Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№20, 14.05.2015

Турмуш чорраҳаларида

БАҒРИ КЕНГЛИК - УЛУҒ ФАЗИЛАТ

Болалигимда бувим билан бир хонада яшаганман. Кечқурунлари бувим менга кўп ривоятлар айтиб берардилар. "Ҳаётда одамларга яхшилик қилсанг, бир кун келиб, сен ҳам одамлардан яхшилик кўрасан", деган гапни тез-тез таъкидлар эдилар.

Кейинчалик келин бўлганимда ҳам бувимнинг ўгитларига амал қилишга интилдим. Оиламизда бўлган воқеа бувимнинг юқоридаги ўгитлари бежиз эмаслигига, ўша ўгит ҳаёт ҳикмати эканлигига амин бўлдим.

Турмуш ўртоғим оиланинг кенжа фарзанди. Акаси врач, икки опаси ўқитувчи бўлиб ишлар, биргина Тоҳир акам коллежни тамомлагач, олий ўқув юртига кира олмаган экан.

- Ўқимаган бўлса ҳам яхши йигитга ўхшайди, ҳали ҳаётда ўз ўрнини топиб олади, - дебдилар дадам онамга. Шундан сўнг тўйимиз бўлиб ўтди. Тўйдан сўнг яна ишга тушиб кетдим. Турмуш ўртоғим эса уйда, томорқадаги экин-тикинга қарарди. Бир пайтлар ўқишга кира олмагач, "ўртоқлари билан бекорга кўча чангитиб юрмасин", деб қайноғам иккита сигир олиб берган экан.

- Иккита сигирни саккизтага етказдим, акам фойдасини бўлишамиз деб айтган, - дерди у. Лекин турмуш ўртоғимнинг уйдаги майда-чуйдаларга ўралашиб юриши менга ёқмасди.

- Ҳаётда ҳамманинг ўз ўрни бўлиши керак. Коллеж маълумоти билан бўлса-да, бирор ташкилотга ишга киринг, - дедим бир куни.

- Менинг сигир-бузоққа ўралашиб юришим сенга ёқмаяптими? - Тоҳир акамнинг юзидаги табассум ўрнини хомушлик эгаллади.

- Йўғ-э, унақа деганим йўқ. Фақат бирор ташкилотда ишлаб жамиятда ўз ўрнингизга эга бўлинг, демоқчи эдим. Ҳадемай, ошна-оғайниларингиз, дўстларингиз ҳам обрў-эътиборингиз, мавқеингизга қараб муомала қила бошлашади.

Бу гапни эшитгач, Тоҳир акам ўйланиб қолдилар. Орадан икки-уч кун ўтгач, иш қидира бошладилар. Аммо қайноғам билан овсиним бу гапни эшитишди-ю, куйиб-пишиб унга қаршилик билдиришди.

- Мана шу сигирларни сотсанг, оладиган маошингдан икки баробар кўпроқ даромад қиласан, арзимаган пулга ишлаб юрасанми? - деди Воҳид ака.

- Қатнаб ишлаш осонмас, йўлкирага, тушликка пул керак. Олган маошингиз ўзингиздан ортмаса, кейин қандай қилиб рўзғорингизни эплайсиз? - гапга аралашди овсиним.

- Акангнинг гапи тўғри, шу уй-жой, онанг иккаламизнинг шунча вақтдан буён йиққан-терганларимизнинг бари сеники. Мол-ҳолларни боқаверчи, бирор иш қилсанг, Воҳидбой қараб турмас, - деди қайнотам.

Менинг назаримда уларнинг маслаҳати нотўғри эди. Ҳозирча қайнота-қайнонамнинг нафақа пулига ва менинг маошимга яшаганимиз билан бир кун келиб, каттароқ муаммоларни ҳал этишимиз учун, Тоҳир акамнинг ўзи моддий тарафдан мустақил бўлиши керак, деб ўйлардим. Лекин катталарнинг дилини оғритиб, уларга қарши гапиришни истамадим.

Шундан кейин Тоҳир акам томорқани экиб-тикиб, сигирларни парваришлаб юраверди. Жониворлар ўзидан кўпайди. Буни кўрган турмуш ўртоғим хурсанд бўларди. У сигир-бузоқларга кундан-кунга меҳр қўйиб бораверди. Бузоқлар сал катта бўлгач, иккитасини семиртириш учун боқа бошлади. Семирганини сотиб, ўрнини алмаштириб, пулини акасининг қўлига тутқазарди. Воҳид ака уйларини замонавий усулда таъмирдан чиқарди. ўзининг йиғиб-терганини қўшиб машина сотиб олди.

Бу орада мен ҳам ҳомиладорлик таътилига чиқдим. Фарзандлик бўлдик. Қайнонам бешик тўйига тараддуд кўра бошлади. Қайнотам харажатлар ҳақида гап очганди, Воҳид акадан олдин овсиним гап бошлади:

- Ҳозир ҳамма жойда бешик тўйларини ихчамгина қилиб ўтказишяпти. Сигир-бузоқ сотиб ўтирмаймиз. Қуда холаларни чақириб, кичкинагина зиёфат берамиз.

Бу гапни эшитган қайнонам ортиқча сўз айтмади-ю, лекин ўзининг йиққан-терганлари билан бешик тўйини чиройлигина қилиб ўтказиб берди. Кўп ўтмай, Тоҳир акам оёғи оғриётганидан нолиб қолди.

- Нима гап, йиқилмаганмидингиз? - дедим ҳайрон бўлиб.

- Қалтисроқ ҳаракат қилган бўлса, сал жароҳатлангандир-да, яхши бўлиб қолар, - деди қайнонам. Аммо турмуш ўртоғим, аввалига сал оқсоқланиб юрдию, кейин бир оёғини умуман боса олмай қолди. Воҳид ака уни касалхонага олиб бориб текширтирди. Ревматизми бор экан, анча вақт даволаниб ётди. Лекин негадир шифо топа олмади.

Энди сигир-бузоқлар ҳам, томорқа юмушлари ҳам қайнотам иккимизга қолиб кетганди. Қайнонам ош-овқатга, чақалоққа қарар, биз бошқа юмушлар билан банд бўлардик.

Овсиним эса қиз чиқараётган акасиникидан ортмасди.

- Акамнинг ёнида турмасам бўлмайди. "Қизнинг аммаси" деган номим бор, - дерди у ўзини оқлаб. Келинойиси камчиликлардан гап очиб, кўз ёши қилган экан, боқувдаги сигирларнинг иккитасини тўйга атаб юборибди.

- Вой, уйингиздагилар нима дейишаркин, ахир қайнота-қайноналик одамсиз, - дебди келинойиси.

- Ҳаммасини қўлга олганман. Мана қайним бир неча йилдан буён сигирларимни боқиб, тагини тозалаб юрибди, - керилибди овсиним. Битта қишлоқнинг одамлари эмасмизми, бу гаплар маҳалла оралаб қайнонамнинг қулоғига етиб келди.

- Неча йилдан буён Тоҳиржон мол-ҳолларингга қарашиб юрибди. Иккитагина сигиринг ўзидан кўпайиб, саккизта бўлди. Дўхтирларнинг айтишича, укангни Тошкентга олиб бориб текширтириб келишимиз керак экан. Битта сигирингни сотиб, Тоҳиржонга ишлатсакмикан, - деди қайнотам Воҳид акага.

- Майли, дада, сиз нима десангиз шу... - деб мижғовланди қайноғам. Орадан икки кун ўтгач, овсиним кириб келди.

- Сизларга ҳам қийин бўлди. Тоҳиржоннинг мазаси йўқ, энди мол-ҳолларга қарай олмаса керак. Азиза ёш боласи билан қийналиб ўтирмасин, ҳаммасини сотиб юборамиз, - деди у. Сигир-бузоқларнинг ҳаммасини бозорга олиб чиқиб, сотиб юборишди. Қайноғам қайнотамнинг қўлига йўл харажатларига етгудек пул тутқазди.

- Укангга фойдани бўлишамиз дегандинг, унинг ҳақи шу холосми? - деди дадам ҳайрон бўлиб. Воҳид ака бошини қашлаб, ерга тикилди. Жаҳлим чиқди, аммо гапга аралашиб кетмаслик учун лабимни тишлаб уйимга кириб кетдим. Ахир турмуш ўртоғим мана шу сигир-бузоқларни боқаман, деб оёғидан зах ўтиб касал бўлиб ётса-ю, буларнинг қилган ишини қаранг.

Чол-кампир ўзларининг йиққан-терганларини қўшиб, турмуш ўртоғимни Тошкентга олиб кетишди. Мен ҳам ишлаб юрганимда озроқ пул жамғариб қўйгандим. Уни қайнотамга тутқазаётганимда, дадамнинг кўзларига ёш инди.

Турмуш ўртоғим бир йил деганда, бутунлай соғайиб кетди.

Турмуш ўртоғим касалхонада ётганида бир киши билан танишиб қолган экан. Ўша одамнинг маслаҳати билан ҳовлидаги томорқани токзорга айлантирди. Ерни яхшилаб озиқлантириб, ҳар хил экинлар экди. Деҳқончилиги яхши бўлди. Экин-тикиндан тушган даромадга яна сигир-бузоқ харид қилди.

- Қўйинг, шу ишингизни, жонингиз соғ бўлса бас, тирикчилигимиз тўхтаб қолмайди, - дедим иш бошлаётган пайтида, унинг яна захга тушишини истамай.

- Нима қилай, ерни яхши кўраман. Ишласам, баҳри-дилим очилади. Бекор ётишни ҳеч кимга раво кўрмасдим, - деди у.

Орадан беш-олти йил ўтгач, ишлари юришиб кетди. Бировга муҳтожлик жойимиз қолмади. Аммо овсинимнинг ўғли дардга чалинди. Йиққан пулларининг барчасини уни даволатишга сарфлашди. Воҳид аканинг врачлиги ҳам ёрдам бера олмади. Боланинг кундан-кунга озиб-тўзиб бораётганини кўрган одамнинг ичи эзилади. Шу кунларда болани пойтахтдаги касалхонага олиб бориб ётқизиш керак экан. Турмуш ўртоғим: "Ака, жиянимни даволатишга анча пул керак, камига ишлатасиз" деб жамғармамиздан анчагина пулни акасига берди. Аммо қайнонам иккаламиз овсинимнинг қилмишларини унута олмаяпмиз.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди