№20, 14.05.2015 О. ГЕНРИ Америка ёзувчиси
ҒАЙРИОДДИЙ ҲИКОЯ
Бир пайтлар Остин деган ернинг шимолий қисмида Смозерслар оиласи истиқомат қиларди. У оила унчалик катта эмасди, яъни хонадон оилабошиси бўлмиш Жон Смозерс, унинг хотини ҳамда беш ёшли ширингина қизчаси бор эди. Шунга қарамай, ҳукуматнинг қанақадир расмий қоғозларида Жон Смозерснинг уйида олти нафар жон яшайди, деб рўйхатга олинганди, аслида эса улар бор-йўғи уч киши эди, холос.
Бир оқшом кечки овқатдан кейин қизчани қаттиқ йўтал тутиб қолди, боёқиш анчагина зўриқиб, бўғилганидан аҳволи анча оғирлашиб қолди. Қизининг ҳолатидан қайғуга тушган отаси дори-дармон келтириш учун дарҳол шаҳарча томон отланди.
Смозерс дори учун шаҳарчага кетди, аммо у шу кетганича уйга қайтиб келмади.
Қизалоқ эса аста-секин оёққа турди. Йиллар бир-бирини қувалаб, шамолдек зувиллаб ўта бошлади, қизча ҳам ўтган вақт ичида балоғат ёшига етди.
Смозерс хоним шунча пайт эрининг бедарак кетганидан қаттиқ эзилиб юрди, бир ўзи ҳам ёлғизликдан, ҳам муҳтожликдан сиқилиб яна турмушга чиқди ва янги оиласи билан Сан-Антониога кўчиб келди.
Бу орада у қизини ҳам турмушга узатди, орадан беш йил ўтгандан сўнг унинг ҳам беш ёшли қизчаси бўлди. Смозерсларнинг қизи ўз оиласи билан ҳалиям ўша отаси дорига деб кетиб, кейин қайтиб келмаган болаликдаги уйида яшаб келарди.
Бир куни кечаси кутилмаганда беш ёшли қизчада кучли йўтал ҳуруж қилиб қолди. Тасодифни қарангки, бундан йигирма йил олдин Жон Смозерс ҳам худди шу куни уйдан чиқиб кетганди, агар у ҳозир тирик бўлганида, севимли бува бўлиб, оила даврасида ўтирган бўларди, лекин афсуски, у энди йўқ эди...
"Мен ҳозироқ шаҳарчага бориб, керакли дориларни олиб келаман", дея йўлга шайланди Жон Смит (Смозерсларнинг қизи Жонга ўзи кўнгил қўйиб турмушга чиққанди).
"Йўқ, йўқ, асло бормайсан, Жон!" - деб зорланди хотини. "Сен ҳам худди отамдай ном-нишонсиз йўқолиб кетмагин, уйга қайтишни эсингдан чиқариб қўймагин яна".
Жон Смит хотинининг жиддий ташвишланганидан, аҳволини кўриб, унга ачинди, шаҳарчага кетмади, эр-хотин қизлари жажжи Пенсининг ёнида унинг аҳволидан диллари вайрон бўлиб, ночор қиёфада мунғайганча ўтиришарди.
Вақат ўтган сайин Пенсининг аҳволи баттар оғирлашарди, яна Жон Смит дори топиб келаман, деб кетишга шайланди, бироқ хотини унинг кетишига қаттиқ тўсқинлик қилиб туриб олди.
Шу вақт кутилмаган воқеа юз берди: Эшик очилди-ю, оппоқ, оқарган сочлари елкасигача ўсиб тушган, мункиллаб қолган қари чол уйга кириб келди.
Иситмадан кўзини очолмай ётган кичкина Пенси бирдан "Ойи, дада, мана, менинг бувамлар!" - деб бақириб юборди хурсанд бўлиб. Қизалоқ касал ҳолатда-да, бувасини ҳайратдан қотиб турган ота-онасидан ҳам аввал таниганди.
Кекса чол чўнтагидан бир шиша дори чиқариб, ундан бир қошиғини Пенсининг оғзига тутди.
Кўп ўтмай қизчанинг иситмаси тушиб, ўзига кела бошлади.
"Минг бор узр", - деди кекса Жон Смозерс, " - Озгина кечикдим, мен йўлда машина кутаман, деб бироз қолиб кетдим".
Ҳаётнинг бу мўъжизасидан қизи ва куёви Жон ҳанг-манг бўлиб қолган эдилар.
Инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.
|