№21, 21.05.2015 "ОИЛАМ - БАХТИМ МЕНИНГ"
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан "Кексаларни эъзозлаш йили" давлат дастурининг тегишли бандларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Халқаро оила кунига бағишланиб, "Оилам - бахтим менинг" деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
З. М. Бобур номли вилоят театрида бўлиб ўтган тадбирнинг очилиш маросимида вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова сўз олиб, барчани байрам билан муборакбод этди. Шунингдек, мамлакатимизда, айниқса, истиқлол йилларида оилаларни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш, оиланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, оилаларимиз қанчалик барқарор, мустаҳкам бўлса, жамиятимиз юксалиб бораверади. Шу маънода ўтказилган тадбирнинг асосий мақсади ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, намунали оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилди.
Тадбирда "Энг аҳил оила", "Энг маърифатпарвар оила", "Энг китобхон оила", "Энг намунали спортчилар оиласи", "Энг тадбиркор оила" сингари 17 та номинация бўйича ўтказилган танловлар ҳамда " Маҳалламиз маликалари" кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар иштирокидаги бадиий дастур барчага хушнудлик улашди.
Шундан сўнг байрам тантаналари Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган оилалар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирокида халқ сайли тарзида давом этди.. Айниқса, "Энг пазанда оила" танлови жуда қизиқарли ўтди. Танловда иштирок этган оилалар халқимизнинг шоҳ таоми - палов тайёрлаш ва дастурхон безаш бўйича ўзаро беллашдилар.
- Халқимизда аҳиллик бор жойда қут-барака бўлади, деган ҳикмат бор. Шу боис ҳам оиламизда аҳилликни маҳкам тутишга алоҳида эътибор қаратамиз, - дейди Қорасув шаҳридаги Б. Аҳмедов номли маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳакимахон ая Эрматова. - Турмуш ўртоғим билан 50 йил аҳил яшадик, 4 нафар фарзанд тарбиялаб, уларни ўқитдик, юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказдик. Ана шу аҳиллигимиз боис ҳам "Энг аҳил оила" танловида ғолиб чиқдик.
Байрам тадбирида иштирок этган меҳмонлар, юртдошларимиз обод ва озод юртимиз тўй-тантаналар, байрамлар оғушида янада файзли, тароватли бўй кўрсатаётганлигини чин дилдан ҳис этдилар, юртимиздаги тинчлик, хотиржамликка шукроналик келтирдилар.
Мухтасар айтганда, мазкур байрам тадбири юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналик, оилани муқаддас билиш ва улуғлаш сингари туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|