№19, 07.05.2015 Кечинма
БИР ЧИМДИМ МЕҲР БЕРИНГ
Соғинч... Инсоннинг бутун вужудини оловга ташлаб, қалбини тирнаб, уни тирик мурдага айлантиргувчи туйғу... У ким учундир кўзни қувонтиргувчи гул каби суюк, кимларгадир азобли дард...
Ошиқ дилнинг кўнглидаги кечинмалар ўз сирдошига айланиши шубҳасиз. Муҳаббатга мубтало кўнгил соғинч изтиробларига дош беролмай йиғлайди, йиғлайверади. Ўз хаёллари уммонига ғарқ бўлганча маҳбуби билан ғойибона суҳбат қуришни бошлайди. Улар шундай дардга мубтало бўлган "беморлар". Уларнинг дили қон, бешафқат соғинчдан қалби вайрон. Раҳминг келади уларнинг ҳолини кўриб. Аммо... севги синовидан, бу синовга бардош беролмасликдан қўрқадилар. Билмайдилар айрилиқгина чин муҳаббатни минг чиғириқдан ўтказиб беришини.
Атрофингиздагиларга қуёш мисол меҳр улашинг. Улар сизнинг эътиборингизга муҳтож.
Муҳаббатсиз киши одам
эмасдир,
Гар одамсан, муҳаббат
ихтиёр эт,
- деган эди шоира Нодирабегим. Унутмайлик, яқинларимиз бизнинг меҳримизга, эътиборимизга муҳтож ва улар шубҳасиз, меҳрга лойиқ. Беҳуда соғинчларга ташламайлик уларни. Лоқайдлик билан бизга меҳр бераётганларнинг дилини оғритиб қўймайлик. Бир чимдимгина меҳр беришда зиқналик қилмайлик.
Оқар сувлар оқмай туриб,
Ботар қуёш ботмай туриб,
Оёқларинг юриб туриб,
Ёд этгин ёнингдагин!
Бир чимдим меҳр бергин,
Суйганни сен ҳам севгин,
Озор бермайин секин,
Ёд этгин ёнингдагин!
Робияхон ОТАХОНОВА,
Марҳамат тумани.
|