№18, 30.04.2015 МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Андижон шаҳридаги "Ҳамкор" бизнес-марказида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиши тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган йиғилишда партия вилоят кенгаши раиси К. Отахонов кенгашнинг 2014 йилдаги фаолияти, жорий йилда амалга ошириладиган муҳим ишлар, кенгаш фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларида маъруза қилди.
Иштирокчилар томонидан йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди. Шундан сўнг ЎзМТДП марказий кенгаши раиси С. Отамуродов сўз олиб, Юртбошимиз маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар, партия аъзолари ва бошланғич ташкилотлар фаоллигини ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳақида гапирди. Йиғилишда келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Анжуман доирасида вилоятимиз корхоналардаги партия бошланғич ташкилотлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотлар ва миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ташкил этилди.
Шу куни партия Марказий кенгаши раиси С.Отамуродов раҳбарлигида бир гуруҳ партия фаоллари вилоятимизда истиқомат қилаётган иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар, фахрийларга совғалар топширилди.
Гулжаҳон САЛИБОЕВА,
ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби.
|