Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№17, 23.04.2015

ЭЛГА СУЮК ШОИР МУҲАММАД ЮСУФ

Тушимга кирибди Муҳаммад Юсуф,

Олтмишга кирибди Муҳаммад Юсуф,

Ўйласам бағримни эзар таассуф,

Элга суюк шоир Муҳаммад Юсуф.

Элининг дардидан кўз ёполмаган,

Йиғлаган, баъзида сўз тополмаган,

Капалакдан бошқа дўст тополмаган,

Элга суюк шоир Муҳаммад Юсуф.

Юрак қоврилади, оғрир танда жон,

Ўй ёмон, дастидан ҳорир танда жон,

Сўйла-чи Мингтепа, сўйла Андижон,

Элга суюк шоир Муҳаммад Юсуф.

Кўк аза тутгандек буюк қуёшга,

Қизлари йиғлайди тўлиб кўз ёшга,

Икки сандиқ китоб тўладир ишққа,

Элга суюк шоир Муҳаммад Юсуф.

Тушимга кирибди ҳурлар-ла кўрдим,

Атрофи лолазор, гуллар-ла кўрдим,

"Дўстим, яхши" деди, аҳволин сўрдим,

Элга суюк шоир Муҳаммад Юсуф.

Сендан ўтинчим бор эй, она тупроқ,

Гулзор бўл, бошига ёстиқ бўл юмшоқ,

Сени ҳаммадан ҳам севарди кўпроқ,

Элга суюк шоир Муҳаммад Юсуф.

Акбархон СУЯРХОНОВ,

Шаҳрихон тумани.

ҲОВЛИМ ЭТАКЛАРИ ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ

Китобингиз очиб бағримга босдим,

Суратингиз кўриб, кўзга ёш тўлди.

Оғамдек билганим, элим суйганим,

Ҳассос дил шоирим, сизга не бўлди?

Юрагимга ҳамроз китобингиздан,

Кўҳна дардларимга дармон топаман.

Мунис лаҳзаларда пичирлаб ўқиб,

Қайта очмоқ бўлиб аста ёпаман.

Сизнинг китобингиз дўст-ёр ўқийди,

Манзил - макон чексиз, дилимиз битта.

Кўнгилни овутиб, руҳ поклагувчи,

Шеърларингиз синиқ дилларга ришта.

Сўлим анҳор бўйлаб ялпизлар ўсар,

Ҳовлим этаклари лолақизғалдоқ.

Кўкламойим кўк сепини ёйганда,

Сизни эсламаслик - ўзбекка гуноҳ!

"Тавалло"ни айтиб райҳон экаман,

Тол хивичли отда набирам чопар.

Сиз бебаҳо билган отам тандирда,

Келиним кулча нон, патирлар ёпар.

Элда қўшиқ бўлди ашъорларингиз,

Муҳаббатин қўмсар кўп Озодалар.

Сиз севган гул, оҳу, капалак бўлиб,

Рақс этар ой малак Паризодалар.

Бир сир бор Марҳамат кенгликларида,

Ялпиз суянчиғи, ой беланчаги.

Сизга қалам тутган илҳом беназир,

Сизга салом берган ишқ келинчаги.

Сизни шоир қилган сеҳр-муҳаббат,

Она, ёр, дўст, дутор, Ватан, муҳаббат.

Гул, баҳор, қир, анҳор, замину осмон,

Юрак, дард, соғинчу армон - муҳаббат.

Муҳаббат куйининг сози синмайди,

Муҳаббат битиги пайванд қўшиққа.

Муҳаммад Юсуф, ўт мисраларингиз,

Малҳамдир ошиққа, тумордир ишққа.

Турсуной опага хўп ёққандингиз,

Бинолар қўйганди бўйларингизга.

Бугун Андижоний дўппи кийдириб,

Белбоғ боғлар эди белларингизга.

Мен ўша сиз айтган оддий муаллим,

Сўзимда ташбеҳ йўқ, йўқ муболаға.

Бир чимдим сифатим Сизга ўхшаса,

Қанийди! Бу Сизга бағишлов, оға.

Ҳақнинг даргоҳига йўл олган шоир,

Халқим кўз ёшини, майли, артади.

Ҳар йил бойчечагу қалдирғоч билан,

Марҳаматга баҳор шошиб қайтади.

Юракларга кўмилган асл шоирсиз,

Сиздан меҳр қолди, муҳаббат қолди.

Юракларда ўчмас ҳарорат қолди,

Ўзбекнинг уйида Муҳаммад қолди.

Фаридахон ТОШХЎЖАЕВА,

Олтинкўл тумани.

МЕН ШОИРНИ ТУШУНГАН КУНИМ

Ялпизга эгилган мажнунтол нечун...

Сочини қирқтирган санамлар учун,

"Ўзбек"лар унутган каломлар учун

Сўролмай ҳам қолдик кечирим, -

Мен шоирни тушунган куним.

Муҳаммадсиз Тошкентда бўзлаб,

"Шоир бир кун қайтар", деб кўзлаб,

Қизларига афсона сўзлаб,

Соғинганлар йиғлар бетиним -

Мен шоирни тушунган куним.

Пойтахт асли менинг тож-тахтим,

Лек соғинчдан ўксийди қалбим,

Ғийбатлардан тош отса ғаним,

Андижонга бўлсин қайтганим -

Мен шоирни тушунган куним.

Қизғалдоқлар қилмасин араз,

Ялпизга суяниб охирги нафас,

Ўзга ерни қилмайин ҳавас,

Ўз юртимда ўтар кун-туним,

Мен шоирни тушунган куним.

Муборак МАҲМУДОВА.

"МАРҲАМАТГА ҚАЧОН БОРАМАН?"

Соғинчларга таслимман бугун,

Келгандир-а қалдирғочлар ҳам?

Мен уларни тополмай бу кун,

Мен-ла бирга йиғлайди қалам.

Борсам қайтиб келмам, қоламан,

Марҳаматга қачон бораман?

Қизғалдоқлар кулиб боғларда,

Кутмоқдадир виқорли тоғлар.

Сочларини шамол ўйноқлаб,

Хаёлимни гўзаллар боғлар.

Мен фиғонда куйиб, ёнаман,

Марҳаматга қачон бораман?

Меҳр ила нон ёпиб онам,

Йўлларимни кутар жовдираб.

Ғурурланар шоир деб, болам,

Мен сўз излаб юрдим довдираб.

Соғинтирдим қандай боламан,

Марҳаматга қачон бораман?

Саидислом ЭШОНБУВАЕВ,

Марҳамат тумани.

У ЭЛИНИ, ТУПРОҚНИ СЕВДИ

Муҳаммадсиз қолиб Андижон,

Кўз ёшини яширолмайди.

"Шоиримни топиб беринг", деб

Қизғалдоқлар юм-юм йиғлайди.

Энди кимлар гиёҳ, майсадан,

Каттагина достон ёзади?

Юрагимда армон ва ҳижрон,

Туғёнларим дунё кезади.

Шеърларингга меҳри инганди,

Шул сабабдан ҳар юрак севди.

Аллоҳ унга муҳаббат берди -

У элини, тупроқни севди.

Машҳура СУЛТОНОВА,

Булоқбоши саноат касб-ҳунар

коллежи ўқувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди