Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№17, 23.04.2015

26 апрель - ўзбекистон халқ шоири муҳаммад юсуф таваллуд топган кун

Муҳаммад Юсуф - Ватан куйчиси

Эсингдами, сен туғилган кун,

Ҳамма шодон эди, сен эса гирён.

Шундай яшагилки, кетар чоғингда

Ҳамма гирён бўлсин, сен эса шодон.

Мақсуд Шайхзода.

Ҳақиқий шоирларнинг қалбида аллақандай соҳир қуш сайраб туради, деган гап кўп айтилади. Ўша қуш, айтиш мумкинки, айнан Муҳаммад Юсуф қалбига ошиён қурган эди. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша бир латиф куйни хониш қилгандай эди. Унинг нигоҳида, юз-кўзларида соддадил, камтар инсон эканлиги акс этиб турарди.

Ватан мавзуси азал-азалдан кўҳна мавзу ҳисобланган. Унинг мадҳини куйламаган ҳофиз, ёниқ сатрлар битмаган шоир бўлмаса керак. Бироқ ёзиш билан ёзишнинг фарқи бор. Айримлар шунчаки ёзгандай туюлади. Шундай шоирлар борки, уларнинг юрт ҳақида тўлиб ёзганларида юрак акс этади, қалбнинг иссиқ ҳарорати уфуриб туради. Муҳаммад Юсуфни ана шундай шоирлар сирасига киритсак, муболаға бўлмайди. У Ватаннинг чин фарзанди, туғилиб ўсган тупроғини беғараз севади ва бу ишқнинг сурати дуода, аждодларга ҳурматда яққол кўринади:

Ўпинг, кўзингизга суринг

тупроғин,

Ҳар сўзин муқаддас дуодек

билинг.

Қаданг юракларга

миллат байроғин,

Ватанни Нажмиддин

Кубродек севинг.

Шоир она заминга бўлган муҳаббатни, уни севиш-эъзозлашни ўргатади. Буюк аждодлар сингари Ватан равнақига ҳисса қўшишга ундайди.

Олтин бешик узра аллалар айтиб,

Ҳамиша бедорим - онаизорим.

Жилғаси жаранги тонгда уйғотиб,

Юрагимга кириб келган баҳорим.

Ватан, кунда боқиб тўймайин, кимсан-

Оқ оғриниб ботар саждагоҳимсан.

Шоир ўқувчиларни азиз ва гўзал Ватанимизга бўлган юксак эътиқод билан яшашга, Ватан ва Ватаним деган илоҳий сўзни айта олишга муносиб бўлишга, бу сўзнинг қудратини англашга, она-Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини доим юксалтиришга чорлайди.

Муҳаммад Юсуфнинг Ватанга бўлган беғараз севгиси сатрларида, мисраларида акс этаркан, унинг бу борадаги содда топилмаларига беихтиёр қойил қоласиз:

Мен дунёни нима қилдим?

Ўзинг ёруғ жаҳоним.

Ўзимга хон, ўзим султон,

Сен - тахти Сулаймоним...

Қаранг, оддийгина таърифда бутун бир меҳр мужассам. Шоирга дунё керакмас, унинг учун дунё бу - ўз юрти, Ватани. У халқининг озодлигидан, ўзига хон эканидан масрур...

Муҳаммад Юсуф шеърияти она-ватанга бўлган меҳр илдизлари билан туташиб кетади. Унинг шеърияти ёниқ қалбнинг ашклари сифатида майдонга келди. Оқкўнгил, осмонқалб шоирдан мусаффо шеърият ёдгор қолди. У - Ватан куйчиси, десак муболаға бўлмайди. Умрининг сўнггигача Ватанни мадҳ этди.

Муҳаммад Юсуф қисқа умр кечирди. Ундан чинакам, бетакрор ижодий мерос қолди. Ҳақиқий маънодаги барҳаётлик, завол билмаслик Муҳаммад Юсуфга тааллуқлидир.

Ўтар неча баҳорлар гулгун,

Неча умр кузлари кечиб.

Замин узра саф тортиб бир кун,

Биз кетармиз қушлардай учиб.

Бир бебаҳо маъдан қолади,

Биздан озод Ватан қолади.

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди