№17, 23.04.2015 Кўз тегмасин миллатимга, ўзбегимга!
Полвонларин кураклари ерга тегмас,
Ёш, кексаси ёв олдида бошин эгмас,
Бу оламда ғурурига ҳеч ким тенгмас,
Кўз тегмасин миллатимга, ўзбегимга!
Боши узра ҳилпирайди эрк байроғи,
Карвонида одил сарбон - юрт чироғи,
Истиқлолдан сув ичади дала, боғи,
Кўз тегмасин миллатимга, ўзбегимга!
Илдиз отар тупроғига тушса бир чўп,
Тўрт тарафдан йўқлаб келар меҳмони кўп,
Хуш калому, хуш лутф ила кузатар хўп,
Кўз тегмасин миллатимга, ўзбегимга!
Ёш авлоди келажакнинг офтоблари,
Кексалари тинчлик, файзнинг моҳтоблари,
Ҳар одимда ибрат тарих китоблари,
Кўз тегмасин миллатимга, ўзбегимга!
Валишер РЎЗИМАТОВ, Избоскан тумани.
|