Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№18, 30.04.2015

Турмуш чорраҳаларида

КУЙГАН КЎНГИЛ ИЗТИРОБИ

Укол олиш учун поликлиникага чиққим келмай, Малика исмли танишимни уйга чақиртирдим. Унинг асли чекка бир қишлоқдан эканини, ҳозир 15 яшар ўғли билан ижарада яшашини билардим. Ҳар гапни очиқ гапиришини эса бироз енгил табиатлиликка йўярдим.

Малика билан бирга ишлайдиган дугонам уйда укол олиш учун ҳамшира излаётганимда ҳамкасбини тавсия қилди. Маликанинг ахлоқи таъбимга ўтирмаслигини айтиб хушламагандим, "Ёмон хаёлларга борманг, Малика аслида унақа аёл эмас. Ҳаёт уни шу кўйга солган. Қўли енгил, бир пайтлари ҳамшираликка ўқиган экан. Ишхонадаги аёлларни уқалаб қўяди, кимдир оғриб қолса, дори-дармонидан хабардор бўлади", деди. Кечки пайт Малика уйга келди. Аввал оёқ-қўлларимни илиқ сувга солиб ўтиришимни айтди. Сўнг ўзи сут қайнатиб, асал қўшиб ичирди. Унинг астойдил меҳр билан парвариш қилаётганини кўриб, у ҳақида ёмон хаёлларга борганимдан хижолат чекдим. Уколни қилиб бўлгач, Малика бироз ёнимда ўтирди. Суҳбатимиз қовушса-да, унга чин кўнгилдан самимий бўлолмаётгандим. Гўё у буни сезгандай ўзининг ўтмиши ҳақида маҳзунлик билан гап бошлади:

- Биласизми, ўттиз бешга қараб боряпман, лекин ҳалигача нима учун оилам бузилганини идрок этолмайман. Оилам ҳеч бир сабабсиз бузилиб кетган. Ўн тўққиз ёшимда узатилгандим. Қайнонам мени ёқтирмасди, лекин одамни арзимаган сабаб туфайли ёқтирмаслик ва буни рўкач қилиб оиласини бузиб юбориш мумкин эмас-ку? Тағин қайси она ўғлининг оиласи бузилиб, иккинчи турмуш савдосига рўпара келишини истайди, денг?! Афсуски, бундай одамлар бор экан. Мана шундай худбин кимсаларнинг қурбони бўлиш менинг чекимга тушган. Август ойи эди, собиқ эрим ювиниш хонасига кириб мендан сочиқ сўради. Сочиқ қуриб кетгурнинг ўша ердалигини айтдим, бу орада "эрим сочиқ йўқ-ку" деб менга бақириб берди. Қўрққанимдан "сочиқни ювиниш хонасига илиб қўйгандим" деб йиғладим. Буни эшитиб турган қайнонам бўлса "вой-дод, кечагина келиб бу келин мени ўғрига чиқарди" деб ўзини ташлаб юборди, қон босими кўтарилганини айтиб дод солди. Бор гап шу, оилам бузилди. Ота уйимга қайтганимдан сўнг ҳомиладорлигимни билдим.

...Отамникида кўзим ёриди. Туғруқхонага ҳам, уйга келганимдан кейин ҳам на қайнонам, на эрим мендан хабар олди. Чилла чиққандан кейин аммам ва опам мени етаклаб эримникига олиб боришди. "Боланинг юзи иссиқ, неварасини кўрса қайнонанг, ўғлини кўриб эрингнинг меҳри сенга тушади" дейишди. Қайда? Эримникига борсак, ҳеч ким йўқ. Дарвоза-эшиклар очиқ, лекин биров бизга кўриниш бермади. Ортимизга қайтдик. Шундан кейин тақдиримга таваккал қилиб яшайвердим. Келинаямнинг макр-ҳийлаларига учиб, ота-онам ҳам менга кўп зулм қилишди. Айтсам ишонмайсиз, ҳатто онам "Бошимга бало бўлдинг, тирик етиминг билан, сени деб ўғлимнинг оиласи нотинч" дея қарғаганида чидай олмадим. Ўшанда боламни бағримга босиб кўчага чиқиб кетганман. Қаерга боришни билмай, шаҳарга келдим. На бирор танишим, на бошпанам бор. Ошхонага идиш ювувчи бўлиб ишга жойлашдим. Ошхона билан қўшни бўлган уйда бир кампир яшар экан, ўшаникида ижарага турдим. Озгина бўшасам, чақалоғимни олдига югураман. Хуллас, шунақа қилиб ишлаб тирикчилик қила бошладим. Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман, ёшлигимдан, албатта, олийгоҳда ўқийман деб ният қилардим. Ўша йили институтнинг сиртқи бўлимига ҳужжат топширдим. Омадим бор экан, ўқишга кириб кетдим.

Фаррошлик қилдим, одамлар уйида хизматини қилиб пул топдим, ҳам бола боқдим, ҳам ўқидим. Ҳаёт мени турли тоифа одамларга рўпарў қилди. Яхшилар ёрдам қўлини чўзди, яна кимдир менга ёмон кўз билан қаради. Хуллас, жуда қийналсам-да, яхшими-ёмонми жамиятда ўзимга яраша ўрнимни топдим. Ижара бўлса-да, бугун бошпанам бор. Ўғлимни тарбиялаяпман, ўқишлари аъло. Инглиз, рус тилларини мукаммал билади. Шу пайтгача отаси бир марта ҳам ўғлимни кўргани келмади. Акам билан янгам ҳам тинчиб кетишди, ота-онам ҳам энди "Сенга уй-жой қилиб беришимиз керак", деб менинг ташвишимни қилишади. Аммо менинг синган кўнглим... Одамзод ўзига қилинган ёмонликларни кечирадиган ақл ва атрофидагиларнинг яхшилигини кўра оладиган кўзга эга бўлиши керак, дейдилар. Лекин кўнгилни алдаб бўладими?..

Болалигимни эслайман. Биз опам, мен, синглим кичкина қизчалармиз, дастурхон атрофида ўтирганимизда ота-онам маҳалладаги суюқоёқлар ҳақида гапиришарди. Бугунимизни ўйлайман, менинг оилам бузилиб, бир ўғил билан шаҳарда эгасиз юрибман, синглим ўттиз икки ёшда узатилмаган, хорижда ишлаяпти. Бизнинг оиламиз ҳақида ҳам одамлар гапирганда "суюқоёқ", "енгилтак" деган хунук сўзларни ишлатишига шубҳа қилмайман.

Йўлдан адаштирадиган ҳам, тўғри йўлга бошлайдиган ҳам Яратганнинг ўзи экан, у кимларнидир адаштириб, инсофдан айро этган бўлса, одамлар уларнинг қисматини маломат қилса, вақти келиб ўша инсон ёки унинг зурриёдлари маломат қилган кишининг ҳолига тушиши мумкин экан. Инсон шайтон йўлига кирган кишиларнинг ҳаётидан сабоқ чиқариб, Яратгандан бундай ҳолга тушишдан паноҳ сўраши кераклигини англадим. Ўз тақдирим мисолида ана шундай хулосага келдим...

Маликанинг кўзлари жиққа ёшга тўлган эди. Уни ҳеч қачон бундай абгор аҳволда кўрмагандим. У ҳақида ёмон хаёлларга борганим учун мен хижолатда эдим...

Рухшона ФАРРУХ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди