№21, 21.05.2015 2015 йил - кексаларни эъзозлаш йили
БУГУНГИ ТИНЧ ВА ФАРОВОН ҲАЁТГА ЕТКАЗГАНИГА ШУКУР,
- дейди андижон тумани дархон маҳалласида яшовчи қимматхон момо саримсоқова.
Инсон умрини оқар сувга қиёслайдилар. У бошланган ирмоқдан ўз йўлида не-не манзилу маконларни кўриб, гоҳо равон йўллардан оқиб ўтиб, гоҳо тўсиқларга учраб, тошларга урилса-да, барибир олдинга интилаверади. Умр бир жойга бориб, ортга боққанида эса, босиб ўтган йўлларидан машаққатлар ортда қолганини, ўзи қолдирган эзгулик меваларини ёхуд дилни изтиробга солувчи манзараларни кўради.
Андижон тумани Хакан қишлоғи Дархон маҳалласида истиқомат қилаётган Қимматхон момо Саримсоқова эса ўтган ҳаётига боқиб, фақат яхшиликларни кўриб, қувонади. Ҳа, момо кўплар ҳавас қилса арзийдиган, ибратли умр кечирди. Умр йўлларидаги машаққатларни сабр, матонат билан енгиб ўтиб, саодатли умр соҳибасига айланди.
Қимматхон момонинг болалик, ўсмирлик даври айни Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Ўша давр қийинчиликлари уни ҳаётга теран фикр, сабр ва матонат билан қарашни ўргатди.
- Уруш бошланганда 12 ёшли қизча эдим, - дейди ўша машъум йилларни эслаб Қимматхон момо. - Мактабга борардим. Дарсдан келиб опаларим билан онамнинг олдига - далага ишга борардик. Берилган бир бурдадан нонни еб тўймасдик. Ширин хаёллар билан ухлаб қолардим. Ундай машаққатлар ҳеч қачон бўлмасин, илойим.
Бу орада уруш тугади, ҳам мактабни тамомлаган Қимматхон момо 1947 йилда Андижон шаҳрининг ҳозирги Янги бозор ҳудудида жойлашган "Воладарский" номли тикувчилик фабрикасига ишга кирди. Ёш, интилувчан қиз сидқидилдан меҳнат қилди. Кўп ўтмай урушдан кўксига орден ва медаллар тақиб қайтган Турсунбой Саримсоқов билан турмуш қурди. Ёш оила биргаликда "рўзғор араваси"ни тортиб, ҳаётлари аста-секин яхшиланиб борди. Адашхон, Тўлқинбек ва Улуғбек исмли фарзандларларини оқ ювиб, оқ тараб ўстирдилар. Ўзлари кўрган қийинчиликларни фарзандлари кўрмаслиги, етмаган орзуларига фарзандлари етишини истаб, меҳнат қилдилар. Уларни ўқитиб, эл-юртга қўшдилар.
Турмуш ўртоғи Турсунбой ота билан узоқ йиллар бирга яшаб, чиройли ҳаётлари, самимийликлари, камтар ва меҳнаткашликлари билан халқ орасида ҳурмат ва эъзоз топдилар. Ўғиллари Тўлқинбекнинг автоҳалокат туфайли оламдан барвақт кўз юмуши уларнинг сабрини яна синовдан ўтказди. Фарзанд доғини кўтара олмаган Турсунбой ота ҳам вафот этди. Бу йўқотишлар Қимматхон онанинг юрагида чуқур изтироб қолдирган.
Мустақиллик шарофати билан Дархон маҳалласи марказида уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат тариқасида "Хотира майдони"ни барпо этилди. Бу ердаги хотира монументига турмуш ўртоғи Турсунбой отанинг номи ҳам ёзиб қўйилди.
Қимматхон момо ўғли, турмуш ўртоғи, опалари Қундузхон ва Рўзихонлардан айрилди. Бу йўқотишларни енгиб ўтиш осон кечмади. Сабр, меҳнат, яхши инсонларнинг кўмаги билан барча қийинчиликларни енгиб ўтди. Бугун момо 14 нафар набираси, 10 нафар чевараси ардоғида кексалик гаштини суриб яшамоқда. У бугунгидай фаровон кунларга етгани, тўкин-сочин, тинч замонда яшаётгани, асосийси, набиралари ўзи орзу қилган, ўзи кўрмаган шароитларда ўсиб-улғаяётгани учун Яратганга шукроналар айтиб, қўллари ҳамиша дуода.
- Шундай тинч ва фаровон ҳаётга етказганига шукур, ҳаётимизга асло кўз тегмасин, - дейди Қимматхон момо. - Юртимиз кундан-кунга обод бўлмоқда, нимани истасак, ҳамма нарса муҳайё. Айниқса, биз кексаларга кўрсатилаётган эътибордан қувонмай бўладими?! Бунинг учун юрт катталарига, Юртбошига раҳмат.
Қимматхон момодай дуогўй оналаримиз борлиги учун ҳам юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, хонадонларимиз файзлидир. Ҳаётлари ибрат намунаси бўлган нуронийларимизнинг умрлари узоқ бўлсин.
Зуҳра ХОЛМАТОВА.
|