№20, 14.05.2015 Ҳаёт - мактаб
ЭЪТИБОР
Зарнигор олийгоҳни тугатдию, институтнинг ўзида ишга қолди. Изланувчан ёш олима олийгоҳга ҳам керакли, тайёр мутахассис эди-да. Талабалар ҳали ёш бўлса-да, бироқ жуда қаттиққўл бўлган бу устозларидан анчагина ҳайиқиб туришар, ҳатто дарс қолдирмасликка ҳаракат қилишарди.
Йиллар Зарнигорни анча улғайтирди. Турмуш қуриб, фарзандли бўлгач, бироз ишдан чалғиди. Эрининг талаби билан уйда фарзандлари тарбияси билан шуғулланди. Мана бугун болалари ҳам мактаб ўқувчилари. Энди ўз ишига қайтса ҳам бўлади. Ишга қайтиш ҳақидаги қарорини турмуш ўртоғи ҳам маъқуллади.
Олийгоҳга ишга қайтган Зарнигор Воҳидовна ўз устида қаттиқ ишлашига тўғри келди. Номзодлик ишини давом эттирди. Кўп ўтмай уни ҳимоя қилди. Бу ютуқларга эришишида турмуш ўртоғининг ёрдами катта бўлди. Аммо бу йиллар орасида фарзандларига кам вақт ажратганини ўзи ҳам сезди. Айниқса, кичик ўғли кейинги пайтда анча ўзгариб қолди. Ҳар қанча сабабини сўрамасин, терслик қилиб айтмади. Охири Зарнигор унинг устозига қўнғироқ қилди. Устози эса ҳаммаси жойида эканини айтди. Онанинг боши қотди.
Бир куни ўғилнинг ўзи "ёрилди": "Сиз ҳеч қачон ота-оналар мажлисига бормайсиз! Ҳатто энг қолоқ синфдошимнинг ҳам онаси йиғилишларга келади. Сиз эса аълочи бўлсам ҳам, мажлисга келмайсиз!"
Мана ўғлининг иддаоси! Зарнигор ўзи устоз бўла туриб, шу ҳақда ўйлаб кўрмаган экан. Чиндан ҳам ўйлаб қараса, фарзандларининг мажлисларига қатнашмаган. Авваллари онда-сонда турмуш ўртоғи бориб турарди. Ҳозир унинг ҳам вақти бўлмаяпти.
Ўзини айбдор ҳис қилди ўғлининг олдида. Дарвоқе, ҳали ўғли ундан гина қилганда, "эртага мажлис" дегандай бўлганди...
Дарси тугаган Сарвар эшик олдида кутиб турган, мажлисга келган ота-оналари олдига ошиқаётган синфдошларига ҳавас қилиб, хўрсинди. Сумкасини елкасига илди-да, шошилмай хонадан чиқди. Чиқдию... кўзларига ишонмади. Синф эшиги ёнида онаси кутиб турарди...
ЗИЛОЛА.
|