№21, 21.05.2015 ИСРОФДАН САҚЛАНАЙЛИК
Аллоҳ таоло инсонга ақл-идрок, фаҳм-фаросат ато этиб, уни барча маҳлуқотлардан устун қилиб қўйди. Шу билан бирга, берган неъматларига шукур қилишни, ҳаётимиз давомида улардан ўз ўрнида, исроф қилмай фойдаланишни буюрди.
Ҳадисларнинг бирида: "Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди", дейилади. Яна бир ҳадисда эса "Ишларнинг яхшироғи - ўртачасидир", деб айтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг юқоридаги ҳадисларидан шундай хулоса қилинадики, инсон ўзини қилаётган тадбирларида исрофга йўл қўймасдан тежамкорлик билан иш қилишлиги олий фазилатлардан бири эканлиги кўринади.
Минг афсуски, кейинги пайтларда инсонлар орасида исрофга йўл қўяётганлар ҳам тез-тез учраб турибди. Халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ берган фарзандни уйлаш ёки қизни турмушга узатиш каби тантаналар борки, бундай қадриятлар қон-қонимизга сингиб кетган. Лекин ана шу маросимларни ихчамлаштириш, камчиқим қилиб ўтказиш ўрнига уларни дабдабали ўтказиш, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйишдек иллатларни одатга айлантириб олмоқдамиз.
Ҳаддан ортиқча манманлилик ва риёкорлик билан ўтказиш, одамлар мени тўй қилганимни, қўша-қўша қозонларда ош дамлаганимни кўча-кўйда гапирсинлар деган мақсадда қилаётганлар ортиқча сарф-харажат қилиш билан гуноҳкор бўлаётганликларини англаб етишлари керак.
Кўплаб тўйларимиз дабдаба билан ўтказилаётганлиги динимизда қораланади, қолаверса, ҳаётий мезонларимизга ҳам зиддир. Мисол учун, оддий расмий никоҳдан ўтиш маросимига ўн-йигирмата машинада чиқилиши, куёв болани ҳар хил егуликлар билан тузалган махсус сўрига ўтказишлик - бу риёдан ўзга нарса эмас. Ана шу каби салбий одатларни урфга айлантираётганлар, билсинки, бундай кўз-кўз қилиб тўй қилиш гуноҳдир.
Айниқса, бугунги кунда қиз чиқарган томонга машаққат ва жабр бўлмоқда, келин олаётган томон бизга сизларнинг ортиқча нарсаларингиз керак эмас, деб айтиш ўрнига фалон-фалон нарсангиз кам экан дейишлик билан овора. Кейинги пайтларда келиннинг сепига қўшилиб келадиган буюмлар сони ҳам кўпайиб кетди. Эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Ахир бу қудаларнинг бир-бирларини қийнашдан ўзга нарса эмас. Ана шу буюмларни келин-куёв ҳаётлари давомида меҳнат қилиб, маблағ топиб, ўзлари олса, мақсадга мувофиқ бўлмайдими?
Шаръий нуқтаи назардан йигит киши бир қизни никоҳига олса, уни нафақаси ва кийим- бош билан таъминлаши йигитни вазифаси ҳисобланади. Тўғри, йигитларимизнинг аксарияти ана шу бурчни бекаму кўст адо этмоқда. Аммо айрим йигитлар борки, келиннинг ортидан бир кунда уч маҳалдан келадиган маъзарга, ҳатто, буюртма овқатларни буюриб, ўша таомларга кўз тикиб ўтиришни ўзларига эп кўраётганлиги дилимизга оғриқ солади. Наҳотки, улар уят, орият деган туйғулардан узоқ бўлса, деб ўйга толамиз.
Ахир бизнинг ота-боболаримиз ақл-заковатли, ғурури мустаҳкам, орияти баланд ҳамда таъмадан йироқ инсонлар бўлган. Наҳотки, бугунги авлоднинг айрим вакиллари ана шундай муқаддас қадриятларимизни унутиб қўйишган бўлса? Наҳотки, айрим опа-сингилларимиз келиннинг одоб-аҳлоқи, тарбияси, уқувидан кўра, унга берилган матолар, кийим-кечаклар, қайнонасига қилинаётган сарполарни баланд қўйса? Ўғлининг бахтини шу мато ва буюмларга тенглаштираётган ота-оналаримиз калтабин кишилардир.
Тўйдан олдин қудалар ўзаро маслаҳатлашса, ортиқча олди-бердиларни йўқотишни, маҳалла фаоллари, ёши улуғ инсонларни чақириб, тўйни исрофгарчиликларсиз, тежамкорлик билан ўтказишни келишиб олсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Демак, ҳаддан ошиш, исроф, "фалончидан мен камми", деб манманлик ва риёкорлик билан тўйларга, маросимларга керагидан ортиқча сарф-харажат қилиш ҳам ақлан, ҳам шаръан тўғри эмас, яъни гуноҳ иш ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни имонли, инсофли, гуноҳдан қўрқадиган ва тавба қиладиган бандаларидан бўлишлигимизни насиб этсин.
Ҳожиакбар ЯҲЁЕВ,
Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом"
жомеъ масжиди имоми.
Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра"
жомеъ масжиди имоми.
|