№20, 14.05.2015 Фаол аёлларимиз
БАХТГА ҲАМРОҲ ЯШАЁТГАН АЁЛ
Меҳнат инсонни улуғлайди, деган нақл бежиз айтилмаган. Бунинг исботини оддий чеварликдан моҳир тадбиркор, ташкилотчи, ташаббускор педагог, коллеж директори ўринбосари даражасига кўтарилган Холисхон Ҳайитбоева ҳаёти ва фаолияти мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Ёш авлодга таълим-тарбия бериш соҳасида қарийб 35 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган бу аёл бугун ўзининг қутлуғ ёшини нишонламоқда. Унинг умр пиллапояларига назар ташласангиз, ҳаёти давомида қанча-қанча қувонч-ташвишлар билан яшади, оиласига, касбига фидойи бўлди. Ҳунари, меҳнати, ҳалол-поклиги, эл-юрт ишига камарбасталиги билан ҳурмат-эътибор топа олди.
Х. Ҳайитбоева 1987 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат олийгоҳининг Андижон филиалини муваффақиятли тамомлаб, фаолиятини чеварликдан бошлади. Унинг хушмуомалалиги, дилкашлиги, ўз ҳунарининг моҳир устаси экани ҳеч кимни бефарқ қолдирмасди. Бу аёлдаги касбига бўлган муҳаббат, садоқат, ўрни келганда талабчанликни кўриб, ҳавасингиз келади.
У айни кунда Асака қишлоқ хўжалиги коллежи директорининг ўринбосари сифатида самарали фаолият олиб бормоқда. Қолаверса, ёшликдан ўрганган ҳунари - чеварликни ҳам ташлаб қўган эмас. Ёшларга ана шу ҳунарни ўргатиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида ўзи яшаётган маҳаллада тикувчилик цехини ташкил этди.
- Холисхон маҳалламиздаги фаол ва тадбиркор аёллардан бири, - дейди Асака туманидаги Беруний номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойгул Асқарова. - У тикувчилик цехи ташкил этиб, нафақат, маҳалла аёларига қулайлик яратди, балки 10 нафар чевар опа-сингиларимизни иш билан таъминлади. Айниқса, Ойдиной, Маъмурахон, Саодатхон каби шогирд-қизларининг моҳирлигини, тикаётган бежирим либосларини кўриб, дил яйрайди.
Ўз касбининг моҳир эгаси, тадбиркор Холисхон Ҳайитбоева ибратли оиланинг ҳам бахтли бекасидир. Ҳозирда у турмуш ўртоғи Муталибжон билан уч фарзанди камолидан хурсанд умр кечирмоқда.
Дарҳақиқат, инсон ўзига берилган умрни мазмунли ўтказиши, ҳаёти давомидаги хайрли ишлари билан одамлар ҳурматини қозониши улкан бахтдир. Холисхон Ҳайитбоева ҳам ана шундай бахтга ҳамроҳ бўлиб яшаётган аёллардан бири эканлиги билан фахрланади.
Машраб РАҲМОНОВ.
|