Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№21, 21.05.2015

Турмуш чорраҳаларида

САБР ФАРИШТАЛАРИ

Машина шаҳарнинг гўзал манзараларини тарк этиб, икки чети боғ-роғ бўлган текис ва равон йўлдан елдай учиб бормоқда. Ҳайдовчи йўловчиларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида машинанинг магнитафонини қўйди. Бироқ бу уларга ёқмади чоғи, бири:- Ука, магнитафонингизни ўчириб қўяверинг, гаплашиб кетайлик, - деди зериккани шундоққина билиниб.

- Рост, суҳбатлашиб кетсак, йўлнинг узоқлиги ҳам билинмайди, - дея тасдиқлади иккинчи аёл ва ўзи гап бошлади:

- Фарзандларга ота-онанинг исмини қўйиб бўлмас экан. Ўғлим Шокиржон шу кунларда ўтиш ёшида. Қайнонам ўғлимга отасининг исмини қўйган. Болани на ура оламан, на дакки бера оламан. Анчагина қўрс бўлиб боряпти.

- Ўғлингизнинг тарбияси билан отаси шуғуллансин, - гапга қўшилди орқа ўриндиқда ўтирганлардан бири.

- Вой, опажон, қани ўша дада? Эрим оилада ёлғиз фарзанд эди. Онасининг қаршилигига, яхшигина ҳунари борлигига қарамай, хорижга ишлагани кетган. Ўн йилдан бери қорасини кўрсатмайди. Эшитишимга қараганда, у ёқда бир татар аёлга уйланиб олганмиш. Мен бу ёқда уйим-жойим, болаларим, қайнонам деб юраверибман. Эрим кетаётганда ўғлим олти яшар бола эди. Мана ҳозир ўн олтига киряпти. Қизим коллежда ўқийди. Оилани бутлаш учун не кунларни кўрмади бу бош... Фарзандларни отасиз катта қилишнинг ўзи бўлмайди. Ишладим, уй-жойларни ўнгладим. Қайнонамни ҳам ёш боладай парвариш қилдим. Болаларим дадасини соғиниб гапирганларида, уларга билдирмай йиғлаб-йиғлаб оламан. Уларни юпатаман: "Дадангиз тез орада келиб қолади". Болаларим эса "Яна қайтиб кетмайдими?" дея сўрашади. "Йўқ, келса, биз билан бирга яшайди", дейман аранг. Уларнинг отасидан кўнгли қолмасин дейман-да. Шу кунларда қайнонам анчагина оғрияпти. Ўғлига: "Тез етиб кел. Қаттиқ оғрияпман. Келмасанг, рози бўлмайман", деб қўнғироқ қилибди. Энди эрим келармиш. Ўғлимниям олиб кетармиш. Болам ишга яраб қолганида, харидор бўлганини қаранглар...

- Ҳалиям қайнонангизникида ўтирибсизми? - гап ташлади яна бир аёл.

- Ҳа, қайнонамни қандай ёлғиз қолдириб кетаман? Унинг биздан бошқа ҳеч кими йўқ. Ўзим онасиз катта бўлганим учун уларни онам деганман. Набираларини жонидан ортиқ кўради. Ўғлидан хафа бўлади. Бир-биримизни юпатиб яшаяпмиз-да.

Шу пайт орқада ўтирган аёллардан бири ҳам ўз дардини айтиб қолди:

- Иккаламизнинг тақдиримиз бир хил экан. Менинг эрим ҳам хорижда. Бу йил ўн икки йил бўлди. Аввалига унча-мунча пул юбориб турди. Тўрт-беш йилдан кейин дом-дараксиз бўлиб кетди. Бор-будимни тўплаб уни излаб, ортидан бордим. Қай кўз билан кўрайки, бир рус аёлига уйланиб олибди. Битта қизи ҳам бор экан. Мени совуққина қарши олди. Ҳатто, болаларини сўраб ҳам қўймади. Бу ҳам майли, менга айтган гаплари юрагимни куйдириб юборди. "Бекор ортимдан келибсан. Кўряпсан, уйланганман. Мени қайтаришни хаёлингга ҳам келтирма. Аҳволингни бир қара. Сени, хотиним, дейишга уяламан. Бошинг очиқ", деган ҳақоратлари ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Ўша куниёқ ортимга қайтдим. Поездда кетяпману, ҳудди мен учун ҳаёт тугагандай эди. Аммо ички бир куч "У ўзимни қурбон қилишимга арзимайди. Икки дунёимни куйдиришдан нима наф? Ўша номардга ҳали ўзимни кўрсатишим керак!" дея мени енгилмасликка чақирарди.

Бир-икки ой ўзимга келолмай юрдим. Кейин ўзимни қўлга олдим. Ўғлимни новвойга шогирд қилиб бергандим. Устози дуо бергач, уйимизга тандир қуриб, новвойлик билан шуғулландик. Қизимни чеварликка ўргатдим. Сармоямизни тўплаб, уйларимизни янгиладик. Қизимни турмушга бердим. Неваралар қуршовида яшаяпман.

- Эрингизнинг тақдири нима бўлганини билмадингизми? - сўради ҳамроҳи.

- Эрим совуқда юравериб қаттиқ касал бўлиб қолибди. Хотини уйидан ҳайдаб чиқарибди. Уникида, буникида яшаб юрганмиш. Қайтиб келмоқчимиш...

Афсуски, юқоридаги каби воқеалар оз бўлса-да, ёнгинамизда содир бўляпти. Айрим эркаклар ғурурни оёқости қилиб, осонгина оиласидан, фарзандларидан воз кечмоқдалар. Бироқ халқимизда шундай доно мақол бор: "Ким қилмагай, ким тортмагай". Машина ойнасидан ташқарини кузатиб кетарканман, ҳар жабҳадаги яратувчанликни кўриб, дилим яйрайди. Далаларда иш қизғин, йўллар созланмоқда, намунали уй-жойлар барпо этилмоқда, тадбиркорлик ривожланмоқда. Ҳалқимиз узоқнинг буғдойидан, яқиннинг сомони яхши, деб бежиз айтилмаган. Ўз юртида топганига қаноат қилмай, ўзга тупроқни ҳавас қилган, оиласига хиёнат қилган, бурч ва садоқатни унутган, келажагидан айрилиб бораётган айрим субутсиз эркакларга раҳмим келади. Улар ўзлари танлаган тубанлик ботқоғига тобора ботиб бораверадилар.Оиласи шаъни, қадр-қиммати учун курашган аёллар эса юксалаверадилар.

Ёшлигини хиёнатга бой берган, оила деган сўзни муқаддас билган, нозик елкаларига рўзғорнинг оғир юкини олган, умрини фарзандларига бахшида этган аёлларга қараб, уларни беихтиёр "сабр фаришталари" дегим келади.

Соҳибахон ҲОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди