№21, 21.05.2015 Орамиздаги аёллар
ҲАВАСЛАРГА МУНОСИБ АЁЛ
Атрофимизда шундай инсонлар борки, уларнинг нигоҳларидан маънавияти бой, истеъдод соҳиби эканликларини уқиб олиш мумкин. Мўътабархоннинг ўйчан кўзларига қараб мен ҳам шундай фикр қилдим: Бу аёл ўзига хос дардларга ошно. Ундаги кенг дунёқараш, қобилият кишини ўзига тортади. У билан суҳбатлашсангиз, яна гаплашгингиз келаверади.
Андижон шаҳрида туғилиб, ўсган Мўътабархон Абидова одамийлик, эзгуликнинг илк сабоқларини ота-онасидан олди. Онаси - Темурхон ая ҳам чевар, ҳам билимли, ижодкор аёл бўлган. У аллалари, эртаклари билан фарзандлари қалбига яхшилик, эзгулик уруғларини қадарди. Отаси - Усмонжон ака эса Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотида фаолият кўрсатган адабиётга ихлоси баланд одам эди.
- Ота-онам ўзига хос ижодкор бўлганлар. Улардаги адабиётга, бадиий ижодга шинавандалик биз фарзандларига ҳам ўтган, - дея хотирлайди Мўътабархон.
Дарҳақиқат, унинг яхшигина қалами "борлиги"га ёзганларини ўқиб амин бўлдим. Аслида Мўътабархон Тошкентдаги маданият техникумида кутубхоначилик йўналиши бўйича таҳсил олган. Олис Хўжаобод туманига келин бўлиб тушгач, туман маданият бўлимига қарашли 16- кутубхонада иш бошлади. Иш фаолияти давомида туман маданият бўлимида котиба, оммавий ишлар бўйича услубчи, бош услубчи вазифаларида ишлади.
Мўътабархон ҳозирда Дилкушод маҳалла фуқаролар йиғинида диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида маҳалладошларнинг ҳурматини қозониб келмоқда. Унинг маҳалла ишига фидойилиги, аҳоли, аёллар билан иш олиб боришдаги барча йўналишларда самарали иш олиб бораётгани кишини қувонтиради. Маҳалла ҳудудидаги 4-умумтаълим мактаби ўқитувчилари билан ҳамкорликда турли маънавий-маърифий, тарбиявий тадбирлар ўтказаётганлиги аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
М. Абидова маслаҳатчи вазифасини сидқидилдан адо этиш билан бирга, болалигидан ўрганган зардўзлик ҳунарини ҳам бирдек олиб бормоқда, ёшларга ўргатмоқда. Тиниб-тинчимас бу аёл қизи Муҳайё билан бирга гўзал зардўзлик буюмларини яратди. Айниқса, унинг шоира Зулфия, Бобур сиймолари, давлатимиз рамзлари акс эттирилган асарлари ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Мўътабархон ҳунарининг завқи ва заҳмати ҳақида тўлқинланиб гапиради:
- Табиат манзаралари акс этган асарлар ўзи сўзлайди. Ҳар бирининг ўз кайфияти бор. Инсон ўзи севган машғулотидан илҳом олади. Мен ҳам маҳалладошларим қувонч-ташвишларига елкадош бўлиб, улардан куч ва илҳом оламан, шунинг баробарида янги-янги зардўзлик асарларини яратишга ошиқаман...
Изланувчан, ижодкор аёл мана неча йилдирки, ўз ижод маҳсуллари билан кишиларга завқ улашиб келмоқда. Туман, вилоят миқиёсидаги турли тадбирлар, "Ташаббус", "Йил аёли" каби танловларда фаол иштирок этган, қатор танловларда ғолибликни қўлга киритган.
Мўътабархон турмуш ўртоғини бевақт йўқотди. Ҳамиша керакли маслаҳатлари, далдалари билан қўллагувчисининг ёнида йўқлигини, дардларини севган иши, ҳунари ва ижоди билан енгади. Кўнгил кечинмаларини шеърга солади, зардўзлик ишларига муҳрлайди. Фарзандлари - Муҳайё, Муҳаббат ва Сайфиддин онасининг суянчлари. Уларга қараб ҳаёт гўзаллигини ҳис қилади. Маҳалланинг минг бир юмушларидан ортиб, одамларга гўзаллик ва эзгулик улашишга интилувчи бу аёлга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.
Раҳимахон
АБДУРАҲМОНОВА.
|