Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№19, 07.05.2015

Китоб жавонингизга

"ИККИ ҚАЛБ САОДАТИ"

Ўзининг қатор тўпламлари билан китобхонлар ҳурмати ва эътирофини топа олган истеъдодли шоира, публицист Мунаввара Тиллабоеванинг "Икки қалб саодати" деб номланган янги китоби чоп этилди.

Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб нашр этилган ушбу китобда икки ижодкор - Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг бир-бирларига бўлган муҳаббати, садоқати муаллифнинг бағишлов шеърлари, хотиралари, дил номалари ва "Икки қалб саодати" номли достони орқали ўзига хос тарзда баён этилган.

Зулфия ижодига бўлган қизиқиш Мунаввара Тиллабоевани ижодкор сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутади. Шу сабаб у Зулфияхонимни ўзига устоз деб билди. Унинг шеър ва достонларидан илҳом олиб, ижод қилди.

М. Тиллабоева устозига меҳр-муҳаббати, чексиз ҳурмати нишонаси сифатида дунё юзини кўрган мазкур тўплам, китобхонларга, албатта, манзур бўлади, деб ўйлаймиз.

Қуйида тўпламга киритилган публицистик мақолалардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

ГЎЗАЛЛИК ТИМСОЛИ

Устоз Зулфия номини тилга олганимда, вужудимда сархушлик, ёқимли бир ҳиссиёт уйғонади, борлиғим титрайди, ўзимни гўзаллик оламига кириб қолгандай ҳис қиламан. Ўшандай кайфият билан кириб қолганим, боғда гулларнинг нафис ва оромижон ифорини туяман. Бу гуллар ифори менга болалигимдан ошно бўлган. Не бахтки, мен шу гулзор аро устознинг мунаввар чеҳрасини кўришга мушарраф бўлмадим. Тақдир иши ғалати экан... унга бўйсунмасликнинг иложи йўқ. Бу гўзал қомат, бу гўзал хушсурат устозгагина хос эди. Зеро, устоз боғининг ранго-ранг гуллари кўп. Улардан бахраманд бўлишга, устоз ҳақида икки калима сўз айтишга Аллоҳим имконият берди. Шоира номи ёдга келганда муҳаббат ва вафо, чексиз меҳнат ва изтироб, соғинч ва алам ётганини кўраман. Муҳаббатда барқарорлик ҳаммага ҳам насиб қилсин экан.

Севги маъбудаси - устознинг номи асрлар оша яшайверади. Вафо фариштаси устозга гул тутган экан, бу ўзбек қизларининг бахт-саодати, ибоси, шарм-ҳаёси, иффати, ақл-заковати дегани эмасми? Момоларимиздан ўтган меҳрибонлик, фидойилик дегани эмасми?

Бизнинг устозимиз гўзал, бизнинг қизларимиз гўзал! Гўзал Ватанга гўзал қизлар ярашади. Зеро, Ватаннинг ҳар тарафи чаманзор, ҳар тарафи гулзор.

Дарё бўйида ўсган дарахтларнинг тебранишлари, туманли ҳавода сокин туришлари ҳам гўзал кўринади менга. Гўзаллик - менинг Ватанимда ҳар неда бор, уни топа билиш керак, уни суйиш керак, холос.

Менинг ўлкамга баҳор жуда эрта келади. Баҳорни мен ва менинг халқим соғиниб кутамиз. Баҳор дилларга хушкайфият, яшашга ишонч олиб келади. Далаларда, ариқ бўйларида илк бор кўз очган толпопуклар ўзининг яшиллиги, ҳаётийлиги билан қизларнинг сочларига уланади, бошларига чамбар бўлади.

Қирларда жуда эрта гуллаган бодомлар ўрик ғунчаларини тебратиб юборади. Боғларимиз ўрик гуллари-ю, жийда гулларига бурканаверсин!

Зотан, устоз Зулфия баҳорда таваллуд топган. Балки шу боис, шоира ўрик гуллари-ю, олча гулларини хуш кўрган. Баҳорнинг илк гули - бинафша шоира қалбига биринчи кунданоқ ўз ифори билан ташриф буюргандир. Яна вафо фариштаси томир-томирларига вафо, садоқат ҳамда саодатни ёзиб кетгандир.

Гўзаллик фариштаси эса севимлиликни, ардоқни, чин севгини бутун борлиғича меҳр билан битгандир.

Баҳор, баҳор, баҳор, хуш

келдинг, баҳор,

Ташрифинг, албатта,

дилимга ёқар.

Нағмасиз булбуллар

созини созлаб,

Ўлкамнинг ҳар ерини

келдинг пардозлаб.

Ўрик гулларига дил

ташна эди,

Тонгнинг насимидай

соғинч хуш келди.

Далалар қўйнида меҳнат

гуллайди,

Баҳорни соғинган шамол

увлайди.

Қирларда гул очди гўзал

наъматак,

Сўйлади баҳорга қишдан

бир эртак.

Баҳорий эркалаб уни бир

қучди,

Қўйнидан қалдирғоч,

булбуллар учди.

Саъваю қумрилар парвоз

айлади,

Соғинч куйларини овоз

айлади.

Ёрнинг висолига ташна

мажнунтол,

Барг ёзди янгидан умиди

висол.

Баҳор, баҳор, хуш келдинг,

баҳор...

Мунаввара ТИЛЛАБОЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди