аста ёрмоқда,

Ёмғир - кўнгилларнинг жонбахш малҳами.

Меҳрини улашиб хушфеъл элларга

Шукрни жо этиб боғлаб тилларга,

Шабнам ҳадя этиб райҳон, гулларга,

Ёмғир - кўнгилларнинг жонбахш малҳами.

Деҳқон ғайратини дилига солиб,

Қўлига тутқазар кетмонин олиб,

Қировли аёзнинг устидан ғолиб,

Ёмғир - кўнгилларнинг жонбахш малҳами.

Чанқоғин қондирар она тупроқнинг,

Яшнашига замин дала, боғ-роғнинг,

Безаги, ҳуснидир баҳорий чоғнинг,

Ёмғир - кўнгилларнинг жонбахш малҳами.

Ҳидоятхон ЗУҲРИДДИНОВА,

Олтинкўл тумани.

ЯРАЛМИШ

Ишқдан куйган диллар деб,

Рост сўзламас тиллар деб,

Ҳижрон тўла йиллар деб,

Қалбда денгиз яралмиш.

Мажнунга дардкаш, дилдош,

Куйган кўнгил кўзи ёш,

Ҳажрга бериб бардош,

Қалбда денгиз яралмиш.

Ишқда бўлмасин ёлғон,

Дилни эзмасин армон,

Бўлсин деб вафо омон,

Қалбда денгиз яралмиш.

Фаррух ХОЛМУҲАММАТОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди