№20, 14.05.2015 Иқтидорли ёшларимиз
ИСТЕЪДОДЛИ МУСЛИМАБОНУ
Чинакам истеъдод киши юрагида туғилади. Инсон ҳали бола пайтидаёқ бўй кўрсатади. Имкониятлар бағрида камолга етади. Фақатгина уни қўллаб-қувватлаш, кенг йўл очиш керак, холос. Шундагина иқтидор юзага чиқади, унинг овози дунё бўйлаб садо беради.
Маълумки, февраль ойида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган "Окно в Европу" (Европага дарча) халқаро болалар ижодиёт фестивалида ҳамюртимиз, эндигина ўзининг 10 ёшини нишонлаган Муслимабону Мирзаева иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олди.
Жаҳоннинг 14 та давлатидан вакиллар иштирок этган ушбу фестивалда Муслимабону Мирзаеванинг анъанавий хонандалик йўналишида ижро этган, концертмейстер Клара Холиқова ҳамкорлигида тайёрлаган ўзбек халқ лапари - "Ҳакалакам ўйнасам" қўшиғи ҳамда рус тилида ижро этилган "Голубой вагон" қўшиғи нуфузли ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлди. Ёш Муслимабону истеъдоди, моҳир ижрочилиги муносиб баҳосини олди. У фестивалнинг III даражали дипломи ва кубоги билан тақдирланди.
Муслимабону Олтинкўл туманидаги 1- умумтаълим мактабининг 4- синфида ўқиш билан бирга, тумандаги 17- болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам мусиқа ва санъат сирларини мукаммал ўрганмоқда. Қизалоқнинг кичик жуссаси, митти юрагида улкан орзулар, катта истеъдод мужассам. Унинг илк устози - бувиси Мавлудахон Каримова набирасига санъат сирларини, саҳна маданиятини ўргатиб келмоқда.
- Муслимабонунинг ҳар бир ютуғини ўзимникидай қабул қиламан, - дейди Мавлудахон Каримова. - Энг аввало, ёш авлодга шундай кенг имкониятларни яратиб бераётган давлатимиздан миннатдорман. Қолаверса, набирамнинг истеъдодини шаклланишида ўз ёрдамларини аямаётган устозларига ҳам раҳматлар айтаман.
Жажжи Муслимабону санъаткор устозлари Гулбаҳор Ҳамидова, Мавлуда Холматоваларнинг ўгитларига ҳамиша амал қилади. Ундаги тасвирий санъатга, пианино чалишга бўлган қизиқиш ҳам қизалоқнинг чинакам истедод соҳибаси эканлигини кўрсатади. Унинг Чайковский, Бетховен, Моцарт каби жаҳонга машҳур бастакорларларнинг 35 га яқин куйларини пианинода маҳорат билан ижро эта олишига ҳар қандай киши ҳавас қилади.
Муслимабону Мирзаева ўзига хос ижро маҳорати, ширали ва жарангдор овози билан турли кўрик-танловларда муносиб иштирок этмоқда. Жумладан, 2012 йилда Термиз шаҳрида бўлиб ўтган "Ягонасан, муқаддас Ватан!" кўрик-танловининг республика босқичида "Жилмайганим, Ватаним" қўшиғи билан иштирок этиб, фахрли 3-ўринга, 2014 йилда "Истиқлол ғунчалари" кўрик-танловида "Соғлом болалармиз" қўшиғи билан фахрли 1-ўринга сазовор бўлди. Бундан ташқари, туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказиладиган турли байрам тадбирларида ўзининг "Жон, Ўзбекистоним!", "Обод элим дилбандиман", "Онажоним", "Ассалом, Наврўз!", "Ўзбекистон, ягонасан Ватаним!" каби қатор қўшиқлари билан фаол иштирок этиб, барчанинг эътиборини қозонмоқда.
- Менга мана шундай муваффақиятларга эришишимда кўмак берган устозларимга, қолаверса, мен ва мен каби кўплаб ёшларнинг санъат билан шуғулланишлари, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бераётган Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдираман, - дейди жажжи Муслимабону.
Ҳа, сўзлари теран Муслимабону келгусида бундан-да катта ютуқларни қўлга киритади. Чунки унинг қалбида ўзига ишонч бор, эртанги кунга умид, қолаверса, у каби ёшларни қўллаб тургувчи Ватани бор.
Зилола РАҲМОНОВА.
|