№20, 14.05.2015 Қатралар
САБР
- Бироз сабр қилгин. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Мана кўрасан.
- Ахир, қачон яхши бўлади? Менимча, бу уйдан кетганим маъқул. Барибир онангизнинг кўнглига йўл тополмаяпман. Нима қилсам ҳам ёқмаяпти. Бу дилхираликлар жонимга тегди. Сиз ҳам икки ўртада қийналиб кетдингиз.
- Бас қил, бўлди. Энди "кетаман" деган гапингни бошқа такрорлама. Бир-биримизга берган пок ваъдамиз, муҳаббатимиз ва фарзандларимизни сарсон-саргардон қилма. Яна бироз чида. Ахир тўкис бахтга осонлик билан етишиб бўлмайди. Сабр қил, сабр...
Шаҳина бугун негадир эрталабдан эри билан бўлиб ўтган шу суҳбатни эслади... Мана ўшанга ҳам 17 йилдан ошибди.
Бугун Шаҳинанинг ҳаётидаги энг унутилмас, бахтли кун. Боиси, қизи оппоқ келинлик либосида фариштадек бўлиб, ота уйини тарк этмоқда. Гарчи, уни фарзанд соғинчи қийнаса-да, энди қизи янги ҳаёт бошлаб, келинлик бурчларини адо этади. Қизини оқ либосда бағрига босиб, фотиҳа бериш ҳар бир ота-онанинг орзу-нияти эмасми? Шаҳина шу бугун ҳақиқатан ҳам эрининг "сабр қилгин" деб айтган гапларида ҳикмат борлигини англаб етди. Ўша пайтларда қайнонаси билан муросаси келишмай, ҳаммасидан воз кечиб, фарзандларини етаклаб, ота уйига қайтгиси келганди. Бироқ турмуш ўртоғининг берган далдаси уни бу йўлдан қайтарганди. Яхшиямки, ўшанда ота уйига кетмаган экан. Бўлмаса, бугун қизининг тўйида бир ўзи фотиҳа берган бўлармиди? Фарзандлари ҳам кўнгли ярим, ота меҳридан бебаҳра улғаярмиди?...
Шаҳинанинг бу хаёлларини қайнонасининг "Келин, келмайсизми? Набирам бирам чиройли келин бўлибдики, худди сизнинг ўзингиз!" деган гаплари бўлди...
Нодира АКРАМЖОНОВА,
Асака тумани.
|